Жойларда аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ўрганиш ва уларни вақтида бартараф этиш мақсадида ташкил этилган секторлар тизими кундан-кун  самарасини бермоқда. Чунки халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш орқали кундалик турмушда учраётган хато ва камчиликлар барвақт аниқланяпти, уларнинг ечими топиляпти. Изчиллик билан олиб борилаётган фаолиятимизда эса Президентимизнинг "Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори, "Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони дастуриламал бўлмоқда.

Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга оид фармон ҳамда қарорлар ижроси ҳам доимий назоратимизда. Ҳозиргача ҳудудимиздаги маҳаллаларда 17 та сайёр қабуллар ўтказилди ва уларда 800 дан зиёд фуқаролар қатнашдилар. 56 та мурожаатлар билдирилиб, 49 таси ўрнида ҳал қилинди. Бир неча фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди, чуқур ўрганишни талаб этиладиган мурожаатлар эса мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўрганилмоқда. Яқинда Шерозий маҳалласи фуқаролари билан шу ҳудуддаги 5-мактабда сайёр қабул ўтказилди. Мурожаатлар тумандаги хизмат кўрсатувчи ташкилот ва идоралар раҳбар ҳамда мутахассислари иштирокида атрофлича кўриб чиқилди, таҳлил қилинди. Қолаверса, одамларни ўйлантираётган энг долзарб масалалар ўртага ташланди. Хусусан, Т. Ҳасанов ўзи яшаб турган маҳалладан ўтган "Тешиктош" канали сувидан аҳоли фойдаланаётгани туфайли бу сув таъминотини тўхтатмасликни сўради. Н. Убайдуллаев маҳалладаги ичимлик суви билан боғлиқ масала ҳақида гапирди. Яъни тармоқ бўлинмаси таъмирлашга муҳтож эканлиги айтилди. В. Имсофалиев ҳамда Ш. Камоловлар эса банк муассасалари орқали бериладиган имтиёзли кредитларни олиш тартиб-қоидалари ҳақида тушунча беришни сўради. Барча мурожаатчиларнинг талаблари қондирилиб, масалаларнинг муаммоли томонлари тегишли соҳа мутахассислари билан бафуржа кенгашилди. Аҳолининг турмуш тарзини ўрганиш, ҳудудлардаги ижтимоий-сиёсий вазиятдан доимо бохабар бўлиш шу куннинг энг муҳим вазифаларидан бирига айланган. Масаланинг моҳиятини англаган ҳолда туман прокуратураси томонидан бу борада қатъий назорат ўрнатилган. Маҳаллаларни тўлиқ қамровга олиш мақсадида ҳафтанинг ҳар пайшанба куни "Профилактика куни" сифатида белгиланган. Айни шу куни кенг жамоатчилик иштирокида турли тадбирлар ташкил этиб келинмоқда.  Мақсадимиз ҳар бир фуқаро онгида "Менинг маҳалламда жиноят бўлмаслиги керак", деган эзгу ғояни шакллантиришдан иборат. Бу борада энг аввало, жиноятга мойил, ишсиз юрганларни аниқлаш ва уларга эътиборни кучайтириган ҳолда амалий ёрдам бериш, нотинч оилалардаги муҳитни яхшилаш зарур. Менимча, бу нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг, балки маҳалла аҳли, айниқса, унинг фаоллари, таълим-тарбия муассасалари раҳбар ва педагогларининг ҳам энг муҳим вазифаларидан бирига айланмоғи лозим. Шунда умумишимизда унум бўлади. Юртбошимиз томонидан қўйилаётган талабларни адо этишда эришилаётган натижалар салмоғи тобора ортади, самара  янада яққолроқ кўзга ташланади. 

Б. ҚАНААТОВ, 2-сектор раҳбари, туман прокурори.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.