Мустақиллик шарофати билан муқаддас Ватан тушунчаси янада теран маъно касб этмоқда.

Чунки, шу улуғ заминда яшаб, унинг неъматларидан баҳраманд бўлаётган, унинг ардоғида яйраб, завқланиб, униб - ўсаётган ҳар бир киши шукрона келтиришни, бетакрор жаннатмакон юртнинг қадр - қимматига етиш муқаддас бурчи эканлигини янада чуқурроқ англамоқда.

Мустақиллик бизни Ватанни саждагоҳ каби муқаддас билишга, ардоқлашга ундамоқда. Ҳа, она – Ватан мустақиллиги бебаҳо неъмат. Бу кунларга етишиш учун халқимиз асрлар давомида интилиб яшаган ва курашган.

Шу боис ҳам бу муборак калом тилга олинганда қалбимиз фахр ва ифтихор туйғуларига янада тўлиб-тошади. Мана, йигирма тўрт йилдирки, мустақилликка эришган кунни энг улуғ, энг азиз байрам сифатида кенг нишонлаб келаяпмиз.

Айни дамларда ҳам бутун юртимиз бўйлаб она-Ватанимизнинг ўчмас тарихидаги буюк сана-Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллиги байрамини муносиб нишонлашга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Бунда Президентимиз томонидан жорий йилнинг 17 июль куни эълон қилинган «Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги тарихий қарори муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилаётир.

Шуни баралла айтиш керак, мустақиллик халқимизга катта имкониятлар эшигини очди. Унинг шарофати билан тарихан қисқа даврда эришган оламшумул ютуқларимиз жаҳон аҳлини лол қолдирмоқда. Қарорда бу борада маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб, ютуқ ва натижаларимизни кенг жамоатчиликка етказиш энг муҳим вазифалардан бири эканлиги алоҳида белгилаб берилган.

Вилоят ҳокимлиги, вилоят Маънавият ва маърифат кенгаши Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрами муносабати билан жойларда «Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир» шиори остида ташкил этилаётган маънавий-маърифий, тарғибот-ташвиқот тадбирлари ана шу мақсадларга хизмат қилмоқда.

Наманган шаҳрининг «Маданий-маориф» ва «Янги тонг» маҳаллаларида бошланган байрамолди маданий-маърифий тадбирлар 29 июль куни туманимиздаги «Обод», Чиндовул МФЙларга кўчди.

КЕЧА КИМ ЭДИГУ БУГУН КИМ БЎЛДИК?

Шу куни «Обод» МФЙдаги 49-мактабга турли ёшдаги фуқаролар оқиб кела бошладилар. Бир сўз билан айтганда, бу маскан туман марказидаги маҳаллаларнинг катта байрам сайлгоҳига айланди. Барча-барчанинг кайфияти чоғ, самимий суҳбат, мулоқотлар авж олган.

Ёшлар кексаларга алоҳида эҳтиром кўрсатиб, уларнинг доно ўгитлари, дилкаш суҳбатидан баҳраманд бўлишмоқда.

-Маҳалламизнинг қайси хонадонига кирманг файзу барака, аҳиллик ҳукмрон. Одамлар элим деб, юртим деб, ёниб, фаровонлик ишқи билан яшаётганлигини кўрасиз, - дейди биз билан суҳбатда «Обод» МФЙ раиси, туман Кенгаши депутати Ш. Носиров.

-Албатта бу кунларга етказганига шукр қиламиз,-дейди меҳнат фахрийси Омонхон бобо Мамасаидов.- Ўтган асрнинг 40-50 йиллари беихтиёр ёдимга тушади. Ўша машаққатли йилларда куни билан бир бурда қора нон учун тиним билмай ишлардик. Шуларни ўйлаб ёшларга  «Дунёнинг ҳеч қаерида бугунгидай обод, тинч, фаровон ҳаёт йўқ. Унинг қадрига етинглар», дея насиҳат қаламан.

-Э, отахон нимасини айтасиз, деб суҳбатга қўшилади маҳалла фуқароларидан бири Олимхон Тўрахўжаев. -Узоққа бормайлик, бундан чорак аср муқаддам гуваладан кўтарилган кўримсиз уйлар, қишда лой, ёзда тупроқ кўчаларда умргузаронлик қилардик. Мустақиллик йилларида озод Ватанимизни ҳар томонлама обод қилиш, эркин ва фаровон ҳаёт барпо қилишдек олий мақсад йўлида Президентимиз раҳнамолигида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, нафақат шаҳарлар, энг чекка қишлоқларимиз қиёфаси кун ва соат сайин гўзаллашмоқда.

Мана, биргина бизнинг маҳаллани олайлик. Илгари бу ерлар қуш учса қаноти куядиган, сув етиб бормайдиган тап-тақир адирлик эди.

 Бунёдкор халқимиз Истиқлол берган имкониятлардан фойдаланиб, янги-янги ҳашаматли уй-жойлар барпо этмоқда, турмушини фаровон қилмоқда. Ичимлик сув муаммоси ҳукуматимиз миқёсида ҳал қилиняпти. Маҳалламизда янги қурилаётган сув иншооти ишга тушса, нафақат бизнинг маҳалла, балки бутун туманимизда собиқ шўролар давридан мерос бўлиб келган сув муаммоси ечим топади.

Соя салқинга ўрнатилган столларда шахмат-шашка мусобақаси авж оларди. Ёшликдан шахматга ишқибоз бўлган Омонхон бобо ўзини яна синаб кўрмоқчи бўлди. Унга 10 ёшли Шерзоджон рақиблик қилди. Ўйин эса дуранг натижа билан якунланди.

ҲЕЧ КИМДАН КАМ бўлмайМИЗ

Бутун мамлакат миқёсида оладиган бўлсак, Чиндовул энг чекка қишлоқлардан бири. Қишлоқда иқтидорли болаларга чуқур билим беришга ихтисослаштирилган давлат таълим муассасасининг фаолият юритиши мамлакатимизда замонавий билим ва касб-ҳунарларни чуқур эгаллаган, мустаҳил фикрлайдиган, ўз она юртига меҳр ва садоқат туйғуси билан яшайдиган, ҳеч кимдан кам бўлмайдиган, ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқаётган янги авлодни тарбиялаш мақсадида амалга оширилаётган улкан ишларнинг чекка бир қишлоқдаги самараси эмасми?

-Албатта, шундай,-дейди 9-ДИМИ директори Маъмура опа Султонова-Ихтисослаштирилган давлат таълим муассасасида 273 нафар ўғил-қизларимиз замонавий билимларни чуқур эгалламоқда. Бунинг учун мактаб-интернатда ҳамма шароитлар мавжуд. Компьютер ва бошқа технологиялар билан жиҳозланган кенг ва ёруғ синфхоналарда малакали ўқитувчилар болаларга сабоқ бериб келишмоқда. Битирувчиларимизнинг аксарияти мамлакатимизнинг нуфузли олий ўқув юртларида, ҳатто хорижда грант асосида ўқишяпти. Биз бундан фахрланамиз, фарзандларимиз ҳеч кимдан кам эмас, кам бўлмайди ҳам.

ОГОҲ БЎЛИНГ ОДАМЛАР, ОГОҲ БЎЛИНГ!

Қарорда қайд этилишича, юртимизда ҳукм сураётган тинч ва осойишта ҳаёт, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш, чегараларимиз дахлсизлигини асраш, узоқ ва яқин атрофимиздаги давлатлар билан дўс-тона муносабатлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, турли минтақа ва ҳудудларда хавф-хатар ва таҳдидлар тобора кучайиб бораётган таҳликали замонда доимо огоҳ, сергак ва ҳушёр бўлиб яшаш, сафарбарлигимизни янада ошириш-бугун ҳаётнинг ўзи барчамиздан талаб қилаётган энг муҳим ва долзарб вазифадир.

Глобаллашув асри деб ном олган ХХI асрнинг дастлабки ўн йиллиги ва бугунги кунларда дунёнинг турли минтақа ва ҳудудларида қонли тўқнашувлар, хунрезликлар, экстремистик терактлар содир этилиши ҳануз давом этмоқда. Энг ачинарлиси, бир тўда террорчилар динни ниқоб қилиб олиб ўзларининг қўпорувчилик ва босқинчилик каби ваҳшиёна ҳаракатлари билан бутун дунёни ларзага солмоқда. Жумладан, Ироқ ва Сурияда рўй бераётган қонли тўқнашувлар, турли диний мазҳаб ва оқимлар ўртасида кучайиб бораётган ўзаро низо ва зиддиятлар, кўплаб бегуноҳ одамларнинг қурбон бўлаётгани барчани бирдек  ташвиш ҳамда хавотирга солмоқда «Обод» маҳалласидаги 49-мактаб, Чиндовулдаги 9-ДИМИда шу куни ташкил этилган тадбирларда «ИШИД хаёл ва ҳақиқат» деб номланган ҳужжатли видеолавҳа намойиш қилинди.

 Уни кўриш нақадар оғир. Чунки Ироқ ва Сурия давлатлари ҳудудининг бир бўлагида жойлашиб олган Ироқ ва Шом ислом давлати (ИШИД) деб номланган экстремистик ташкилотнинг кирдикорлари ҳар қандай инсоннинг қалбида бир гуруҳ террорчиларга нисбатан наф-рат ҳиссини  уйғотади. Улар бегуноҳ одамларни ваҳшиёна ўлдиришдан ҳам тойишмаяпти. Энг ачинарлиси, қурбонлар орасида бегуноҳ мурғак гўдаклар, оналар, ёши улуғ кишилар бор. Экс-тремист газандалар қадимий шаҳарлар, маданий-меъморий ёдгорликлар, масжидларни вайронага айлантириб, одамларни қул қилишмоқда.

-Маълумотларга кўра, диний экстремистик ташкилотлар ўзининг ёвуз ғояларини тарғиб қилишда интернетдан фойдаланмоқда, -дейди «Камолот» ЁИҲ туман кенгаши мутахассиси Моҳиниссо Қосимова. -Ғаламислар асосан онги шаклланмаган ғўр ёшларни турли маккорона йўллар билан ўзларига оғдириб олишга ҳаракат қилмоқдалар. Эндиликда ўз ёвуз ниятлари ортидан ёшларни эргаштиришга уринаётган кучлар ва уларнинг асл башаралари ва қиёфаларини кўрсатиш борасида тарғибот-тушунтириш ишларини янада кучайтириш бугуннинг долзарб вазифасидир.

«Обод» ва «Чиндовул» маҳаллаларида ўтказилган аҳоли билан мулоқот-учрашувларни туман ҳокимлиги бош мутахассиси Ёқубжон Мамазиёев очди ва олиб борди. Тарғибот гуруҳи аъзолари НАМДУ бўлим бошлиғи И. Атамирзаев, «Камолот» ЁИҲ вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ш. Бекмирзаев, Намангандаги «Мулла Қирғиз» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси К. Маҳмудов ва бошқалар ўз сўзларида Ватанимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталикнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш барчанинг фуқаролик бурчи эканлигини алоҳида қайд этиб ўтдилар.

А.Олимов, М.Акрамов.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.