Маълумки, шу йилнинг 30 июль куни Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган "Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони эълон қилинди. Мазкур муҳим ҳужжат туманимизда турли соҳаларда фаолият кўрсатувчи касб эгалари томонидан ҳам алоҳида эътироф этилмоқда.

Биламизки, дунё бўйича 20 миллиондан ортиқ одам савдоси қурбонлари бор. БМТ тарқатган маълумотларга кўра, ҳар йили 4 миллиондан зиёд инсонлар мазкур иллатнинг қайсидир кўринишидаги қурбонига айланадилар. Шу сабабли одам савдоси чегара билмайдиган, миллат танламайдиган глобал муаммо тариқасида баҳоланади. Унга қарши курашиш эса жаҳон ҳамжамиятининг доимий назоратига олинган.

Республикамизда ҳам мазкур масалага давлат миқёсида эътибор қаратилган. 2008 йилда қабул қилинган "Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуни амалда. Шунингдек уюшган жиноятчилик, жумладан одам савдосига қарши курашиш бўйича хорижий давлатлар билан 30 дан ортиқ шартнома ва битимлар имзоланган. 

Давлатимиз раҳбарининг "Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони масалага янгича ёндашувда муҳим аҳамиятга эга ҳужжат бўлди. Унга кўра, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий комиссия тузилди ва унинг зиммасига бир қатор энг долзарб вазифалар юклатилди.

Сир эмас, чет элга чиқиб, меҳнат қилаётган фуқароларимиз орасида одам савдоси қурбонига айланаётганлар ҳам йўқ эмас. Шу сабабли, энг аввало, хорижда ишлаш истагини билдирадиганларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишимиз муҳим аҳамиятга эга. Чунки ҳеч қандай меҳнат шартномаларисиз, иш ва дам олиш шароити, ойлик маошлар бўйича ўзаро келишувларсиз ўзга юртда ишлаш хатарли эканлигини фуқароларимиз тушуниб етишлари зарур. Бунда нафақат ҳуқуқ-тартибот идорлари, балки кенг жамоатчиликнинг, таълим-тарбия масканлари педагоглари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларининг фаолликлари зарур. Қисқаси, барчамизнинг баҳамжиҳатликда олиб борадиган самарали тадбирларимиз Фармонда белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда алоҳида аҳамиятга эга эканлигини унутмаслигимиз лозим.

Дилшодбек АБДУЛЛАЕВ, туман прокурори ўринбосари,

адлия кичик маслаҳатчиси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.