Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича мамлакатимизда давлат бюджетини шакллантиришнинг тамомила янги принцип ва механизмлари жорий  этилди. Даромад ва харажатлар шаффофлигини таъминлаш юзасидан талайгина ишлар рўёбга чиқарилмоқда. Молия вазирлиги томонидан "Фуқаролар учун бюджет" ахборот нашри ҳамда "Очиқ бюджет" ахборот портали ишга туширилиши билан давлат бюджети шаклланишидан тортиб унинг ижроси ва ҳисоботигача бўлган жараён тўлиқлигича очиқ-ошкора амалга оширилмоқда.

Туман маҳаллий бюджетининг 9 ойлик даромадлари прогноз кўрсаткичлари 24 990,6 млн. сўм белгиланган бўлиб, 1 октябрь ҳолатига 31 551,2 млн. сўм ёки 6 560,6 млн. сўм ортиғи билан ижроси таъминланди. Шунингдек, юқори бюджетдан мақсадли трансфертлар учун туман бюджетига 9 ой давомида 102 млрд. 560 млн. 742 минг сўм ажратилди. Бюджетнинг харажат қисми барча соҳалар бўйича 139 млрд. 460 млн. 874 минг сўм миқдорини ташкил қилди.

Жорий йилнинг 13 августида "Қишлоқ хўжалигига мўлжаланмаган ер учаскаларини хусусийлаштириш тўғрисида"ги Қонун ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйча қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларини молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида"ги фармойиши қабул қилинди.

Янги тартибга кўра, 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳарлар ҳокимларининг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер учаскаларини олиб қўйиш ва бир фермер хўжалигидан бошқасига ўтказиш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга эгалигида бўлган, улар фойдаланадиган ва уларнинг мулки бўлган ер участкаларини жамоат ва давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ваколатлари Халқ депутатлари кенгашларига бериладиган бўлди.

Туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ҳудудларни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида"ги, "Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожланиши бўйича сектор фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарорлари ҳамда "Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига асосан, тумандаги 2-секторда сайёр қабуллар ўтказилиб, аҳолини қийнаётган муаммоларни қисқа фурсатларда ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда. Бунда энг олис, чекка, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси паст бўлган аҳоли пунктларини қамраб олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Юртбошимиз томонидан қўйилган талаб асосида аҳоли муаммоларини ўрганиш ва аниқлаш учун ҳозирги кунларда уйма-уй юриш анъанага айланган. Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш  даражаси нисбатан паст, аҳолини қийнаб келаётган долзарб муаммолари мавжуд бўлган ҳудудлардаги хонадонларда бўлиб, одамлар билан дилдан суҳбатлашилмоқда. Август ойи аввалида "Ўзбекистон", "Бомраҳа", "Янги шаҳар", "Чак" ва "Гулбоғ" маҳаллаларидаги ҳолатлар Косонсой ҳамда Наманган тумани Халқ қабулхонаси мудирлари, фавқулодда вазиятлар идоралари ходимлари,  ҳокимлар  ўринбосарлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Кенгашлар вакиллари ва бошқа мутахассислардан иборат 26 та кичик ишчи гуруҳлар орқали ўрганилди. Мазкур жараёнда 407 та муаммоли масалалар аниқланди. Уларнинг аксарияти бандлик билан боғлиқ бўлди. Шунингдек,  ер участкаларига эгалик ҳуқуқини тиклаш, газ баллони етказиб бериш, соғлиқни сақлаш, уй-жой, моддий ёрдам ва банк кредитлари билан таъминлаш сингари масалаларга тўғри келди.

Истиқлол йилларида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўла таъминланди. Айниқса, Мустақиллик куни арафасида инсонпарварликнинг юксак намунаси сифатида Президентимизнинг ҳаётда адашганларни афв этишга оид Фармонининг эълон қилиниши алоҳида эътирофларга сазовор бўлмоқда.

Умри давомида хато қилмайдиган одам бўлмайди. Айримлар адашиб жиноят йўлига кириб қолиши мумкин. Лекин улар ҳам кимнингдир отаси, кимнингдир онаси ёки фарзанди. Муҳими, улар жазони ўташ муассасаларида хато қилганликларини чин юракдан ҳис этишларидир. Яъни ўз қилмишидан тўғри хулоса чиқарган кишиларнинг  жамиятда ҳалол ва фаол меҳнат қилиш зарурлигини ҳис этиши катта аҳамиятга эга. Адашганларни кечириш эса ниҳоятда савоблидир. Зеро, кечиримлилик ва бағрикенглик халқимизга хос хусусият.

Маълумки, шу йилнинг 30 июль куни Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган "Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони эълон қилинди. Мазкур муҳим ҳужжат туманимизда турли соҳаларда фаолият кўрсатувчи касб эгалари томонидан ҳам алоҳида эътироф этилмоқда.

Биламизки, дунё бўйича 20 миллиондан ортиқ одам савдоси қурбонлари бор. БМТ тарқатган маълумотларга кўра, ҳар йили 4 миллиондан зиёд инсонлар мазкур иллатнинг қайсидир кўринишидаги қурбонига айланадилар. Шу сабабли одам савдоси чегара билмайдиган, миллат танламайдиган глобал муаммо тариқасида баҳоланади. Унга қарши курашиш эса жаҳон ҳамжамиятининг доимий назоратига олинган.

Жойларда аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ўрганиш ва уларни вақтида бартараф этиш мақсадида ташкил этилган секторлар тизими кундан-кун  самарасини бермоқда. Чунки халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш орқали кундалик турмушда учраётган хато ва камчиликлар барвақт аниқланяпти, уларнинг ечими топиляпти. Изчиллик билан олиб борилаётган фаолиятимизда эса Президентимизнинг "Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори, "Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони дастуриламал бўлмоқда.

Жорий йилнинг 5 ойи мобайнида бўлимимизга жисмоний ва юридик шахс-лардан электрон ва ёзма шаклда бир неча мурожаатлар келиб тушди. Улар орасида нафақа тайинланиши, аҳолига ун маҳсулотини етказиб бериш ҳамда табиий офат юз берганда компенсация тўланиши билан боғлиқ аризалар бор. Муҳими, шакл ва мазмунидан қатъи назар, уларнинг барчаси батафсил ўрганиб чиқилди ва тегишлилик даражасига кўра мутахассислар эътиборига ҳавола қилинди.

Булоқбоши маҳалласида яшовчи  Ш. Юлдашева маҳалла  фуқаролар йиғинидаги махсус комиссия томонидан нафақа тайинлаш рад этилганлигидан норози бўлиб ариза ёзган. Ҳолат ўрганилганда, оила даромади белгиланган мезондан баландлиги учун МФЙ шундай йўл тутганлиги маълум бўлди ва бу ҳақда мурожаатчига тушунтирилди.  

Одамлар орасига янада чуқурроқ кириб бориш, халқнинг дарду ташвишини изчил ўрганиш ва муаммоларини жойида, ўз вақтида ҳал этиш бугунги куннинг асосий талабларидан бирига айланган. Мана шу мақсадда маҳаллаларда оммавий сайёр қабуллар ўтказилмоқда.

Шу йилнинг ўтган даври мобайнида ҳам барча секторлар кесимида Қабулхонамиз томонидан тасдиқланган жадвалларга кўра сайёр қабуллар ташкилланди. Уларда одамларни қийнаётган энг долзарб масалалардан тортиб, кундалик маиший муаммолар ҳам ўртага ташланди. Масалан, боғишамоллик Ҳ. Раҳмонов онаси учун ногиронлик аравачаси зарурлигини билдирган. Ширинбулоқ маҳалласида яшовчи М. Мақсудова ипак қурти боққани учун тўланиши лозим бўлган иш ҳақини олишда амалий ёрдам беришларини сўраган.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан фуқароларнинг ижтимоий ҳаётини яхшилаш, иқтисодиётни ривожлантириш, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини жадаллаштиришда тамомила янги давр бошланганлигини ҳар биримиз, ҳар қадамда кўриб, ўзгача фахру ифтихор билан ҳис этиб турибмиз. Бу борада табиати гўзал, одамлари саҳий, олийҳиммат туманимиз меҳнаткашлари аҳил-иноқ яшаш билан бирга, ўтаётган кунидан мамнун, келажакка ишончи мустаҳкам.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.