Сайловлар мамлакатимизда амалда бўлган ҳуқуқий нормаларнинг нечоғлик демократик руҳда эканини намоён этадиган, демократик ҳуқуқий давлатнинг узвий белгиси, халқнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокининг асосий шакли бўлиб, ҳал қилувчи аҳамиятга эга жараёндир.

Юртимизда давлат ҳокимияти органларини демократик сайловлар орқали шакллантириш бўйича умумэътироф этилган халқаро принциплар ва ҳуқуқий нормаларга мос келадиган миллий сайлов қонунчилиги яратилди. Ўтган даврда Ўзбекистонда сайлов тизими ва жараёни бўйича ташкилий-ҳуқуқий механизмларни таъминлашга хизмат қилувчи «Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди.

Ана шу муҳим ҳужжатлар доирасида ўтган давр мобайнида юртимизда эркин ва адолатли сайлов ўтказиш бўйича катта тажриба тўпланди. Жорий йил 29 март куни бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик жараёнида бу ўз исботини топмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ошкора амалга оширилиши энг муҳим жиҳатлардан биридир. Хусусан, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддаси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда ошкораликни таъминлашга бағишланган. Сайлов комиссиялари қонуннинг ана шу моддасидаги талаблар, яъни очиқ ва ошкоралик тамойилига таяниб фаолият юритмоқдалар. Сайлов комиссиялари фуқароларни ўз ишларидан, сайлов округлари, участкалар тузилганлиги, комиссиялар таркиби, уларнинг жойлашган ери ва иш вақтидан воқиф этиб, сайловчиларни, сиё-сий партияларнинг рўйхатлари билан таништириб бормоқда. Ҳар бир сайловчи Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар хусусидаги маълумотларга тўлиқ эга бўлмоқда. Бу жараёнда оммавий ахборот воситалари ҳам фаол қатнашиб, сайловга тайёргарлик жараёнини изчил ёритмоқда. Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, мамлакатимизнинг амалдаги сайлов қонунчилиги халқимизнинг бой миллий қадриятлари ва тарихий давлатчилик анъаналари асосида сайловга оид халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва ривожланган давлатларнинг илғор тажрибаларини инобатга олган ҳолда яратилган.

В.Мамадалиев,

туман прокурори.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.