Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида истиқлолнинг илк кунларидан мамлакатимизда боғдорчиликни ривожлантириш ва уни сердаромад соҳага айлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар бугун ўз самарасини бермоқда. Хусусан, туманимиз боғбонлари ҳам халқимизни турли - туман мевалар билан таъминлаб келишмоқда.

Бугун боғбонларимиз нафақат бозорларимизни мева маҳсулотлари билан таъминлаш, балки хорижга экспорт қилиш ишига ўта муҳим вазифа сифатида қарашмоқда. Бунинг учун юртимизда етарли имконият ва шарт - шароитлар яратилган.

«Роҳатой чаманзори» агрофирмасида  боғларни даромад манбаига айлантириш, бунинг учун зарур агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш, боғ ораларига тўқсон -босди экинлар экиб, даромад олиш каби масалаларга бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

Унда тумандаги боғ эгалари, фермер хўжаликлари, ММТП, агрофирмалар, қишлоқ хўжалик тизимидаги қатор ташкилотлар раҳбарлари ва мутахассислари иштирок этишди.

-Туман ҳокимлиги ташаббуси билан ушбу кўргазмали  семинарни айнан бизнинг агрофирмамизда  ўтказилиши бежиз эмас, - дейди «Роҳатой чаманзори» агрофирмаси раиси Акбархон Эшонов. - Ҳудудимизда 350 га боғ мавжуд бўлиб, боғбонларимиз етиштираётган маҳсулотлар наинки туманимиз, балки вилоятимиз бозорларини безаб турибди. Бу жараёнда эса тадбиркор боғбонларимизга яратилган имкониятлар қўл келмоқда. Р. Сафаров, А. Азизов, М. Саидов, Қ. Бурхонов, М. Бурхонов каби ўнлаб боғбонларимиз борки, улар боғни катта даромад манбаига айлантиришган.

Кўргазмали семинарга тайёргарлик жараёнида бир қатор камчиликлар борлиги ҳам кўзга ташланди. Унда иштирок этган туман ҳокими Б. Юсупов боғбонлар олдида турган долзарб вазифаларга атрофлича тўхталиб ўтди.

-Ишбилармон, тадбиркор боғбон доимо янгиликка интилиб яшаши керак,-деди туманимиз раҳбари. - У изланишдан тўхтамаслиги талаб этилади. Бугуннинг муҳим вазифаси интенсив технология асосида боғ яратиш иштиёқида бўлганлар сафини янада кенгайтиришимиз лозим. Бунинг учун боғбонларимизни билим ва тажрибаларини оширишга эътиборни кучайтиришимиз керак. Бу боғларда етиштирилган мевалар нафақат бозорларимизни безаши, балки четга экспорт қилиниши керак ва бу ишни изчил йўлга қўйишимиз талаб этилади. Бундан биринчи навбатда ким наф кўради? Албатта, боғбоннинг  ўзи.

Бунинг учун мамлакатмизда етарли шарт - шароит, имконият яратилган. Тадбиркорлик субъектига ўз маҳсулотини таш-қи бозорларга чиқариш бўйича ҳуқуқий, молиявий ва ташкилий хизматлар жорий қилинган. Бу имкониятдан фойдаланиш зарур. Қолаверса, мева-сабзавотни сақлаш, қайта ишлаш, боғ оралиқларига экинлар экиб, даромадни кўпайтириш борасида ишбилармонлик лойиҳалари учун берилаётган имкониятлардан фойдаланмоқчи бўлганлардан ёрдамимизни аямаймиз.

-Бундан чорак аср муқаддам, хусусий боғ, ер эгаси деган атамалар йўқ эди, - дейди миришкор боғбон Равшанжон Сафаров. - Истиқлол шарофати билан қишлоқ аҳли мулкдор, ер эгаси бўлди. Бу имкониятдан фойдаланиб, 2007 йили оилавий 1 гектар боғ барпо этдик. Бунинг самараси-оиламиз аъзоларидан уч-тўрт киши иш билан таъминланди. Меҳнатимизга яраша даромад топиб, турмушимиз фаровонлашиб бормоқда. Бу йил ҳам беҳидан мўл ҳосил олдик. Демак яна даромад кўрамиз.

Бугунги семинар давомида ҳали олдимизда қилиниши лозим бўлган кўпгина ишлар борлигини билиб олдик. Билдирилган маслаҳат ва йўл - йўриқлар, топшириқлар ўз фойдамизга хизмат қилишини қалбан ҳис қиляпмиз.

Семинарда ҳар бир боғ-ток эгасига эслатма-тавсиялар берилди. Режа асосида уларни бажарилиши бўйича жойларда кўриклар ўтказилиши белгилаб олинди.

А. Олимов,
М. Акрамов.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.