Баҳодир ЮСУПОВ, туман ҳокими.

Энг аввало, барчани саноқли кунлардан сўнг нишонланадиган энг улуғ, энг азиз байрам - Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 29 йиллик шодиёнаси билан самимий табриклайман. Юртбошимиз томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсатга ҳамоҳанг равишда ишлаш ва яшашга туманимиз аҳлини даъват этиб, қайсики соҳада бўлмасин, юқори натижаларга эришишимизга тилакдошман.  

Эътироф этиш жоиз, янгиланаётган Ўзбекистон шароитида ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос имкониятларидан келиб чиққан ҳолда тараққий топтириш масаласига давлат миқёсида эътибор қаратилмоқда.

Бу борада ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ташкил этилган секторлар тизими муҳим аҳамият касб этмоқда. Саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги ишларни кучайтириш юзасидан 2020-2021 йилларга мўлжалланган инвестициявий лойиҳаларда ҳам бу ўз аксини топмоқда. Масалан, айни шу йиллар ичида  умумий қиймати 610 млрд. 659 млн. сўмлик (шундан ўз маблағлари 362 млрд. 767 млн. сўм, банк кредити 105 млрд. 956 млн. сўм, хорижий кредит линияси 10081 минг АҚШ доллари ва хорижий инвестиция 4000 минг АҚШ доллари) 149 та лойиҳаларни ишга тушириш кўзда тутилган. Натижада 1778 та янги иш ўринлари яратилади. 2020 йилнинг ўзида 110 та лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш орқали мингдан зиёд кишини фойдали меҳнат билан таъминлаш режалаштирилган.

Қишлоқ хўжалиги йўналишида 43 та, саноатда 40 та, хизмат кўрсатиш бўйича 27 та лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган. Юқорида таъкидлаганимиздек, бу жараёнлар секторлар кесимида, ҳар бир иш ўзаро кенгашган ҳолда рўёбга чиқарилмоқда. Ҳозирги кунга қадар умумий қиймати 134,9 млрд. сўмдан иборат 44 та лойиҳалар ишга туширилиб, 489 та янги иш ўринлари яратилди.

"AS group tex" МЧЖ қўшма корхонаси томонидан 25,3 млрд. сўм миқдоридаги "Сочиқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлашни ташкил этиш" лойиҳаси орқали 72 та, "Аҳмадхон ҳожи Косоний" фермер хўжалиги томонидан 8,0 млрд. сўм миқдоридаги "Паррандачилик хўжалигини ташкил этиш" лойиҳаси орқали 15 та, "Ҳасанхон обод савдо маркази" МЧЖ томонидан 7,0 млрд. сўм миқдоридаги "Савдо комплексини ташкил этиш" лойиҳаси туфайли 30 та янги иш ўринлари ташкил этилди.

Туманда хорижий инвестицияларни тўғридан-тўғри киритиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2020 йил давомида ана шундай лойиҳалардан 15 тасини ҳаётга татбиқ қилиш режалаштирилган.  Жами 30.0 млн. АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестицияни ишлаб чиқаришга жалб қилиш белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 9 январдаги ПҚ-4563-сонли қарорида кўрсатилган 4 та лойиҳалар орқали 12,0 млн. АҚШ долларини ўзлаштириш кўзда тутилган. Яъни Хитойнинг "Chang Liang to'qimachi" MЧЖ томонидан текстил маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳасини, Россиянинг "AS Group Tex" МЧЖ томонидан сочиқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳасини, Исроилнинг "Super Gold agrobusiness" МЧЖ томонидан "Гидропоника усулида иссиқхона  қурилиши" лойиҳасини, Мисрнинг "Спринг фармацевтик" МЧЖ томонидан "Дори маҳсулотларини ишлаб чиқариш" лойиҳасини шулар қаторига киритиш мумкин.

 Бундан ташқари, Корея, Голландия, Ҳиндистон, Польша сингари давлатлар билан ҳамкорликдаги 11 та лойиҳа асосида иш олиб борилмоқда. Жорий йилнинг январь-июль ойлари мобайнида 10 та лойиҳалар орқали жами 11,8 млн. АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди.

Жорий йилнинг 2-ярим йиллигида 14,3 млн. АҚШ доллари миқдоридаги ана шундай инвестицияларни белгиланган муддатларда ўзлаштириш бўйича керакли чоралар кўрилмоқда. Бу сингари тадбирлар махсус тузилган режа-график асосида, хорижий ҳамкорлар билан биргаликда рўёбга чиқарилмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 майдаги 5032-сонли фармонига асосан "Косонсой-фарм" эркин иқтисодий зонаси ташкил топган. Бунинг учун жами 103,9 га ер майдони ажратилган. Шундан қурилишга - 35,8 га, плантацияга - 68,1 га ер берилган. Бугунги кунда ЭИЗга танлаб олинган лойиҳалар 14 та бўлиб, уларнинг йиллик қуввати 250 млрд. сўмдан иборатдир.

2019 йилда 2 та умумий қиймати 6.1 млн. долларлик, "Спринг фармацевтик" МЧЖда тайёр дори маҳсулотлари ишлаб чиқариш, "Ахсикент соф саноат" МЧЖ корхонасида халат, тиббий ниқоб, бахилла ҳамда тиббиёт қўлқопоплари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ҳозирда айни шу лойиҳалар орқали 24 турдаги тиббиёт маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва 1 млн. долларлик тиббиёт маҳсулотларини Беларусь, Қувайт ҳамда Украина давлатларига экспорт қилиш бўйича шартномалари тузилган.

Бу каби лойиҳалар кўлами шу қадар кенгки, уларни бирма-бир санаб ўтишнинг асло иложи йўқ. Муҳими, бундай тадбирларнинг барчаси ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда маҳсулотлар сифати ва турини кўпайтиришга йўналтирилган. Асосий мақсад эса аҳоли бандлигини таъминлаш ва шу орқали халқнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришдан иборатдир.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.