Тадбиркор, меҳнатсевар киши учун томорқа кони фойда. Ҳеч қачон ҳозиргидек даромад қилиш, ердан оқилона фойдаланиш учун имкониятлар, шарт-шароитлар бўлмаган. Туманимиздаги «Ширин» қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи кўплаб оилалар ўз томорқаларида етиштирилган маҳсулотларни бозорда сотиб, яхшигина даро-  мад қилиб ке-  лишяпти.

Ана шулардан бири «Чуст кўча» маҳалласида яшовчи Муҳайдинжон Бозоровлар оиласидир. Оилага тегишли тўққиз сотихли ҳовлининг икки сотих жойида ташкил этилган «қишки боғ»да турли дарахт ва гул кўчатлари парваришланаётган бўлса, қолган қисмида кўча ва хиёбонларимиз  чиройига кўрк бағишловчи 100 турдаги гул кўчатлари парваришланмоқда.

Гўзалликка ошно оила аъзолари наинки гул шайдоси, балки қушлар, турли-туман антиқа паррандалар боқишга ҳам ишқибоз эканлар. Ихчам, бежирим қурилган катаклардаги турли хилдаги товуслар киши кўзини яшнатади.

-Товус боқишни йўлга қўйганимизга кўп вақт бўлгани йўқ. Парваришлаётган товус қушларимиз сони 10 бошга етди, -дейди М. Бозоров.- Ўтган йили товус тухумларидан 22 бош жўжа чиқардик. Қизиқиш учун тустовуқ парваришлашдаги тажрибамизни интернетга жойлаштиргандик, Жўжаларимизга харидорлар кўпайиб кетди. Ҳатто Бухоро, Хоразм вилоятларидан ҳам харидорлар келишди.

Ҳар тугул жўжалардан яхшигина даромад олдик.

Муҳайдинжон Бозоров, унинг турмуш ўртоғи Марҳабожон, фарзандлари Маъмуржон ва Умиджонлар оила фаровонлигини яхшилаш йўлида тинмай меҳнат қилиш баробарида юртимизни обод ва ораста масканга айлантиришни ўзлари учун шараф, деб билувчи инсонлар саналишади.

Бундан икки йилча олдин улар Гўрмирон қишлоғи четидаги яндама, тошлоқ жойдан беш сотих ер очиб, мўъжазгина иссиқхона ташкил этишди.

Иссиқхонага дастлаб 60 туп лимон кўчатлари экишди. Орасига эса помидор, кўкат, саримсоқпиёз экиб, парваришлашди.

-Биринчи йили лимон ораларига экилган помидордан бир миллион сўм соф даромад кўрдик,-дейди М. Бозоров.- Бу йил лимон кўчатлари ҳам дастлабки ҳосилни берганди, янгилик сифатида қариндош-уруғ, қўни-қўшниларга тарқатдик.

Бундан ташқари иссиқхонамизда мандарин, апелсин, цитрон, каламандил, лайн каби цитрус мевалар, лавр япроғи, банан парваришлаяпмиз.

Зайтун ҳосилга кирди. Меҳнатимиз, томорқа ва иссиқхонадан олаётган даромадимиз ҳисоби-дан уй қуриб, тўйлар қилаяп-        миз.

Ҳа, меҳнат қилган элда азиз, деб халқимиз бежиз айтмаган. Муҳайдинжон ва унинг оила  аъзолари ҳалол меҳнатлари билан бундай шарафга муяссар бўлишяпти.

Маҳмуджон Эсонов.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.