Кейинги пайтларда айрим аёлларнинг "гап", "ўтириш" сабаб турли ошхона-ю кафеларда маиштабозлик қилишлари одатга айланди. Бирор ташкилотда ишлайдими, ҳар кимнинг  ўз доирасида фалон кунга "ўтириши" белгиланади. Топиш-тутиши баракалироқ бўлган айрим аёллар эса ҳатто 3-4 та ўтиришларни ҳам канда қилишмайди. Бунда 2-3 соатлик ўтириш давомида киши бошига фалон сўм сарфланиши ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмайди.

Бундай ўтиришларда албатта, бир-бирларидан ҳол-аҳвол сўралиб,  мавзу фарзандлар борасига бориб тақалади:

-Яқинда тўнғич ўғлим мактабга борган эди, ҳадемай   уйлантирадиган бўлиб қолади-я...

-Эҳ, нимасини айтасан, ўзимни ҳамон ёшлар қаторида санаб юрсам, қирқ беш ёшни уриб қўйибмана...,-каби сўзларни эшитиб беихтиёр ўйга толасан, киши.

Ҳа, вақт оқар сув мисоли деб бежиз таъриф берилмаган экан. Бир ухлаб турсак тонг отганидек, эрта билан кечнинг ораси бир зумдек туюлмоқда. Очиқчасига тан олсам, вақт ҳақида ўйлар эканман, баъзан айримлар томонидан бебаҳо умрнинг қимматли дақиқаларини, айниқса, мана шундай "гап-гаштаклар"да бесамар совурилатётганлигига кўнглимни қоронғилик эгаллайди.

Авваллари бу қадар оммалашмаган "гап-гаштак"ларнинг маънавий ва иқтисодий томонлари ҳам борки, бу тарафларни ҳам бир ўйлаб кўриш фойдадан холи эмас.

Айтайлик, "гап" издиҳомларининг дастурхонига оз-мунча пул сарфланмайди. Боз устига "гап"даги аёлнинг уйида уч-тўрт, балки ундан ҳам ортиқ қора кўз фарзандлари бор. Наҳотки улар ўз зурриёдларисиз тўкин дастурхон атрофида бемалол ўтира олсалар? Ҳолбуки, биз табиатда онгсиз, деб ҳисоблайдиган жониворлар ҳам ўз зурриёдларига тошмалаб егулик олиб келишларини кўплаб кузатиш мумкин. Баланд дарахтга ин қурган она қуш тумшуғида егулик келтириб, полапонини боқаётган манзарани кўз олдингизга келтиринг-да, тилла узукларни ярқиратиб "табакахўрлик" қилаётган айрим аёлларни бир тасаввур қилинг. Уларнинг қайси бири қалбингизга илиқлик бахш этади?

Бундай давраларда маънавият, маърифат ҳақида фикрлашишлар бўлса ҳам майли эди. Ким қандай китоб ўқигани ҳақида сўз очиш чанқаётган кишига талқон кутиш мисоли ноўрин туюлади.

Умримизнинг асосий қисмини ишда, тижоратларда ўтказиб, дам олиш кунларини эса гап-гаштакларда ўтказаверсак, ўғил-қизларимизни аниқки, ойнаи жаҳон, видеоплеер ёки компьютер ўйинлари "тарбиялайди".

Аёлларимиз орасида нарх-наводан, етишмовчиликдан нолиб туриб, узоқ қишлоқдан шаҳар марказига келишиб, у ёки бу табакахоналарда маишат қилишга оғринмай харажат қиладилари ҳам кўпчликни ташкил этади.

Ваҳоланки, ундай аёллар ҳеч йўғи икки йилда бир бора ўғил-қизини музейларга олиб бориш у ёқда турсин бадиий китоблар олиб беришмайди. Кутубхонага киришни улар хаёлларига ҳам келтирмасалар керак.

Хуллас, умримизнинг варақларини чиройли хислатларимиз билан безай олсак, келгуси авлодларимизга ибрат бўлармидик... Ўтиб бораётган, сира қайтариб бўлмайдиган вақтларимизга мазмун бахш этсак, дилимиздаги ғуборлар тарқалар эди. Демакки, ғийбатлар барҳам топиб, атрофимиздаги яқинларимизга ҳам софлик ва беғуборлик улашиб, ибратли умр кечиришга нима етсин?

Неъматжон Баҳромов, жамоатчи мухбир.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.