Куз ҳам кириб келди. Ҳадемай қиш эшик қоқади. Бунинг учун ҳаммамиз мавсумга пухта тайёргарлик кўришимиз лозим.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори, вазирлигимизнинг чора-тадбирлар режаси асосида туман ҳудудидаги ижтимоий соҳа объектларининг ҳолати ўрганилди. Яъни уларнинг ёнғин хавфсизлиги  талабларига жавоб берадиган ҳолда бўлиши, эшик-деразалар, қозонхонадаги дудбуронлар созлиги, иссиқлик қувурлари махсус мато билан ўраб, ҳимояланганлиги ҳамда қозонхоналарнинг бирламчи ёнғин ўчириш анжомлари билан тўлиқ таъминланганлиги кўздан кечирилди. Туман ҳокимлигида тузилган комиссия билан ҳамкорликда олиб борилган ўрганиш жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида мутасадди идораларга тақдимномалар киритилди.

Аҳоли яшаш уйлари ва 43 та кўпқаватли уйларда электр кабеллари ҳамда газ таъминотининг меъёр талаблари асосида эканлиги назоратдан ўтказилди. Профилактик тадбирлар давомида аниқланган камчиликлар юзасидан фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 211-моддасига асосан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Бундай тадбирлардан мақсад, тобора яқинлашиб келаётган қиш мавсумини беталафот ўтказишдан иборат. Ҳар бир фуқаро ўз уйида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиши, идора ва ташкилотларда ҳам тартибларга қатъий амал қилиниши лозим. Айниқса, аёзли кунлар бошланиши билан турли қўлбола иситкичлардан, носоз электр қурилмаларидан фойдаланишга берилмаслик керак. Бундай ҳолатлар ёнғинни келтириб чиқаришига сабаб бўлишини унутманг. Доимо ҳушёр бўлинг.

              Х. ДЎСТМАТОВ, туман ФВБ профилактика ва назорат бўлинмаси инспектори, катта сержант.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.