Вилоят адлия бошқармасида 27 июнь - матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан тадбир бўлди. Уни вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Хайрулла Собиров  очди ва олиб борди.

У  оммавий ахборот воситалари ходимлари вакилларини касб байрамлари билан қизғин табриклади. Шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишда, қонунлар тарғиботида оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишларга эътиборни қаратди.

Вилоят адлия бошқармаси  бўлим бошлиғи Наима Ёдгорова эса Президен-тимизнинг 2018 йил 13 апрелдаги "Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони  асосида тизимда ислоҳотлар кетаётганлиги, жумладан,барча шаҳар ва туманларда адлия бўлимлари ташкил этилгани, 2018 йил сентябрда вилоят адлия бошқармаси ва вилоят телерадиокомпанияси, 2019 йил апрелда эса вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси билан имзоланган меморандум натижалари хусусида тўхталди.

 Республика ва вилоят телевидениеси, радио орқали 50 дан ортиқ кўрсатув, эшиттириш, репортаж, лавҳа, суҳбат ва роликлар, интернет сайтларида 1000 дан ортиқ,босма нашрларда 100 дан ортиқ ҳуқуқий мавзудаги материаллар берилгани, шунингдек, фаолиятда инновацион технологиялардан унумли фойдаланилаётгани, 2,5 млн нусхадан ортиқ буклет,плакат ва бошқа кўргазмали воситалар тарқатилгани ва бунинг натижасида ҳуқуқий  тарғибот самарадорлиги 5 баробарга ошганлигини алоҳида таъкидлади.

Тадбирда вилоят телерадиокомпанияси директори, сенатор Муҳаммаджон Мақсудов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси,"Наманган ҳақиқати" газетаси бош муҳаррири  Маҳмуджон Парпиев, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси  масъул ходими Оқилхон Дадабоев ва бошқалар кун тартибидаги масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Тадбир якунида журналистларнинг бир гуруҳи вилоят адлия бошқармасининг фахрий ёрлиқлари,ташаккурномалари ва эсдалик совғалари билан  тақдирланди.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.