Савол: Участка сайлов комиссияларининг ваколатлари нималардан иборат?

С. Ғуломов, Косонсой шаҳри.

Жавоб:Участка сайлов комиссияси: участка бўйича  сайловчиларнинг рўйхатини тузади, сайловчиларни сайловчилар рўйхати билан таништиради, рўйхатдаги ноаниқликлар ҳақидаги аризаларни қабул қилади ва кўриб чиқади ҳамда тегишли ўзгартишлар киритиш масаласини ҳал қилади, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш ва овоз беришда қатнашиш имконияти бўлмаган сайловчилардан сайлов конвертларини қабул қилади, сайлов ўтказиладиган кун ва овоз берадиган жой ҳақида аҳолини хабардор қилади, овоз бериладиган бинолар ва сайлов қутилари тайёрлаб қўйилишини таъминлайди, сайлов куни сайлов участ-касида овоз берилишини ташкил этади, сайлов участкасида берилган овозларни ҳисоблаб чиқади, сайловга тайёргарлик кўриб ва овоз беришни уюштириш масалаларига доир ариза ва шикоятларни кўриб чиқиб, улар юзасидан қарорлар қабул қилади, ушбу Қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади (18-модда).

Савол: Фуқароларнинг сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби қандай?

А.Азимов,

 «Баҳористон» МФЙ.

Жавоб: Бу Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлов тўғрисида»ги Қонунининг 21-моддасида белгилаб қўйилган

Сайлов кунига қадар ёки сайлов куни 18 ёшга тўлган, рўйхат тузилаётган вақтда муайян сайлов участкаси ҳудудида доимий истиқомат қилган Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари сайловчилар рўйхатига киритилади.

Сайловчи бошқа сайлов участ-каларида сайловчилар рўйхатига киритилиши мумкин эмас.

Савол: Фуқаро сайловчилар рўйхатидаги ноаниқликлар хусусида шикоят қилиш ҳуқуқига эгами?

К. Раҳимова, Тергачи ҚФЙ,

Жавоб: Қонуннинг 23 - моддасига кўра, сайловчиларнинг рўйхатлари сайловдан ўн беш кун олдин, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида, санаторий ва дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа доимий ишлайдиган даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган жойларда тузилган сайлов участкаларида эса сайловдан икки кун олдин ҳамманинг танишиб чиқиши учун тақдим этилади. Участка сайлов комиссияси рўйхат билан қаерда ва қачон танишиш мумкинлиги ҳақида сайловчиларга хабар беради.

Фуқароларга участка сайлов комиссиясининг биносида сайловчилар рўйхати билан танишиш ва унинг тўғри тузилганлигини текшириш имконияти таъминланади.

Ҳар бир фуқарога рўйхатдан чиқарилганлик юзасидан, шунингдек рўйхатда сайловчи тўғрисидаги маълумотларни кўрсатишда ноаниқликка йўл қўйилганлик хусусида шикоят қилиш ҳуқуқи берилади. Бу масалага доир ариза участка сайлов комиссияси томонидан кўриб чиқилади, аризани участка сайлов комиссияси кечи билан икки кунлик муддат ичида, сайлов арафасида ва сайлов куни эса дарҳол кўриб чиқиб, рўйхатга зарур тузатишлар киритиши ёки аризачига унинг талаби инобатга олинмаганлиги тўғрисидаги асослантирилган қарорнинг бир нусхасини бериши шарт. Комиссия қарори устидан туман (шаҳар) судига сайловдан кечи билан уч кун олдин шикоят қилиниши мумкин, туман (шаҳар) суди шикоятни икки кунлик муддат ичида кўриб чиқишга мажбур. Туман (шаҳар) судининг қарори қатъийдир. Участка сайлов комиссияси суднинг қарорига мувофиқ сайловчиларнинг рўйхатига дарҳол тузатиш киритади.

Савол: Қонунда сайловолди ташвиқот муддати белгиланганми?

Жавоб: Ҳа, Қонуннинг 28-моддаси «Сайловолди ташвиқоти» деб номланган.

Сайловолди ташвиқоти Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан бошланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга, сиёсий партияларга Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланадиган тартибда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг ҳуқуқ берилади. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга сайловчилар билан йиғилишларда ҳамда сайловчилар учун қулай бўлган бошқа шаклда учрашувлар ўтказишда тенг ҳуқуқ берилади. Йиғилишлар ва учрашувлар ўтказиладиган вақт ҳамда жой ҳақида сайловчиларга барвақт хабар қилинади.

Давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналарнинг, муассасаларнинг, ташкилотларнинг раҳбарлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари Ўзбекистон Республикаси Прези-дентлигига номзодларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказишни ташкил этишда, зарур маълумот ва ахборот материаллари олишда ёрдам кўрсатишлари шарт.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга ўзининг келгуси фаолият дастури билан чиқиш ҳуқуқи берилади.

Ташвиқотнинг сайловчиларга бепул ёки имтиёз шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматлари бундан мустасно), шунингдек пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб борилиши тақиқланади.

Сайлов куни ташвиқот юритишга йўл қўйилмайди.

Савол: Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг неча нафар ишончли вакили бўлиши мумкин?

А. Салимов, Косонсой шаҳри.

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод 15 нафарга қадар ишончли вакилларга эга бўлишга ҳақлидир. (29-модда). Ишончли вакиллар номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам берадилар, уни Ўзбекистон Республикасининг Президенти этиб сайлаш учун тар-ғибот олиб борадилар. Давлат ва жамоат ташкилотлари сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатини ҳимоя қиладилар. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг тақдимномасига кўра ишончли вакилларни Ўзбекистон Республикаси марказий сайлов комиссияси рўйхатга олади. Марказий сайлов комиссияси уларга тегишли гувоҳномалар беради.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.