Табаррук ислом динимиз тинчликпарвар эканлиги барчамизга аён. Муқаддас китобларимизнинг ҳар бирида одамлар эзгу амалларга - бир-бири билан ўзаро иттифоқликда яшашга, меҳр-оқибатли ва хайр-саховатли бўлишга даъват этилади.

Унда ёшларга кенг қамровли, ҳар тарафлама, жисмоний, руҳий, ахлоқий томонлардан тарбия беришга чақирилади. Бироқ дин ниқоби остида ўта маккорлик билан иш олиб бораётган экстремистик гуруҳлар ҳам борки, уларнинг асл мақсади ниҳоятда жирканч ва тубандир. Таблиғчилар ҳаракати ана шундай - қабиҳ ниятлилар тоифасига киради. Бугунги кун ёшлари орасида илғор фикрли, билимлилар кўпчиликни ташкил этади. Шу билан бирга тарбияга муҳтожлари ҳам бор. Ёшларни ҳаёт тажрибаси ортгани сари малака ва ақли етилиб боради. Ҳар дақиқани ғанимат билиб, турли илму фанларни ўрганади.

Икки дунё саодатига эришиш учун гўзал ахлоқ сохибига айланади. Бироқ тўғри йўлдан озган, фикрлаш, юриш туришида, ақида ва амал қилишда хатога йўл қўядигандлари ҳам бор. Таблиғчилар ана шундай ёшларни ўзларига оғдиришга ҳаракат қилишади. Улар бошқаларни даъват этиш учун узоқ муддатли сафарларга чиқишади. Илми саёз, таъсирга берилувчанларни ўзларига бўйсундиришга интиладилар. Шу сабабли кўпроқ чекка-чекка ҳудудларда юриб, ташвиқот олиб борадилар. Таблиғчилар диний ва дунёвий илми кучли инсонлар билан рўбарў келишдан ниҳоятда чўчийдилар. Чунки савол-жавоблар пайтида саводсизликлари панд беришини биладилар.

Таблиғчиларнинг хатти-ҳаракатлари макр ва алдов асосига қурилган. Улар террорчи гуруҳлар тайёрлайдиган инкубатор эканлигидан ҳамиша огоҳ ва ҳушёр бўлишимиз даркор. Мустақиллик йилларида турли бузғунчи экстремистик гуруҳлар томонидан бизга қарши гоҳ яширин, гоҳ очиқ-ошкора олиб борилган курашлардан кўпчилигимиз бохабармиз. Тинчлигимизга рахна солишга ҳаракат қилган турли оқимларнинг асл мақсадлари фош этилганлигини ҳам биламиз. Шунинг учун бирор дақиқа бўлса-да, ҳушёрликни йўқотмаслигимиз лозим. Чунки айни пайтларда ҳам таблиғчилар сингари экстремистик гуруҳлар ҳар хил йўллар билан айримларни ўз таъсирларига туширишга уринаётганликлари ҳам бор гап.

Бундай вазиятда айниқса, ёшларимиз онгини ёвуз ғоялардан асрашимиз лозим. Бунинг учун биз фарзандларимизни ёшлик чоғларидан бошлаб одобли, ахлоқли қилиб тарбиялаш билан бирга, илм фанларнинг барча қирраларини пухта эгаллашга қизиқтириб боришимиз зарур бўлади. Мактабларда берилаётган дарсларни ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш билан бирга, тубан мақсадларни кўзлаган экстремистик гуруҳлар интернет орқали ҳам ўғил-қизларимиз онгини заҳарлашга интилаётганликларидан огоҳ бўлишимиз зарур. Айрим ёшлардаги мафкуравий бўшлиқни тўлдириш учун уларнинг олтинга тенг вақтларини беҳуда ўйинларга сарфламасликка ўргатиб бориш ҳар бир ота она ва устозларнинг масъулиятли бурчлардан бири эканлигини чуқур англаб, унга қатъий амал қилишимиз лозим бўлади.

А. Олимов.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.