И. Ҳусенов Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ерга деҳқоннинг муносабати ҳақида билдирган: «Биз ерга қанчалик меҳрли, саховатли бўлсак, ер ҳам бизга шунча саховат кўрсатади» деган ҳикматомуз сўзларини ўзи учун дастуруламал деб билганлиги туфайли ҳам йилдан-йилга ютуқларга эришиб келмоқда.

-Юртбошимиз биз деҳқонлар учун йўл-йўриқ бўладиган бундай сўзларни кўп бора айтган эдилар. Ҳақиқатдан ҳам она тупроғимизни қанчалик эъзозласак, у ҳам биздан бор бисотини аямайди,-дейди суҳбат чоғида Исломжон Ҳусенов.

Исломжон она заминни эъзозлайди. Ҳар қаричини муқаддас деб билади. Шу боис ҳам ҳар йили шартнома режаларини туманда биринчилардан бўлиб бажаради. Амалдаги йилда ҳам шундай бўлди. Пиллачилик, ғаллачилик ва пахтачиликда унинг олдига тушадиган топилмади. Айни кунларда 39 гектар майдонга эккан ғалла уруғи бир текисда ундириб олинди. Қуёш нуридан, деҳқон меҳридан баҳра олиб ўсаётган ғалла майсалари кўзни қувонтиради. Дала бошига экилган арча, каштанлар ҳавасингизни уйғотади.

Интилувчан, фидойи фермер бошчилигида хўжалик аъзолари бугун нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирмоқда, балки кўп тармоқлиликни ривожлантиришга ҳам эътибор бермоқда. Интенсив боғ орасига плёнка остида экилган картошка, укроп, кўкат, редиска, эртанги сабзини кўриб дилингиз яйрайди.  Мўъжазгина иссиқхонадаги лимонларни кўрсангиз, кайфиятингиз кўтарилади. Қишли-қировли кунларга етарли миқдорда картошка, олма ва бошқа маҳсулотлар ғамлаб қўйилган.

Исломжон биладики, чорвачилик билан шуғулланган киши асло кам бўлмайди. Наслли қорамолларнинг турган-битгани фойда. Парвариш тўғри олиб борилса бўлгани, даромад ҳам мўл бўлади. Иш ўринлари яратилади. 28 бош соғин сигир меҳр билан парвариш қилинмоқда.

Исломжон Ҳусенов халқ депутатлари Косонсой туман Кенгаши депутати. Унинг бу борада олиб бораётган ишлари ҳам чакки эмас.

Бир сўз билан айтганда, Исломжон Ҳусеновнинг иш тажрибаси ўрганишга лойиқ. У ҳақда кўп ва хўп ёзишимиз мумкин. Ички имкониятларимизни ҳисобга олган ҳолда ишбилармон, тадбиркор фермер ҳақида ёзган мақолимизга шу ерда нуқта қўйдик.

А. Олимов, М. Акрамов.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.