Қишлоқ хўжалиги ходимлари эл-юрт маъмурчилиги, аҳоли фаровонлиги, дастурхонларимизнинг тўкин-сочинлигини таъминлашда фидойилик кўрсатаётган соҳа вакиллари ҳисобланишади. Шу боис ҳам, мамлакатимизда аграр соҳада босқичма босқич ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда.

Вилоят прокуратураси органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 12 апрелдаги «Мева, сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2520-сонли қарори қабул қилиниб, унинг ижроси юзасидан вилоятда бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Шу билан бирга мазкур қарор ижроси юзасидан қатъий  прокурорлик назорати ҳам ўрнатилган.

Қарорга асосан вилоятда 2016 йилда давлат буюртмаси учун жами 275,2 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш белгиланган.

Қарор ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимининг тегишли қарори тасдиқланиб, унга кўра давлат буюртмаси асосида мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум харид қилишнинг умумий ҳажми 362,9 минг тонна қилиб белгиланган.

Бугунги кунда қайта ишлашга 129,9 минг тонна, экспорт учун
103,6 минг тонна, захира учун 39,8 минг тонна маҳсулот етиштириш бўйича шартномалар тузилди. Мева-сабзавот маҳсулотларини экспортга йўналтириш бўйича 19 та корхона томонидан 133,9 млн. долларлик чет эл корхоналари билан 29 та экспорт шартномалари имзоланган.

Масалан, Наманган шаҳридаги «Замин дизайн монтаж», Косонсой туманидаги “Косонсой фруитс”, Тўрақўрғон туманидаги “Истиқлол парранда барака”, Учқўрғон туманидаги «Учқўрғон Ниҳол Экспорт» МЧЖларининг ҳар бири 10,0 млн. долларлик шартномалар тузишган.

Жорий ой ҳолатига 10 та корхона томонидан 2 млн. 690 минг долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти амалга оширилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 5 январдаги “2016 йилда мева-сабзавот, полиз ва картошка етиштиришни кўпайтириш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш бўйича белгиланган прог-ноз кўрсаткичлари бажарилишини таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги йиғилиш баёнига асосан вилоятда ушбу йўналишга жами 16910,0 минг доллар миқдорида инвестиция маблағлари сарфланиши режалаштирилган. Натижада 377 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича Республика комиссиясининг қарорига асосан сабзавотчилик-полизчилик, боғдорчилик-узумчилик йўналишидаги фермер хўжаликлари тасарруфидаги ер участкалари ҳажмларини мақбуллаштирилиши натижасида фермер хўжаликлари сони 7803 тага ёки 4157 тага кўпайган.

Вилоятда 24528 гектар асосий майдонларнинг 15069 гектарига сабзавот, 7338 гектарига картошка ва 2120 гектарига полиз экинлари экилиши режалаштирилган бўлиб, ушбу майдонларга белгиланган экинлар тўлиқ экилди. Бундан ташқари, ғалладан бўшаган 79 минг гектар ер майдонининг 44 минг 61 гектарига такрорий экин экиш режалаштирилган. Амалга оширилаётган бундай ижобий ишлар қувонарли. Бироқ...

Прокуратура органлари томонидан ўтказилган назорат тадбирларида бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

Масалан, Чуст туман ҳокимининг 12.01.2016 йилдаги қарори билан фуқаро М.Исомиддиновга 10,6 гектар ер майдони боғдорчилик йўналишида фермер хўжалиги ташкил қилиш учун тендер танлови ўтказилмасдан ажратиб берилган.

Учқўрғон туман ҳокимининг қарорига асосан “Машҳура-2000” фермер хўжалиги фойдаланувидаги жами 5,2 гектар ер майдони захирага қайтариб олиниб, ушбу ер майдонида пахта ва ғаллачилик йўналишида фермер хўжалиги ташкил этиш учун танлов ўтказиш белгиланган, аммо бунга амал қилинмай орадан 8 кун ўтгандан сўнг туман ҳокимининг қарорига асосан ушбу ер фуқаро Х.Ҳошимовга боғдорчилик йўналишида фермер хўжалиги ташкил этиш учун ажратиб берилган.

Мазкур ер майдонини ажратишда Вазирлар Маҳкамасининг 476-сонли қарори талабларига риоя қилинмай, танлов тўғрисида маҳаллий оммавий ахборот воситаларида эълон берилмаган.

Ер кодексининг 55-моддаси ҳамда “Дехқон хўжалиги тўғрисида”ги Қонуннинг 5 ва 8-моддалари талабига кўра, деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участ-касини олишга муҳтож бўлган фуқаролар яшаш жойидаги туман, шаҳар ҳокимига оиласининг  таркибини ва ер участкасининг мўлжалланган жойини кўрсатган ҳолда ариза беришлиги, бунда ер майдонлари оилали ва қишлоқ жойларда камида уч йил мобайнида яшаб турган фуқароларга мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш учун берилиши белгиланган. Шунингдек, деҳқон хўжалиги юритиш учун бериладиган ер участкасининг ўлчами якка тартибда уй-жой қуриш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга илгари берилган ёки бериладиган ер участкасини ҳисобга олган ҳолда аниқланиши қайд этилган.

Бироқ Учқўрғон туман ҳокимининг 2015 йиллар давомида қабул қилинган деҳқон хўжалиги юритиш учун ер ажратиш ҳақидаги қарорларида қонуннинг ушбу талабларига риоя қилинмаган ҳолда ер ажратиб берилган.

Бундан ташқари, мазкур қарорларда Ер кодексининг 15 ва 20-моддаларига зид равишда ажратилаётган ер майдонининг жойлашган контури ва фойдаланиш муддати кўрсатилмаган.

Масалан, туман ҳокимининг қарори билан фуқаролар С.Мирзажонов ва Д.Қўлдашеваларнинг ҳар бирига Янгиер ҚФЙ ҳудудида жойлашган туман ҳокимлиги захирасида бўлган ер майдонидан 0,35 гектардан ҳамда фуқаро Б.Солижановга 0,30 га, жами 1,0 га ер майдони қонун талабларига зид ҳолда деҳқон хўжалиги юритиш учун ажратиб берилган.

Туман ҳокимининг юқоридаги ноқонуний қарорларига нисбатан протестлар келтирилган.

Шунингдек, мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотларини экспорт қилинишини таъминлаш бўйича вилоят ҳокимининг 155-сонли қарори тасдиқланиб, унга кўра ихтисослашган 6 та туманда ойма-ой экспорт ташкил қилиш бўйича режа-графиклар тасдиқланган.

Аммо Янгиқўрғон туманида май ойида белгиланган 2740 минг долларлик маҳсулотларни экспорт режаси бажарилмай, ер участкаларини мақбуллаштириш ишлари, фермер хўжаликлари ва агрофирмалар ўртасида шартномалар тузилиши якунланмаган.

Айрим фермер хўжалиги раҳбарлари томонидан ажратиб берилган ер майдонлари бошқа мақсадларда фойдаланиб келинган.

Мисол учун, Янгиқўрғон туманидаги “Туркистон Садоқат иқболи” агрофирмаси ҳудудидаги боғдорчилик йўналишидаги “Тўрамирза Шоҳдиёр Зилола” фермер хўжалигида ўзбошимчалик билан 0.8 гектарга токзор ташкил этилган бўлса, “Сутли булоқ Бунёдкор” фермер хўжалигида 9 гектарга чорва озуқаси учун турли хил экинлар экилган.

Аксарият туманлардаги боғдорчилик йўналишидаги хўжаликлар томонидан боғ қатор ораларига экилган сабзавот экинлари мониторинги олиб борилмаган ва улар билан шартнома тузилиши йўлга қўйилмаган.

Масалан, Поп туманидаги “Бобур” фермер хўжалигида чорва озуқаси экилиши режалаштирилган 1 гектар майдонга режасиз пиёз экини экилганлиги аниқланган бўлсада, тегишли чора кўрилмаган. Ушбу ҳолатлар юзасидан 12 та фермер хўжалиги раҳбарларига нисбатан МЖтКнинг 65-моддаси 1-қисми билан маъмурий жавобгарлик чораси қўлланилиб, аниқланган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан туман ҳокими номига тақдимнома киритилган.

Вилоят прокуратураси органлари томонидан соҳада ўтказилган назорат тадбирлари давомида аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш тўғрисида 4 та тақдимнома, 33 та ноқонуний қарорларга нисбатан протест, 36 та огоҳлантирув, 2 та интизомий ва 46 нафар шахсга маъмурий жавобгарлик тўғрисида ишлар қўзғатилган.

Шундай экан, ерга бўлган муносабатда лоқайдлик, масъулиятсизлик, ўзбошимчалик ва суиистеъмолчиликка йўл қўйиб бўлмайди. Шундагина она ер ўз марҳаматини аямайди.

Б.КАРИМОВ, Ўзбекистон Республикаси

Бош прокуратураси бошқарма прокурори,                                                                              

М.ЖЎРАЕВ, вилоят прокуратураси

бўлим бошлиғи.                                                                             

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.