Туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ҳудудларни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида"ги, "Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожланиши бўйича сектор фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарорлари ҳамда "Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига асосан, тумандаги 2-секторда сайёр қабуллар ўтказилиб, аҳолини қийнаётган муаммоларни қисқа фурсатларда ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда. Бунда энг олис, чекка, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси паст бўлган аҳоли пунктларини қамраб олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилнинг олти ойида 16 та сайёр қабуллар ўтказилиб, уларда жами 124 та мурожаатлар келиб тушди.  Ариза ва шикоятларда билдирилган масалаларнинг аксарияти қабуллар жараёнида ҳал этилди. Жумладан, сектор раҳбари томонидан Мустақиллик байрами арафасида Наврўз ва Мовароуннаҳр МФЙ фуқаролари учун сайёр қабул ўтказилди. Унда қатнашган фуқаролардан фарзанд учун 2 ёшга етгунга қадар бериладиган нафақа пулини олиш, газ баллони билан таъминлаш, электр энергияси тармоғини тортиш, йўллар таъмири ва бошқа масалалар юзасидан мурожаатлар бўлди. Шундан 6 таси тегишли ташкилотларга ўрганиш учун берилди. Асосий қисми эса соҳалар мутасаддилари билан кенгашилган ҳолда жойида ҳал этилди.

2-сектор ҳудудидаги Хонқўрғон МФЙнинг олис қисми ҳисобланган Навобод кўчасида ташкилланган сайёр қабулда ҳам ижтимоий-маиший масалалар билан боғлиқ мурожаатлар бўлди ва улар тегишли тартибда ҳал қилинди.

Ўзи аслида сектор раҳбарияти ҳар бир ўтказилган сайёр қабулларда қўйилаётган муаммоларни имкони борича тез ва ижобий ҳал этиш чораларини кўришга ҳаракат қилмоқда.  Масалан, аввалги қабулларнинг бирида "Чак" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Қурбонова Зулайҳонинг мурожаатига асосан унинг ҳовлисидаги таъмирталаб яшаш уйи ўрнида ҳомийлар иштирокида янги 2 хонали уй қуриб берилди. Аҳолининг кўп йиллик муаммоси бўлган мактаб филиалини очиш бўйича секторнинг энг олис, чекка ҳудуди ҳисобланган Ровот МФЙ, Қоронқул кўчасида бошланғич синфлар учун ихтисослаштирилган 24-мактаб филиали ташкил этилди. Айни шу маҳалладаги 17-мактабга олиб борадиган йўлга асфальт ётқизилди ва Истиқлол кўчасининг 700 метр қисми шағалланди. Қолаверса, Ровот кўчасида яшовчи Аҳмедова Нодира томонидан билдирилган 80 ўринга мўлжалланган хусусий боғча ташкил этиш билан боғлиқ мурожаат ҳам ижобий ечимини топди. Яъни боғча шу йилнинг февраль ойида ишга тушди.  

Хуллас, Давлатимиз раҳбари томонидан фуқаролар билан жонли мулоқот қилиш, аҳолининг долзарб муаммоларини аниқлаш ва ўз ўрнида ҳал этиш, секторларга топширилган экан, бундай маъсулиятли вазифани сидқидилдан адо этиш, фао-лиятимизни янгича стратегия ва тизим асосида олиб бориш доимий диққат-эътиборимизда бўлаверади.

Д. АБДУЛЛАЕВ, туман прокурори ўринбосари.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.