Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги Қарори кенг жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинди. Таҳририятимизга ўзгача фахр-ифтихор туйғулари билан дил изҳорларини баён этиб қўнғироқ қилаётган кўплаб юртдошларимизнинг талаб ва истакларини ҳисобга олиб, уларнинг фикр-мулоҳазаларини қандай бўлса шундайлигича оддий тилда газетада ёритишни мақсад қилдик.

Ёқубжон Эшматов,

«Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси:

Тинч, осойишта яшаш, фарзандлар камолини кўриш инсон ҳаётининг маъносидир. Ана шу мақсад йўлида елиб-югуриб меҳнат қиламиз, эзгу ва хайрли ишларга бош қўшамиз. Бунинг самараси юрт ободлиги ва ҳаётимиз фаровонлигида намоён бўлмоқда. Бундай имкониятни эса бизларга истиқлол берди. Мустақиллик шарофати билан эзгу мақсадларимиз рўёбини кўраяпмиз, тинч, беғубор осмон остида хотиржам яшаш бахтини туйяпмиз. Мана, йигирма тўрт йилдирки, бирон бир кунимиз беиз кетмаяпти, янгиланиш, ўзгаришларга лиммо-лим ҳаётимиз янада мазмунли, янада файзли ўтмоқда. Албатта, бу кунларга етказганига шукр қиламиз ва беихтиёр «Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик!» деган савол хаёлимиздан ўтади.

 Ҳа, кўп нарса қиёсда били-нади. 80-йилларнинг охирларида юртимизда ғоят қалтис ва носоғлом вазият вужудга келганди. Ўлкамизда узоқ йиллар давомида ҳукм сурган собиқ шўролар мафкураси, хом ашё етказиб беришга асосланган бир ёқлама иқтисодий сиёсат барча соҳада ўзининг ҳалокатли салбий таъсирини кенг миқёсда кўрсата бошлаганди. Ўша пайтда, аниқроғи 1989 йил 23 июнда республика раҳбари сифатида иш бошлаган Ислом Каримов мустақилликка эришиш масаласини кун тартибига қатъий қилиб қўйди. Собиқ шўролар ҳукумати ҳукм-ронлиги давом этаётган пайтда бундай қарорга келиш кишидан юксак жасорат, мардлик, жўшқинлик, фидоийликни талаб қиларди...

Миллий истиқлолга олиб келган машаққатли ва шарафли кураш жаннатмакон юрт-Ўзбекистонимиз тарихига ўчмас саҳифа сифатида битилди. Шу боис ҳам мустақилликка эришган кунни халқимиз энг улуғ, энг азиз байрам сифатида нишонлайди.

Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги Қарори шубҳасиз, биз учун энг улуғ, энг азиз айём бўлмиш Мустақиллик байрамини юксак даражада ўтказишга хизмат қилади.

 

Имоммуҳаммад Эшонов,

хусусий тадбиркор:

Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги Қарорида тўғри эътироф этилганидек, мустақилликка қадар мамлакатимизда умуман мавжуд бўлмаган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси бугунги кунда жадал ривожланиб, иқтисодиётимизда ўз ўрнига эга бўлиб бораяпти.

Дарҳақиқат, бугунги кунда бу соҳада ялпи ички маҳсулотнинг 56 фоиздан ортиғи ишлаб чиқарилмоқда, иш билан банд аҳолининг 75-77 фоизи айнан мазкур тармоқда меҳнат қилаяпти. Бу юртимизда соҳани жадал ривожланиб, ўрта синф-мулкдорлар синфининг жамият таянчига айланаётганидан далолатдир.

Мен ҳам истиқлол шарофати билан тадбиркорликка қўл урган фуқаролардан бириман. Фаолиятимизни изчил йўлга қўйишда Юртбошимиз ва ҳукуматимиз томонидан соҳа вакилларига яратилаётган қулай шарт-шароит, берилаётган кенг имконият ва имтиёзлар муҳим омил бўлаяпти. Шу маънода Президентимизнинг «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони биз, тадбиркорларни янги-янги марралар сари чорлайди. Бу муҳим ҳужжат асосида жорий этилаётган имтиёзлар тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уни кафолатини кучайтиришга замин яратади.

Суҳбатдошлар:

А.Олимов, М.Акрамов.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.