Эртага ер куррасининг барча мусулмонлари томонидан Қурбон ҳайити нишонланади. Истиқлолга эришилган юртимизда ҳам бу табаррук байрам кунлари энг эзгу амаллар адо этиб келинмоқда.  Қурбон ҳайити муносабати билан Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси матбуот хизмати раҳбари Муҳаммад Аюб ҲОМИДОВ суҳбатида бўлдик.

- Ҳурматли домла, қурбонлик амали ўзи нима, унинг тарихи тўғрисида муштарийларимизга қисқача маълумот берсангиз.

- Қурбонлик луғатда "яқинлашмоқ", "яқин бўлмоқ" маъноларини билдириб, истилоҳда бу сўз Аллоҳга яқин бўлиш мақсадида жонлиқ сўйишни англатади. Қурбонлик ислом динининг вожиб амалларидан биридир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурбон ҳайити куни эрта билан ўзлари қурбонлик қилган ва бошқаларни ҳам шунга тарғиб этган эканлар.

Қурбонлик ҳижрий иккинчи йил вожиб ҳисобланган бўлса-да, унинг тарихи анча узоқларга - Иброҳим алайҳиссалом замонларига бориб тақалади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қурбонлик қилинглар! Албатта, у отамиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатларидир", деганлар.

- Қурбонлик қилишдан мақсад-муддао нима?

- Қурбонлик қилишдан мақсад, банда ўзининг Аллоҳ амрига итоатини, тақвосини намоён этишдир. Аллоҳ таоло банда сўйган ҳайвоннинг гўштига ҳам, қонига ҳам муҳтож эмас: "Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли - У зотни улуғлашларингиз учун - уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!" (Ҳаж сураси, 37-оят).

Шунингдек, қурбонлик қилиш Аллоҳ таолонинг амрини адо этишга банданинг тайёр эканини кўрсатади ва тўғри йўлга ҳидоят қилгани учун шукур этиш бўлади. Аслида ҳам мана шундай доруломон кунларда соғ-омон яшаб юрганимизга, қорнимиз тўқ, устимиз бут эканлигига ҳар қанча шукур қилсак, арзийди. Шу ўринда қурбонлик қилиш имкони бўлган инсоннинг  мазкур амал орқали бева-бечораларни тўйғазиши шукурнинг ўзига хос бир кўриниши ҳисобланади.

- Қурбонлик кимларга вожиб саналади ва қандай ҳайвонлар қурбонлик қилиниши ҳақида тушунча берсангиз.

- Қурбонлик қилиш мусулмон, оқил, солиҳ, муқим ва закот беришга қурби етган инсонга вожиб бўлади.  Қурбонлик қўй (эчки ҳам тушунилади), қорамол ва туялардан бирини сўйиш билан адо этилади. Бу ҳайвонлардан бошқаси қурбонликка ўтмайди.

Қўй олти ойлик ва ундан катта, қорамол эса икки ёки ундан катта ёшда бўлиши шарт. Қорамол ва туяни бир неча киши қўшилиб, қурбонлик қилиши мумкин. Қурбонликка ярамайдиган айби ёки нуқсони бор ҳайвонларни сўйишдан эҳтиёт бўлиш лозим.

- Қурбонликнинг қийматини пул тариқасида садақа қилиш мумкинми?

- Қурбонлик талаб этилган жонлиқлардан бирини сўйиш орқали адо этилади. Жонлиқни сўймай, жонлиқни ёки унинг миқдорига тенг маблағни бериш қурбонлик ҳисобланмайди. Балки садақа ҳисобланади. Алоуддин Косоний раҳматуллоҳи алайҳ бундай дейди: "Бир киши қурбонлик кунларида қўйнинг ўзини ёки қийматини садақа қилса, қурбонлик ўрнига ўтмайди. Чунки қурбонликнинг вожиблиги қон оқизишга боғлиқдир"(Бадоеъус саноеъ).

- Қурбонлик одобларига риоя этиш юзасидан нималарни тавсия қиласиз?

- Қурбонлик қилувчи шахснинг нияти тўғри ва холис бўлиши лозим. Бошқалар кўрсин ёки эшитсин, деган ҳисдан йироқ бўлиши шарт ёки "Шу молни сўйиб олсам, гўшти арзон тушарди", деган хаёлда бўлмаслиги керак. Қолаверса, айб ва нуқсони бор ҳайвонни сўйишдан сақланиш зарур. Қурбонлик қилувчи ўз қўли билан сўйиши мустаҳабдир, аммо буни уддалай билмаса, бошқага сўйдиришнинг ҳеч ҳам зиёни йўқ.  Қолаверса, қурбонликнинг вақтига риоя этиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Энг асосийлардан бири,  сўйиш одобларига риоя қилиш, яъни  бу амални бажариш пайтида ҳайвоннинг жонига азоб бермаслик учун  пичоқнинг ўткир бўлишини таъминлаш лозим. Тағин пичоқни ҳайвоннинг олдида ўткирламасликка ҳам эътибор қаратиш керак.

- Пандемия муносабати билан эълон қилинган карантин шароитидаги тартиб-қоидаларга риоя этиш юзасидан юртдошларимизга қандай маслаҳатлар берасиз?

- Энг аввало, ҳар бир вазиятдан ҳикмат излаш, ҳозирги бироз хавотирли, аммо ўткинчи кунларимизни ҳам ўзига хос синов тариқасида қабул қилиш лозим. Албатта, ваҳимага асло берилмаслик, аксинча, сабр-қаноат билан шифокорлар маслаҳатига амал қилиш мақсадга мувофиқдир.

Ҳайит кунлари эса байрамни уйда, оила даврасида нишонлашни тавсия этамиз. Қурбонлик учун сўйилган ҳайвон гўштини моддий томондан қийналган, эътибор ва кўмакка муҳтож қўни-қўшни, ёр-биродарларга тарқатиш лозим. Шунда қилинган хайр-эҳсоннинг қадри янада улуғ бўлади.

Анорбой ОЛИМОВ суҳбатлашди.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.