Туманда ислоҳотлар бориши нисбатан суст, жойларда турли муаммолар юзага келиб қолган, булар оқибатида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш талаб даражасига чиқа олмаётган эди. Ўтган 2018 йилнинг декабрь ойида вилоят ҳокимлиги, шахсан вилоятимиз биринчи раҳбари ташаббуси билан тажрибали, ташаббускор фаоллар, кўплаб раҳбар ва мутахассислар, вилоят ҳамда туман Кенгашлари депутатларидан иборат салмоқли ишчи гуруҳи ташкил этилди.

Гуруҳ режа асосида туман миқёсида кенг кўламли ўрганишлар, шу жараёнда муаммоларни жойида бартараф этиш, маҳаллаларда соғлом, руҳан жўшқин ҳаётни таъминлашдек фаолият олиб борди. Айниқса, жонсарак, ўз иш жойида куйди-пишдилиги, ҳар қандай масалага дахлдорлик билан ёндашадиган, бошқа қатор туманларда ўтган йили донг таратиб, иш ташкил этган "Фидойи аёллар" гуруҳи катта хизмат қилди.

Хўш, натижа қандай бўлди? Қуйидаги мақола шу ҳақда.

ҲАРАКАТСИЗ НАТИЖА БЎЛМАЙДИ

Ўз ҳаётидан дурдона яратолган одам бахтиёрдир. Бугунги ислоҳотлар жараёнида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида гап кетганда, ана шу ҳикматдан хулоса чиқарсак арзийди.  

Бугунги фаровонлик ва бахтли яшаш имкониятларига эришиш учун барча шарт-шароитлар яратилмоқдаки, санаб-саноғига етиш душвор. Лекин бир нарсани унутмаслигимиз лозимки, ҳар қандай муваффақият ҳаракатсиз қўлга киритилмаслигини одамларимиз англаб етмоқлари керак.

Туман маҳаллаларидаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш вилоят ҳокимлигининг диққат-марказидаги асосий масалага айлангани бежизга эмас. Ечимини кутаётган муаммолар, амалга ошириш долзарб бўлган юмушларни якунига етказиш муҳим эдики, ҳокимликнинг ишчи гуруҳи вакиллари хонадонма-хонадон кириб, юзма-юз мулоқот қилдилар.

Ишчи гуруҳ вакиллари тумандаги Ҳуррият-1, Чиндовул маҳаллаларида ҳам бўлишди.

Ҳуррият-1 маҳалла фуқаролар йиғинига "Микрокредитбанк" ва "Миллий банк"лар боғланган бўлиб, ҳудуддаги 610 та хонадонда мулоқотлар ўтказилди. Асосан ишсиз ўтирган аёллар аниқланиб, уларнинг 56 нафарига тикув машиналар олиш учун 154 миллион сўм маблағ ажратилди. Чиндовул маҳалласида эса 65 нафар талабгорга "Агробанк" ва "Халқ банки"дан 178,7 млн. сўмлик тикувчилик йўналишида кредит ҳужжатлари тайёрланди.

Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, тумандаги банк филиаллари томонидан ўтган йилнинг 18 декабридан жорий йилнннг 17 январигача бўлган даврда 4693,0 млн. сўм кредитлар ажратилиб, шундан 988,5 млн. сўми 240 нафар фуқаронинг иссиқхона ташкил этиши, паррандачилик, чорвачиликни йўлга қўйиши ва тикувчилик фаолиятини бошлаши учун йўналтирилди. Яна 9 нафар юридик шахс мевали дарахт кўчатлари, мебель, чинни буюмлар, сочиқ, криешка, макарон ишлаб чиқариш дастгоҳлари сотиб оладиган бўлди. "Ёшлар - келажагимиз" давлат дастурига кўра, "Мебель люкс" МЧЖга 1150,0 млн. сўм, "Косонсой соф чиннилари" МЧЖга 300.0 млн. сўм маблағ ажратилди. 3 нафар тадбиркорга фаолиятни йўлга қўйиши учун 345,0 млн. сўм кредитлар ажратилди.

Албатта, рақамлар замиридаги заҳматларни тасаввур қилиш қийин, лекин масъулият ва талабчанлик билан бошланган иш аниқ ва манзилли чоралар белгилаб олишга ундади. Бунинг истиқболи аниқ: оилалар даромади ошади, кичик бизнес субъектларининг ишга туширилиши қишлоқлар ободлигини таъминлашга хизмат қилади.

ЎЗГАРАДИГАН ДАВР КЕЛДИ

Туманда айни кунда 366 та  фойдаланилмай турган бино ва объектлар мавжуд. Давлат объектларидан ташқари, 252 та объектда 102 та инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилиб, унинг умумий қиймати 34,2 млрд. сўм ва 780,0 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағни ташкил этмоқда. Қувончлиси, уларнинг амалга ошиши билан ҳудудда 1064 та иш ўрни яратилади.

Бўш турган 65 та собиқ масжид биноларидан мақсадли фойдаланиш чоралари ҳам кўрилмоқда. Уларни тасарруф  этиш бўйича бажарилган ишлар натижасида 13 млрд. сўмдан ортиқ инвестициялар киритилиб, 487 та янги иш ўрни яратилди.

Туман ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда ишчи гуруҳлар, сектор раҳбарлари томонидан олиб борилган фаолият таҳлил этилди. Йиғилишда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров туманда амалга оширилаётган ишлар, туман инфратузилмасини яхшилаш, замонавий уй-жойлар барпо этиш, маданият ва истироҳат боғининг эртанги қиёфаси ҳақида мулоҳаза юритди. 

Албатта, жонли мулоқотлар, учрашувларда одамлар дардига қулоқ тутиш, муаммоларнинг амалий ечимини топиш косонсойликларнинг руҳиятини, кайфиятини кўтариб юборгани уларнинг нигоҳларидан сезилиб турибди.

БИР МАҚСАД ЙЎЛИДА БИРЛАШАЙЛИК

Инсон қалбига йўл маънавият улашишдан бошланади, аслида. Ишчи гуруҳнинг тадбирлар режасида аҳолининг маданий ҳордиқ олиши учун 5-18 январь кунлари маънавий-маърифий учрашувлар, шеърият кечалари ташкил этиш ҳам кўзда тутилган эди.

Ҳуррият-1 ва Чиндовулда "Наманган наволари" ансамбли хонандалари Ҳусанбой Раҳимов, Муҳаббат Йўлдошева, Ойдина Султонова, Аъзамжон Болтабоев, Ойпошша Улуғхўжаева, Шавкатжон Бекбоевлар иштирокида "Ватаним тақдири - менинг тақдирим" шиори остида концерт ташкил этилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари иштирокидаги "Ватан соғинчи" мавзусидаги мушоира, вилоят театри жамоасининг бадиий дастури, театр раҳбари Озода Усмонова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Меҳри Абдуллаева, шоира Рислиғой Ҳотамова, хонанда Дилфуза Қодировалар билан юзма-юз мулоқотлар, Республика Маънавият ва маърифат маркази, тижорат банклари вакилларининг тадбиркорлар билан ўтказган семинар-тренинги, ҳарбий қисм чегара пости ҳарбий хизматчилари билан аҳоли вакилларининг учрашуви, "Маънавият" тарғиботчилари раҳбари Бахтиёр Исоқов иштирокидаги "Ватан - саждагоҳ каби муқаддас", Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вилоят бўлими вакилларининг "Асл ислом экстремизмни қоралайди" мавзусидаги давра суҳбатлари ҳуррият ва чиндовулликларни бир мақсад йўлида бирлашишга, юрт тараққиётига ҳисса қўшишга ундади. Бундай учрашувлар одамлар қалбида узоқ вақтгача ёрқин таассуротлари билан яшаши шубҳасиз.

ВАТАНГА МУНОСИБЛИК АҲДИ

Туманда яхши анъана бор, спортни қадрлашади. Кенг адирликлар, тоғнинг ўжар табиати ҳудуд аҳолисининг феъл-атворига ҳам ўз таъсирини ўтказган бўлса, не ажаб. Шу боисдан бўлса керак, косонсойликлар соғлиқни мустаҳкамловчи спорт машғулотлари билан мунтазам шуғулланишни одат қилишган. Бунда хотин-қизларнинг алоҳида фаоллиги сезилиб туради. Тонг саҳарда мусаффо ҳаводан баҳра олиб қишлоқ кўчаларида югурадиган, яёв кезадиган кекса-ю ёшни учратишингиз мумкин.

Ҳуррият-1 маҳалласида аҳоли билан учрашувларда спорт тўгараклари ташкил этиш борасидаги таклифлар ўрганиб чиқилди. 5-мактабда гандбол бўйича тренер    Р.Асанов тўгарак фаолиятини йўлга қўйди. Маҳдуми Аъзам истироҳат боғида сунъий қопламали майдонда футбол тўгараги очилди. БЎСМнинг 1-базасида 100 нафар ўқувчи каратэ машғулотларига қатнайдиган бўлдилар. Қувонарлиси, тўгарак аъзоларининг 52 нафари қизлар. Шунингдек, бокс, бадиий гимнастика тўгараклари фаолияти ҳам йўлга қўйилди. 7-14 январь кунлари футбол, баскетбол, қўл тўпи, каратэ спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил этилди.  Чиндовулда  уюшмаган ёшлар ўртасида "Ёшлар иттифоқи кубоги учун" волейбол ўйинлари ўтказилди.

Чиндовулда спортнинг 9 тури бўйича тўгараклар фаолияти ташкил этилди. Собиқ Мулла Қирғиз масжиди биноси жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари ташкил этиш учун туман БЎСМ балансига ўтказиб берилди. Айни пайтда бу ерда 215,0 млн. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.   

Бундан ташқари, ўқувчи-ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш мақсадида Чиндовулдаги 20-мактаб, Ҳуррият-1 маҳалласидаги 5- ва 7-мактабларда ўғил болалар учун чилангарлик, дурадгорлик, қизлар учун пазандачилик, чеварчилик тўгараклари ташкил этилиб, бу мақсадлар учун 164,0 млн. сўм маблағ йўналтирилди. Тўгараклар учун хоналар ажратилиб, таъмирланди.

Ёшлар иттифоқининг вилоят кенгашининг режасига мувофиқ ишчи гуруҳ вакиллари 2 та маҳалладаги хонадонларнинг ҳар бирида ёшлар билан суҳбатлашдилар. Муаммолар ўрганилди. Ҳуррият-1 маҳалласининг Улуғчинор кўчасидаги эски масжид биноси ёш тадбиркор Зафар Асқаралиевга берилди ва "Ёшлар меҳнат гузари" ташкил этиладиган бўлди. "Ёшлар - келажагимиз" давлат дастурига мувофиқ 20 нафар ёшнинг 7,8 млрд. сўмлик лойиҳаси туман комиссиясининг манзилли рўйхатига киритилди. 273 нафар кредит олиш истагидаги мурожаатлар ўрганиб чиқилиб, истиқболли, деб топилган 59 та лойиҳа учун 20 млрд. сўм миқдоридаги имтиёзли кредитлар комиссияга тақдим этилди.

Келажак эгаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаётда ўз ўринларини топиши, бизнесини йўлга қўйиши каби хайрли мақсадларни кўзлаган лойиҳалар ёшлар қалбида буюк Ватанга муносиб бўлмоқлик аҳдини уйғотса, ажаб эмас.

НАЖОТ - ЯХШИЛИКДА

Инсонийлик яхшилик асосига қурилади. Муқаддас динимиз таълимотида ҳам "Яхшилик қилинг, нажот топасиз", дея марҳамат қилинади. Ислоҳотлар моҳиятидаги кўмакка, эътиборга, мурувватга муҳтож инсонларга кўмак бериш, ҳаётдан рози бўлиб яшашларини таъминлашдек олижаноб, улуғвор мақсадлар қалбимизни, онгимизни уйғотса, не ажаб. Бунинг амалий исботини кўрмоқ учун яна далил ва рақамларга мурожаат этамиз.

Ўрганишлар давомида туман фуқароларининг 5396 нафари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан, ногирон, кекса ва беморларнинг яшаш хонадонида ЭКГ, УЗИ текширувларидан ўтказилди. Натижалар шуни кўрсатдики, 1756 нафар фуқарода хасталиклар бор. Уларнинг 1628 нафари амбулатор даволанишга, 107 нафари туман марказий шифохонасига, 20 нафари вилоят ва 1 нафари республика ихтисослаштирилган марказларига даволаниш учун йўлланма берилди.

Ҳуррият ва Чиндовул маҳалла фуқароларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида "Обод" сув олиш иншоотидан 112п/м 500 мм 94.0 млн. сўмлик полиэтилен қувурлари ташламага монтаж қилиниши натижасида сув иншооти тўла қувватда ишлаши таъминланди.

- Амалга оширилган ишлар натижасида 2700 та хонадон ёки 12 300 нафар аҳоли ичимлик суви билан таъминланди, - дейди Ҳуррият-1 МФЙ раиси Қодиржон Қаландаров. - Чиндовул ва Ҳуррият-1 маҳаллаларининг "Обод қишлоқ" дастурига киритилгани бизни жуда қувонтирмоқда.

Туманда ҳали муаммолар бисёр. Туманнинг хушманзара табиати, мусаффо ҳавоси туризмни ривожлантиришга хизмат қилади. Ана шуларни эътиборга олиб, сайёҳлик марказларини ташкил этиб, маҳаллий ва хорижий меҳмонлар учун муносиб шароитлар яратиш, туманни иқтисодий-ижтимоий жиҳатдан юксалтириш зарур. Бу каби манзилли ва мақсадли ишлар туманнинг бошқа маҳаллаларида ҳам давом этмоқда.

Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.