Сентябрь ойи мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим воқеаларга бой бўлди. Улардан бири, ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жаҳондаги энг нуфузли халқаро ташкилот - Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси 75-сессиясида сўзлаган нутқи бўлди. Мана, бир неча ҳафтадирки, давлатимиз раҳбари БМТнинг юксак минбаридан билдирган фикрлари жаҳоннинг турли мамлакатларидаги сиёсатчилар, экспертлар, журналистлар, қолаверса, кенг жамоатчиликнинг диққат марказида турганлиги бежиз эмас.

Мазкур нутқ шу кунларда туманимиздаги корхона, ташкилот, муассасаларда, маҳалла фуқаролар йиғинларида   катта қизиқиш билан ўқиб-ўрганилмоқда.  Президентимизнинг БМТ Бош ассамблеясидаги нутқи энг аввало, ўзбек тилида янграганлиги билан кўпчиликнинг эътиборини тортганлигини қайд этиш зарур. Бу, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаганлигини яна бир бор намойиш этди.

 

Шунингдек, давлатимиз раҳбари  кўтарган масалаларнинг кўлами ниҳоятда кенглиги барчада унутилмас таассурот қолдирди.

Энг аввало, юртимизда рўёбга чиқарилаётган демократик ўзгаришларга жаҳон афкор оммасининг эътибори қаратилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия қабул қилинганлиги, хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни тобора ошаётганлиги аниқ мисоллар билан кўрсатилди.

  Президентимиз нутқида бугунги кунда бутун дунёни хавотирга солиб турган коронавирус пандемиясига қарши кураш бўйича ўринли мулоҳазалар билдирилди. Ушбу манфур хасталик кунига сайёрамиздаги юз минглаб одамларни тўшакка михлаётган, яна минглаб инсонларнинг ёстиғини қуритаётган шароитда давлатлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ўта муҳим аҳамият касб этади. Бунинг учун БМТ шафелиги остида иш юритиш лозим. Ҳар томонлама чуқур асосланган ягона дастурларни яратиш ва уларни зудлик билан амалиётга жорий этиш тўғрисида ўйлаб кўриш керак. "Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодекс"ни ишлаб чиқиш ҳақидаги фикр ҳам ўз вақтида  билдирилган  жиддий таклиф сифатида қабул қилинди.

Яна бир диққатга сазовор жиҳат - нутқда ёшлар ҳаётига оид глобал муаммолар  тўғрисидаги мулоҳазалар  муносиб ўрин олганлигидир. Шу ўринда Президентимиз ташаббуси билан бундан уч йил илгари дунё миқёсида  ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат - БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш таклифини олға сурилганлигини эсга олиш даркор. У  қабул қилинса, Ер юзининг барча минтақаларида навқирон авлодга   муносабат ўзгаради. Ёшларга ўзининг  давомчилари сифатида қараш ҳаммада шаклланади.

 Президентимиз нутқида Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни ривожлантириш масаласи етакчи ўринлардан бирини эгаллаганлиги ҳам кўпчиликка маъқул тушди. 2021 йилда  ЮНЕСКО билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида ўтказиши мўлжалланаётган  "Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида" деган мавзуда халқаро форум бу борада муҳим қадам бўлади. Қўшни  Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш масалалари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг доимий эътибор марказида бўлиши ҳам долзарб масала. Шунингдек, Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш ҳақида махсус резолюция қабул қилиш ҳақидаги таклиф бу ердаги муаммоларни ҳал этиш  йўлидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга  кўмаклашарди.

 Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг  Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 75-сессиясида сўзлаган нутқини янада кенг тарғиб қилиш чораларини кўриш ҳозирги энг муҳим вазифалардан биридир.

 Ўтган ойнинг сўнгги куни - Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишлаб Тошкентда ўтказилган тантанали маросим ҳам кенг жамоатчилик ўртасида катта қизиқиш уйғотди. Давлат раҳбарининг таълим-тарбиянинг жамиятдаги ўрни ҳақида билдирган фикрлари бутун халқимизнинг кўнглидаги гаплар бўлди.

Ҳақиқатан ҳам Президентимиз ўз сўзида таълим ва илм-фанни ривожлантириш йўлидаги долзарб вазифалар ҳақида жон куйдириб гапирди. Мазкур йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш зарурлиги қайта-қайта таъкидланди. Бусиз мамлакат тараққиётини таъминлаб бўлмаслиги очиқ-ойдин айтилди.

Бу ўринда маърифатпарвар боболаримиз Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунавварқори Абдурашидхонов "Буюк хизматлари учун" ордени билан тақдирланганлиги алоҳида аҳамиятга эга. Жадидлар ҳаракатининг бу атоқли арбоблари ўтган аср бошларида миллатни тараққиёт йўлига олиб чиқиш учун кўп меҳнат қилганликлари ҳаммамизга аён. Бу инсонлар халқимизнинг озодлиги ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида фидокорлик кўрсатганлар. Миллий таълим ва тарбия тизимига тамал тошини қўйганлар.

Президентимиз қайд этганидай, "Буюк аждодларимизнинг бетакрор ва ноёб илмий-маънавий мероси биз учун доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак. Бу ўлмас мерос ҳамиша ёдимизда бўлиб, бизга доимо куч-қувват ва илҳом бағишлаши лозим. Авваламбор, миллий таълим тизимини ана шундай руҳ билан суғоришимиз керак".

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Фармонга ҳам имзо чекди. Ҳеч шубҳасиз, тақдирланганларни биз юқорида тилга олган улуғ маърифатпарвар боболаримиз бошлаган ишнинг давомчилари деб аташ мумкин. Бутун халқимиз уларнинг машаққатли ва самарали меҳнати юксак даражада қадрланганлигини ҳис этиб турибди. Биз бу билан  давлатимиз раҳбарининг ўқитувчилар ва мураббийлар фаолиятига нақадар юксак эҳтиром кўрсатганлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.