Қабулхонамизга шу йилнинг ўтган даври мобайнида 280 дан зиёд мурожаатлар келиб тушди. Уларнинг аксарияти ариза мазмунида бўлса, шикоят ва таклиф кўринишидаги мурожаатлар ҳам бор. Муҳими, ҳар қандай мурожаатлар атрофлича ўрганилмоқда. Айниқса, фуқаролар томонидан билдирилаётган муаммоларни вақтида ҳал этиш, лозим бўлса, бир неча ташкилот ёки идоралар мутасаддилари билан кенгашган ҳолда масалага ижобий ечим топиш ҳаракатида бўлаяпмиз. Чунки муаммонинг катта-кичиги йўқ, унинг ортида инсон ёки кўпгина инсонлар тақдири турган бўлиши мумкин.  

"Олмазор" МФЙда яшовчи Ж. Жаҳонгиров ва бошқаларнинг кўчани таъмирлаб бериш юзасидан қилган мурожаати қабулхонамиз орқали ижобий ҳал этилди. Яъни ички йўлнинг 1 км. қисми туман Йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан асфальтлаб   берилди.

"Такаранг" маҳалласида истиқомат қилувчи Абдулло  Қосимов сунъий футбол майдончаси қуриш учун ер майдони ажратиб бериш юзасидан қилган мурожаати ҳам қисқа муддатда ечимини топди. Фуқарога 52-мактаб ҳудудидаги фойдаланилмай турган 0,20 га ер майдони ажратиб берилди.

Шунингдек, Обод маҳалласида яшовчи Музаффархон Пўлатовнинг ҳудуддаги аҳоли хонадонларини тоза ичимлик сув тармоғига улаб беришни,  хонқўрғонлик Ҳайитбуви Каримованинг яшаб турган хонадонини таъмирлашда амалий ёрдам кўрсатишни,  чиндовуллик Розия Турсунованинг қизини даволатишда кўмак беришни илтимос қилиб ёзган мурожаатлари ҳам тегишли ташкилот ва идоралар мутасаддилари билан бамаслаҳат ҳолда ҳал қилинди. 

Кўриб чиқилган мурожаатлар ижобий ҳал этилаётганлиги натижасида фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти номига билдираётган миннатдорлик хатлари ва ташаккурномалари сони ортиб бормоқда. Бу эса барчамизни қувонтиради, албатта.  Ахир бугунги кунда ҳар биримизнинг вазифамиз энг аввало, халқни рози қилиш, унинг дуосини олишдан иборатдир.

Т. МЎЙДИНОВА, Ўзбекистон Республикаси Президентининг

 тумандаги Халқ қабулхонаси мудири.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.