Марказий Осиёда илк газета Тошкентда "Туркестанские ведомости" ("Туркистон ведомостлари") ва "Туркистон вилоятининг газети" номи билан 1870 йилдан чиқа бошлаган.

Мазкур газета ўлкадаги даврий матбуотнинг шаклланиши ва ривожланиши учун туртки бергани билан ҳам аҳамиятлидир.

"Туркистон вилоятининг газети"нинг 1875 йилги сонларидан бирида  Косонсойдаги Кушонийлар давлатининг эрамиздан аввалги 3-2 асрларда ҳарбий-маъмурий марказларидан бири бўлган Муғқаъла қароргоҳи ҳақида илк маълумотлар  чиққан эди. Унда ёзилишича, француз олими Байрон Уйфалфи Косонда бўлиб, Муғ харобаларини ўрганган биринчи мутахассис бўлган экан.  Ундан кейин 1896 йилда  рус олими Н. Шербина-Крамаренко  кўҳна Косонсой харобаларида биринчи марта археологик  қазишмалар олиб борган.

Бу маълумотлар қўҳна тарихимиздан ҳикоя қилади  ва булардан  биз газета тахламларидан воқиф бўламиз. Гарчи мустамлакачаликка  асосланган тузум нашр-лари бўлса-да, ўлка газеталари ўзбек публицистикасининг шаклланишига йўл очди. Зокиржон Фурқат, Сатторхон Абдуғаффоров, Исҳоқхон Ибрат, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва бошқа зиёлиларнинг бу газетадаги чиқишлари натижасида Туркистон ўлкасида жаҳолатга қарши кураш, оммани, айниқса, ёш авлодни ҳар томонлама илм-маърифатли қилиб тарбиялашга интилиш ҳаракатининг кучайишини таъминлади. Бошқача айтганда, мазкур нашр маърифатпарварларнинг фикр ва сўз айтиши учун илк минбар вазифасини ўтади.

- Туманимиз  тарихи хазинасига айланиб бораётган Косонсой тарихи музейида олти мингдан зиёд экспонатлар сақланади. Улар орасидаги турли йилларда нашрдан  чиққан газета таҳламларининг  ўрни ва аҳамияти катта. Улардаги манбалар тарихимиз ҳақида сўйлайди. Мана масалан, туманимизнинг бош нашри "Косонсойнома"нинг турли йилларда, турли номларда чиққан нашрлари  экспонатлар орасидан  жой олган. Газетанинг 30-йиллардаги нашрларидан бирида собиқ тузум давридаги коллективлаштириш сиёсати,бу жараёнда халқимизнинг иштироки ҳақидаги мақолалар,факт ва рақамларга дуч келамиз. Иккинчи жаҳон уруши давридан сақланиб қолган  газета парчасида косонсойликларнинг фронтга ёрдами ҳақида батафсил танишишимиз мумкин, - дейди Косонсой тарихи музейи директори Муҳаммадхон  Акрамов.

 Буни қарангки, газета деб аталмиш босма нашрнинг  бир парчаси ҳам  бой тарихимизни янада чуқурроқ ўрганишимизда муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.

Бугун мустақил юртимизда амалга оширилаётган улкан ўзгариш ва янгиланишлар ҳақида газеталаримиз ижодкорлари тўлқинланиб ёзишмоқда. Ана шундай ўтаётган ҳар бир кунимиз тарихга муҳрланмоқда. Бунда газеталарнинг роли ва ўрни нақадар аҳамиятли эканлигини  келажак авлодларимиз шубҳасиз, тушуниб етишишади.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.