Юртбошимиз томонидан қўйилган талаб асосида аҳоли муаммоларини ўрганиш ва аниқлаш учун ҳозирги кунларда уйма-уй юриш анъанага айланган. Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш  даражаси нисбатан паст, аҳолини қийнаб келаётган долзарб муаммолари мавжуд бўлган ҳудудлардаги хонадонларда бўлиб, одамлар билан дилдан суҳбатлашилмоқда. Август ойи аввалида "Ўзбекистон", "Бомраҳа", "Янги шаҳар", "Чак" ва "Гулбоғ" маҳаллаларидаги ҳолатлар Косонсой ҳамда Наманган тумани Халқ қабулхонаси мудирлари, фавқулодда вазиятлар идоралари ходимлари,  ҳокимлар  ўринбосарлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Кенгашлар вакиллари ва бошқа мутахассислардан иборат 26 та кичик ишчи гуруҳлар орқали ўрганилди. Мазкур жараёнда 407 та муаммоли масалалар аниқланди. Уларнинг аксарияти бандлик билан боғлиқ бўлди. Шунингдек,  ер участкаларига эгалик ҳуқуқини тиклаш, газ баллони етказиб бериш, соғлиқни сақлаш, уй-жой, моддий ёрдам ва банк кредитлари билан таъминлаш сингари масалаларга тўғри келди.

Аҳоли хонадонларидан ташқари, ижтимоий ва бошқа объектларда ўрганишлар ҳам ўтказилди. Бунинг натижасида ичимлик суви, электр таъминоти, йўлларни таъмирлаш, ободонлаштириш билан боғлиқ камчиликлар мавжудлиги аниқланди.

Қайта ўрганиш натижасида муаммоси ҳал этилмаган 11 та хонадон бўйича муаммолар ҳал этилган, деб назоратдан олинганлиги маълум бўлди ва бу муаммолар ижрога тикланди. Оғир ҳудудларни ўрганиш даврида аниқланган муаммоларни Халқ қабулхонаси ҳамда мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Олиб борилган ана шундай ишлар натижасида жами 220 та муаммолар бартараф этилди.

Туманда сектор раҳбарларининг сайёр қабулларини ўтказишга ҳам алоҳида аҳамият берилмоқда. Ўтган давр мобайнида барча секторларда туман ҳокими ва Халқ қабулхонаси мудири томонидан тасдиқланган жадвал асосида ана шундай қабуллар ташкилланди. Уларда билдирилган мурожаатлар изчил ўрганилиб, жойида ҳал этилди. 

М. Аъзам МФЙ, Нурафшон кўчасида яшовчи Моҳигул Назарова оммавий қабулда маҳаллада электр кучланиш пастлиги, мавжуд электр тақсимлаш пунктидан меъёрдан ортиқ истеъмолчилар фойдаланиб келаётганлиги ва бу ҳолат электр энер-гиясида узилишларга олиб келаётганлигидан арз қилган. Аризачининг шикояти обдон ўрганилди ва маҳаллага юқори кучланишли ЭТҚ ўрнатиб берилди. Обод маҳалласи аҳолисининг ичимлик суви тўғрисидаги мурожаати ҳам ижобий ечимини топди. Яъни Наво кўчасига 3 км. масофадан кўпроқ жойга тоза ичимлик суви тармоғи тортилиб, фойдаланишга топширилди. Бунинг натижасида 220 та хонадон тоза ичимлик суви билан таъминланди.

Ҳуррият-2 маҳалласида ўтказилган оммавий қабулда маҳалла аҳли фаолияти тўхтаб қолган мактабгача таълим муассасасини таъмирлаб, ишга туширишни сўраганди. 2 млрд 333 млн. сўмлик капитал таъмирлаш ишлари бажарилиб, 27-МТТ намунали даражага келтирилди. Шунингдек, Жар маҳалласидагиларнинг талаб-истаклари асосида маҳалла марказига 420 ўринли, 8 млрд. сўм қийматдаги мактаб биноси қурилишига киришилди.

Бундай ишлар кўлами тобора кенгайиб, аҳолининг мурожаатлари асосида фаол иш олиб бораверамиз. Зеро, бу бизнинг бугунги кундаги энг муҳим вазифамиздир.

Т. МЎЙДИНОВА, Ўзбекистон Республикаси Президентининг

тумандаги Халқ қабулхонаси мудири.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.