Кексаларимиз ёшларни кўпинча «Нондек мўътабар бўлинг», «Нондек азиз бўлинг» деб дуо қиладилар. Бу дуоларда ўзига хос ҳикмат, эҳтиром мужассам. Мамлакатимиз гербида ҳам ғалла бошоғи тасвири туширилгани ҳам халқимизнинг буғдойга, нонга алоҳида ҳурмат-эътибори ифодасидир. Зеро, нон дастурхонимиз кўрки, фаровон ҳаётимиз белгисидир.

ҒАЛЛА МУСТАҚИЛЛИГИ

Биз қуйида қаламга олмоқчи бўлган мавзу ҳақида ҳар куни, ҳар сонияда қайта-қайта ёзишдан асло чарчамаймиз. Зеро кечаги кунимизни унутмасак, бугунги кунни қадрига етамиз. Бизнингча ҳар биримиз кунига бир марта кеча ким эдигу, бугун ким бўлдик, деган саволни ўзимизга бериб кўрсак, кечаги кун билан, бугунги кунни солиштирсак, қиёсласак бугунги доруломон кунлар осонликча қўлга киритилмаганига амин бўламиз.

Фактларга мурожаат этамиз. Ўтган йили озод ва ҳур диёримизда 8 миллион тоннадан зиёд буғдой етиштирилди. Бу хирмон чўғини қиёслаш учун таъкидлаш лозимки, 1991 йилда юртимизда 940 минг тонна ғалла етиштирилиб, ҳосилдорлик ҳар гектар ҳисобига 17 центнерданни ташкил этган. Бу Ўзбекистон халқи учун жуда камлик қилади. Шу боис хориждан дон олиб келинарди. Ана шундай танг, оғир пайтда Президентимиз Ислом Каримов ғалла мустақиллиги масаласини ўртага қўйди: «Токи ғалла мустақиллигига эришмас эканмиз, иқтисодий мустақиллик ҳақида гапириш ортиқча», Бу қатъият, шижоат ва машаққатли изланишларни тақозо этарди. Юртбошимиз раҳнамолигида аввало қишлоқ хўжалигида туб ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилди.

Бунинг натижасида деҳқонларимизнинг ерга муносабати тубдан ўзгариб, буғдой ҳам ўзимизники, нон ҳам ўзимизники эканлигини чин дилдан ҳис этиб меҳнат қила бошлашди.

Ғалла етиштиришнинг сир-асрорлари пухта ўзлаштирилди. Энг асосийси, деҳқонларимизнинг моддий манфаатдорлиги юқори даражага кўтарилгани боис ютуқлар йилдан-йилга кўпаяверди. Ана шундай эътибор, ғамхўрлик туфайли Ўзбекистон нафақат ғалла билан ўзини таъминловчи мамлакат, балки бугунги кунда экспорт қиладиган давлатлар қаторидан жой олди.

Йилдан-йилга ғалла навларининг янгиланиши, ҳосилдорликни ошириш борасида қилинган илмий изланишлар ҳам ўз самарасини бермоқда. Яратилаётган истиқболли навлар, фермерларнинг ҳалол ва сидқидил меҳнатлари, ғалла етиштиришдан манфаатдорлик юқори бўлиши, энг муҳими, ана шу ишларнинг давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланаётгани соҳани жадал суръатларда ривожлантириш имконини бермоқда.

НАСИБАМИЗ БУТУН

Қарийб ярим аср новвойлик қилган бир отахонни таниймиз. Ҳар сафар кўришганимизда унинг қўлида, албатта, 5-6 дона нон бўлади. Отахон новвой бўлиб ишлаганига шундай қилса керак деб ўйлардик. Аслида ундай эмас экан. Отахоннинг хаста диллар кўнглини нон билан обод этиш одати борлигидан бехабар эканмиз.

Ноннинг хушбуй иси инсонларга ижобий таъсир кўрсатиб, эзгу ишларни бажаришга мо-йиллик уйғотишини олимлар кўп бора исботлашган. Юртимиз хал-қи, барча-барчамиз нонни эъзозлаймиз, қадрлаймиз. Бундай ўйлаб қарасак, киши нонни эъзозлагани сари унинг феъл-атвори ҳам эзгуликка мойил бўлиб бораркан. Меҳмонлар, дунё сайёҳлари халқимизнинг бағрикенглиги, меҳмондўст ва тантилигини доим эътироф этишади. Ана шу хислатлар нонга бўлган ҳурматимиз билан жуда-жуда ўхшаш, ҳамоҳанг. Ҳар тонг хонадонлардан тараладиган иссиқ нон ҳиди димоқни қитиқлайди. Меҳмон келганда унинг олдига аввало нон қўйилади.

Авваллари уйимизга меҳмон келса унинг олдига нон қўйиш у ёқда турсин, қорнимиз нонга тўймаган кунларни ҳам бошимиздан ўтказдик.

-Ўша пайтларда нон дўконларида соатлаб навбатда турардик. Маҳсулотлар ҳам ҳозирдагидек хилма-хил эмасди. Истиқлолимиз  шарофати билан юртимиз ободликка, халқимииз фаровонликка эришди. Ҳар қадамда нон дўконлари, уларда турли-туман нон маҳсулотлари. Насибамиз бутун, дастурхонимиз, тўкин,-дейди Иброҳим ота Холбоев.

Нон дўконларини санаб адоғига етолмайсан киши. Турли хил маҳсулотлар кўзни қамаштиради. Нон маҳсулотлари махсус пакетларда қадоқланган. Гигиена қоидаларига тўла амал қилиш мақсадида шундай қилинган. Мутахассисларнинг эътироф этишича, ноннинг сақлаш муддати очиқ ҳолда 24 соат бўлса, бундай усулда яроқлилик муддати узаяр экан.

Ҳозирги пайтда турли хасталикларга, жумладан, қандли диабет, ошқозон-ичак хасталиклари бор беморлар учун махсус майдаланган буғдой ва кепак аралашмаларидан турли кўриниш ва ҳажмдаги нонлар тайёрланмоқда.

Ошқозон-ичак касалликларига чалинган беморлар учун тузи нисбатан паст, қотирилган нон тайёрланаётган бўлса, буйрак, юрак-қон томир касалликлари билан хасталанганлар учун тузсиз маҳсулотлар-тешик кулчалар ва қотирилган нон тайёрлан- моқда.

Энг қувончлиси, биз саралаб, танлаб харид қилаётган бу нонлар ўзимизнинг буғдойдан. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, Яратганга минг бор шукрки, ўз донимизга, ўз беминнат нонимизга эга бўлган кунларга етиб келдик.

 А. Олимов, М. Акрамов.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.