Пандемия шароитида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳар доимгидан-да долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу сабабли давлатимиз раҳбари иштирокидаги видеоселекторларда мазкур масала атрофлича муҳокама қилинмоқда. 

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш ишларини тизимли ташкил этиш, истеъмол бозорига маҳсулот етказиб берилишини мониторинг қилиш ҳамда нарх-навонинг асоссиз ўсишига йўл қўймаслик мақсадида туман прокуратураси, иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти туман бўлими ҳамда бошқа мутасадди идораларнинг масъул ходимларидан иборат туманда махсус штаб тузилди. Аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб-эҳтиёжи ўрганилиб, қиш-баҳор мавсумига етадиган даражада захирага эга бўлиш чоралари кўрилмоқда.

Бугунги кунда туман аҳолиси учун меъёр бўйича келгуси 6 ойда 2,9 минг тн. гўшт, 1,56 минг тн. товуқ гўшти, 700 минг тн. балиқ, 5,5 минг тн. картошка, 1 минг тн. гуруч, 9,5 минг тн. ун, 1,2 минг тн. шакар, 1 минг тн. ўсимлик ёғ, 21 млн. дона тухум, 700 тн. пиёз, 2,1 минг тн. сабзи талаб этилади. Ушбу маҳсулотларнинг маълум қисми ҳудудий тайёрлов ташкилотлари, мактабгача таълим ташкилотлари ва халқ таълими бўлими муассасалари томонидан жамғарилади. Шунингдек, маҳсулотларни баҳоргача сақлаш чоралари ҳам кўрилмоқда. Бунинг учун туманда сиғими 2100 тонналик, жами 42 та замонавий омборлар ва сиғими 4050 тонналик 5 та музлаткичлар тайёрланган.

Нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида бозорларда маҳсулот етиштирувчи деҳқонлар учун шароитлар яратиб беришга эътибор кучайтирилди. Уларга энг қулай савдо нуқталари ажратиш  чоралари кўрилиб, олибсотарларга қарши курашиш вазифаси туман Давлат солиқ инпекцияси зиммасига юклатилди.

Деҳқон бозорларида жамоат назорати штаблари ташкил этилди, "Косонсой деҳқон бозори" ҳудудида арзонлаштирилган маҳсулотлар ярмаркаси жорий қилинди. Қолаверса, асосий турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нархларининг кўтарилиб кетишига йўл қўймаслик учун "Элга хизмат" савдо расталари фаолияти йўлга қўйилди. Деҳқонлар ўз маҳсулотларини ўртакашларсиз, истеъмолчига тўғридан-тўғри етказишларини таъминлашга асосланган "Даладан растага" механизми жорий қилинди.

Чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, боғдорчилик ва сабзавотчилик фермер хўжаликлари, ММТП ва агрофирмалар ҳамда тегишли идора ва ташкилотлар раҳбарлари билан келишган ҳолда бозорлардаги махсус расталарда асосий турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари арзон нархларда сотилиши бўйича кунлик тақсимот режаси ишлаб чиқилди. Шунингдек, 69 та фермер хўжаликлари томонидан 2020 йил ғалла ўримидан бўшаган 352 гектар ер майдоннинг 107 гектар қисмига 321 тонна уруғлик ва 245 гектар қисмига 735 тонна истеъмол картошкаси жойлаштирилди. Ҳозирда картошкалар ҳосили йиғиштириб олинмоқда.

2-секторда ижтимоий-иқтисодий масалаларни ўз вақтида ҳал этиш, айниқса, тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама кўмак беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, туманнинг чегара ҳудудидаги Хонқўрғон маҳалласида фаолият кўрсатаётган хусусий тадбиркор Ш. Қосимова боғбон-у сабзавоткорлар оғирини енгил қилиш мақсадида қишлоқда музлаткич қуришни режалаштирган эди. Сектор раҳбариятининг кўмаги билан тадбиркор 200 тонна маҳсулот сақлашга ихтисослашган музлаткич қуришга муяссар бўлди. Бунинг учун "Турон банк"нинг Наманган вилояти филиалидан олинган 600 млн. сўмлик кредит маблағи асқотди. Электр таъминоти ва бошқа  коммунал хизматлар билан боғлиқ муаммолар ҳам ўз ўрнида ҳал этилди.

Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, янги-янги иш ўринлари яратаман, деган киши сектор раҳбарлари эътиборида бўлиб келаётганлигининг исботини Ш. Қосимованинг 2 қаватли бинони таъмирлаб, 16 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаш орзуси амалга ошганлигида ҳам кўриш мумкин. Тадбиркор аёл 300 млн. сўмлик кредит маблағи эвазига тикув машиналарига эга бўлди. Ҳозирда музлаткич маҳсулотларни бир маромда қабул қиляпти, тикув цехи ҳам ўз фаолиятини бошлади.

Бундан ташқари, 2-сектор ҳудудидаги Ровот МФЙда фуқаро       М. Аҳматжоновга 0,30 га ер майдони иссиқхона ташкил этиш учун берилди ва "Турон банк" Наманган филиалидан 160 млн. сўм кредит маблағи ажратилди.

Хуллас, энг муҳим масалалардан бири ҳисобланган озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб- қувватлаш туман прокуратурасининг доимий диққат марказида бўлиб келган ва шундай бўлиб қолаверади.

Ф. ТОИРОВ, туман прокурори.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.