Закот беришга қодир инсон молининг ўсишига, кўпайишига, энг муҳими, баракали бўлишига ҳамда турли бало, офатлардан сақланишига эришган бўлади. Бойлиги нисобга етган киши унинг қирқдан бир қисмини, яъни 2,5 фоизини закот сифатида бериши фарз амаллардан саналади. Закотнинг шарти иккитадир: биринчиси, закот олувчига закотни мулк қилиб бериш, яъни ўша берилаётган мол-мулк олувчининг моли бўлмагунча закот адо бўлмайди. Шунинг учун ҳам закотни кўприк, йўл, сув омбори каби кўпчилик фойдаланадиган нарсаларга сарфланмайди. Иккинчиси эса закот миқдорини молидан ажратиш пайтида ёки фақирга беришда закот, дея ният қилишдир.

Закотни кимларга бериб бўлмайди? Уни нисоб миқдорича моли бўлган кишига, ота-онаси, бобо-момосига, ўғил-қизларига ва уларнинг фарзандларига бериб бўлмайди,

эр-хотин бир-бирига бериши ҳам мумкин эмас.

Кимларга берган афзал деган саволга "Фатовои хиндия" китобида ёзилишича, закот ва фитрни беришда энг афзали аввало ака-ука, опа-сингиллар ҳисобланади. Сўнг уларнинг фарзандларидир. Шунингдек, қарзи бор кишига закот бериш фақирга закот беришдан кўра афзалроқдир.

Закот пулига китоб чоп қилдириб, уни олишга имкони бўлмаган ҳақдорларга тарқатилса, закот адо бўлиб, илм оммалашишининг савобига ҳам эга бўлинади.

Чорва ҳайвонлари ярим йилдан кўпроқ давомида яйловда ўтлатилса ва нисобга етса, улардан ҳам закот берилади. Қорамолнинг сони 30 та бўлса, нисобга етган ҳисобланиб, ундан закот учун битта бир ёшли бузоқ берилади. Қўй ва эчкининг сони 40 та бўлса, улардан битта қўй ёки эчкини закот учун ажратиш керак.

Тижорат мақсадида уйда боқилаётган ҳайвонлар сони қанча бўлишидан қатъи назар, уларнинг қиймати ҳисобланади, агар қиймати нисобга етса, қирқдан бири закот учун берилади.

Чорва моллари сотиш ниятида боқилаётган бўлса, уларнинг неча бош эканига қараб эмас, балки ўша кундаги қийматини ҳисобланади ва бир йилга тўлган бўлса, закот чиқарилади.

Оқар сув ёки ёмғирда суғорилган экинларнинг ҳосилидан харажатлар чиқарилмасдан ушр (ўндан бир) берилади. Ерга ишлов берилмасдан, ўзи ўсиб чиққан маҳсулотлардан ушр берилмайди. Сув чиқаришга чархпалак, ҳайвон ва бошқа нарсаларни ишлатиб, сарф-харажат қилинган бўлса, маҳсулотнинг йигирмадан бири берилади. Суғоришдан бошқа ишларга сарфланган харажатлар эътиборга олинмайди. Асалдан олинган маҳсулотнинг гарчи оз бўлса ҳам ўндан бири ушр сифатида фақирларга тарқатилади.

Ҳовлидаги мевали дарахтлар ҳосилидан ушр берилмайди. Балки даласидаги дарахтлари мевасида ушр тарқатилади. Зеро, ҳовлидаги нарсалар ундаги иморатларга тобе ҳисобланади.

Айни кунларда муборак Рамазон ойини ўзгача меҳр билан ўтказмоқдамиз. Бу ойда қилган эзгу ишларимиз билан Яратган эгамнинг беҳисоб савоб-ажрига эришгаймиз, иншаоллоҳ.

Қ.АЗИЗОВ, Ўзбекистон Мусулмонлар

идорасининг тумандаги вакили.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.