Савол: -Хусусий тадбиркор ўзининг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун неча нафар ходим ёллашга ҳақли?

Жавоб: -Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 31 июлдаги 219-сонли қарори билан тасдиқланган “Хусусий тадбиркорлар томонидан ходимларни ёллаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 4 ва 5-бандларига кўра, хусусий тадбиркор ходимларни ёллашда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 январдаги 6-сонли қарори билан тасдиқланган Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатида назарда тутилган фаолиятнинг амалга ошириладиган турига боғлиқ ҳолда ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ бир нафардан уч нафаргача миқдорда амалга оширишга ҳақлидир. Бир неча фаолият турлари билан шуғулланадиган хусусий тадбиркор, фаолиятнинг турлари сонидан қатъий назар, уч нафардан кўп бўлмаган ходимларни ёллаш ҳуқуқига эга.

Хусусий тадбиркор билан меҳнат муносабатларини ўрнатган жисмоний шахсларга хусусий тадбиркор сифатида қаралмайди ва улар хусусий тадбиркор номидан ҳуқуқий ҳужжатларни имзолаш ҳуқуқига эга эмас.

***

Савол: -Хусусий тадбиркор ва у томонидан ёлланган ходим ўртасидаги меҳнат муносабатларининг ўзига хос хусусиятлари нималардан иборат?

Жавоб: -Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 31 июлдаги 219-сонли қарори билан тасдиқланган “Хусусий тадбиркорлар томонидан ходимларни ёллаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 6-14-банд-ларига асосан, хусусий тадбиркор томонидан ёлланган ходим ўртасидаги меҳнат муносабатлари ушбу Низомда назарда тутилган хусусий тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш хусусиятларини ҳисобга олган меҳнат қонунчилиги билан тартибга солинади. Хусусий тадбиркор ходимларнинг қонунчиликда белгиланган меҳнат ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаши шарт. Ходимни ёллашда (ишга қабул қилишда) хусусий тадбиркор унинг билан ушбу Низомнинг 2-иловасидаги шаклига мувофиқ ёзма меҳнат шартномасини тузади. Ходимнинг аҳволини қонунчилик нормаларига нисбатан ёмонлаштирадиган меҳнат шартномаси шартлари ҳақиқий ҳисобланмайди. Меҳнат шартномасининг муддати давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддатидан ошмаслиги керак. Меҳнат шартномаси уч нусхада тузилади, улардан биттаси хусусий тадбиркор солиқ бўйича ҳисобга олинган жойдаги давлат солиқ хизмати органига берилади, иккинчиси хусусий тадбиркорда, учинчиси эса-ходимда қолади. Меҳнат шартномасида хусусий тадбиркорнинг имзосини муҳр билан тасдиқлаш, шунингдек ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ расмийлаштирилиши талаб қилинмайди. Ходимга хусусий тадбиркор томонидан меҳнат дафтарчаси юритилмайди. Хусусий тадбиркорда ёллаш бўйича ишлаган иш даврлари унинг учун ушбу даврларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан таш-қари пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда ходимнинг меҳнат стажига қўшилади. Ходимнинг меҳнат стажини ҳисоблаш унинг учун Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланганлиги тўғрисидаги маълумотлар асосида амалга оширилади.

Саволларга Бошпрокуратура ҳузуридаги

Департаментнинг туман бўлими суриштирувчиси

Олимжон Садритдинов жавоб берди.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.