Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида шу йилнинг 19 мартида ўтказилган видеоселектордаги ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида  китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан билдирилган 5 ташаббус ижроси туман прокуратурасининг алоҳида назоратида.

Энг аввало, бу борада махсус режа ишлаб чиқилган ва тадбирлар изчиллиги таъминланмоқда. Жумладан, сектор ҳудудида яшовчи кам таъминланган, нотинч оила, ногирон ҳамда ишсизлар фарзандларининг маънавий ҳамда жисмоний ривожланиши учун қулай шароитлар яратишга эътибор қаратилди. Уларнинг бўш вақтларини кўнгилли ўтказиш мақсадида ташкилот ва муассасалар билан ҳамкорликда учрашувлар, давра суҳбатлари ва спорт мусобақалари ташкиллаштирилмоқда.

Ёшлар онгига миллий қадриятлар, урф-одатларни асраб-авайлаш ҳиссини, ватанга бўлган садоқатни сингдиришга ҳамда улар қалбида шукроналик туйғуларини шакллантиришга аҳамият кучайтирилган. Шу мақсадда май ойи аввалида якка тартибда таълим олувчилар, кам таъминланган оилалар фарзандлари ва Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг набиралари учун Наманган вилояти тарихи ва маданияти давлат музейига саёҳат уюштирилди. Шунингдек, улар Наманган шаҳридаги Хотира майдонида бўлдилар ва уруш қатнашчилари кўрсатган жасоратлар билан таништирилдилар. Ота-боболар хотираси ёдланди.

Бундан ташқари, сектор ҳудудидаги 14 та мактаблар ўртасида "Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз" мавзусида спортнинг 7 та тури бўйича мусобақалар ташкил этилди. 28-мактабда ўтказилган мазкур тадбирга ўқувчиларни кенг жалб қилиш таъминланди.

Ўғил-қизларнинг мусиқа ва санъатга бўлган меҳрини юксалтириш борасида эса турли кечалар уюштирилмоқда. Натижада қисқа муддат ичида ўнлаб ёшлар 3-болалар мусиқа ва санъат мактабидаги тўгаракларга қамраб олинди.

Инсон саломатлигини муҳофаза этиш асосий мақсадларимиздан биридир. Жумладан, 30 нафар беморга 5-сонли оилавий поликлиника томонидан бепул дори-дармонлар, 3 нафарига даволаниш учун йўлланма, 1 нафарига ордер, 3 нафарига эса ногиронлик аравачаси берилиши таъминланди. Ҳомиладор аёллар назоратга олиниб, соғломлаштирилди.

Хотин-қизларни ва иш билан банд бўлмаган ёшларни ишга жойлаштириш масаласи ҳам диққат марказимизда турибди. Хусусан, айни шу мақсадда бўш иш ўринлари ярмаркалари ўтказилди ҳамда 15 нафар фуқаро, шундан 7 нафари аёллар ишга жойлаштирилди. Қолаверса, кам таъминланган оилалаларнинг фарзандларини туманимиздаги ва Чортоқдаги сўлим масканларда ёзги таътил пайтида дам олдириш учун шароит яратиш ҳам назоратимиз остида.

Президентимиз томонидан эълон қилинган муҳим ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишга алоҳида аҳамият билан ёндошилмоқда. Бу борадаги назорат эса ҳеч қачон сусайтирилмайди.

Б. ҚАНААТОВ, туман прокурори, адлия маслаҳатчиси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.