Юртимизда 9 май - Хотира ва қадрлаш куни «Жасорат, бурч, матонат» шиори остида кенг нишонлан-моқда.

Нуроний қарияларимизга ҳурмат, эҳтиром кўрсатиш миллий ва умуминсоний қадриятларимиздан. Жорий йилнинг «Кексаларни эъзозлаш йили» деб эълон қилинишида ҳам ана шу мақсад мужассам бўлиб, шубҳасиз бу ибратли ташаббус қадриятларимизни янада бойитишга хизмат қилади.

Хусусан, 9 май-Хотира ва қадр-лаш куни муносабати билан уруш ва меҳнат фронти қатнашчиларига алоҳида эҳтиром кўрсатилмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 19 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини «Иккинчи жаҳон урушидаги              Ғалабанинг 70 йиллиги эсдалик юбилейи медали билан мукофотлаш тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш юзасидан олиб борилаётган ишлар жойларда, хусусан, туманимизда байрамона тус олмоқда.

4-болалар мусиқа ва санъат мактабида ана шундай катта тантаналардан бири бўлиб ўтди.

Санъат кошонасига туманимизда истиқомат қилаётган уруш ва фронторти фахрийлари таклиф қилиниб, алоҳида эҳтиром кўрсатилди.

Фахрийларни туман ҳокими А. Абдукаримов, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Наманган Муҳандислик-педагогика институти ректори П. Маткаримов, «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Ё. Эшматов, туман Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи Ў. Нуралиев ва бошқалар қизғин муборакбод этиб, юртимизда кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган ғамхўрликлар ҳақида гапирдилар.

-Бундай эътибор ва эҳтиромдан миннатдормиз,-дейди тантанада сўз олган иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Исмоил ота Раҳимов. -Биз, уруш кўрган одамлар тинчлик нақадар буюк неъмат эканлигини жуда яхши биламиз. Шу боис ҳам тинч-осойишта, фароғатли замонда яшаш катта бахт.

Осмонимиз мусаффолиги, хотиржамлигимиз барқарор бўлиб, ҳаётимиз кун сайин обод бўлаётганига Яратганга шукр қиламан. Бу ишларнинг бошида турган Юртбошимизнинг умрлари узоқ бўлсин!

Маросимда уруш қатнашчилари ва фронторти фахрийларига мамлакатимиз Президенти номидан «Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 70 йиллиги» юбилей медали, эсдалик совғалар ҳамда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан ажратилган пул мукофотлари тантанали равишда топширилди.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.