Бугуги кунда бутун сайёрамизда табиат неъматларидан оқилона фойдаланиш энг долзарб масалалардан бирига айланган. Атроф-муҳит мусаффолигига эришиш, она табиатни турли чиқиндилар, зарарли газлардан муҳофазалаш ҳам долзарблигича қолмоқда. Шу боис мамлакатимизда экологик маданиятни юксалтиришга алоҳида эътибор билан ёндошилмоқда. Инсон ва табиат ўртасидаги муносабатлар мутаносиблигига эришиш эса давлат назоратига олинган.

Зеро, ҳозир инсониятни ўйлантираётган муаммолардан энг муҳими, бу экологик муаммолардир. Дунё ҳамжамияти атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатаётган ва глобал исишни юзага келтираётган омилларни бартараф этиш ҳақида обдон бош қотирмоқда. Чунки айни шундай ҳолатлар, яъни, турли заҳарли газларнинг атмосферага ташланиши туфайли зарарли нурлардан ерни ҳимоя қилувчи озон қобиғида "туйнук" пайдо бўлди, бутун башариятнинг ҳаёти ва саломатлиги учун хатарли вазият вужудга келди. Энди ана шу туйнукни кичрайтириш масаласига энг долзарб муаммолардан бири сифатида қаралмоқда.

Кундалик турмушда биз эътибор бермайдиган ва арзимасдек туюладиган хатоларимиз улкан фалокатларга сабаб бўлишини тасаввур ҳам қилолмаймиз. Ваҳоланки, бугун сувдан тежаб-тергаб фойдаланмаслик эртага ичимлик суви етишмовчилигини юзага келтиради. Она табиатга ҳудбинларча, беписандлик билан муносабатда бўлишимиз эса ундаги мувозанатни ушлаб турувчи флора ва фаунага зарар етказади. Оқибатда инсоннинг нормал ҳаёт кечириши учун қийин бўлган шароит туғилади.

Мамлакатимизда атроф муҳитни асраб-авайлаш борасида қабул қилинган қонунлар,  қарор ва фармойишлар билан бир қаторда кўплаб муқаддас китобларимизда ҳам она табиатга беписанд муносабатда бўлмаслик юзасидан қимматли ўгитлар айтиб ўтилган. Муқаддас Қуръони каримнинг қатор оятларида табиат, уни асраб-авайлаш мавзуларининг зикр этилганлиги ҳам сўзимнинг яққол исботидир. 

Ислом дини таълимотида  кичик бир заррадан тортиб, наботот ва ҳайвонот оламининг яратилиши буюк  Аллоҳнинг улкан неъмати бўлиб, уларни зое ва исроф қилиш ҳаромдир. Ҳар бир инсон табиат неъматларини ифлослантириш ва исроф қилишдан тийилиши, ундан тежамкорлик билан фойдаланиши, қадрига етиши шартдир.

Афсуски, сўнги пайтларда табиат ресурсларидан нооқилона фойдаланиш ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг эртанги кунига жиддий салбий таъсир кўрсатиш, хоҳлаган жойга, айниқса, тоза сув оқиб ўтадиган ариқ ва анҳорларга  чиқинди ташлаш  ҳолатлари кузатилаётгани барчамизни ташвишлантириши ва бундай кўнгилсизликларнинг олдини олишга оёқлантириши зарурдир. 

Бу борада ҳар бир фуқарони,  айниқса ёш авлодни атроф-муҳитга, табиатга нисбатан меҳр-шафқатли этиб камол топтириш,  улар орасида экологик маданиятни янада ривожлантиришда назарий  ўқитиш ва  ўргатишнинг ўзи кифоя бўлмаслигини замоннинг ўзи кўрсатиб турибди.

Шу боис мактабгача таълимдан бошлаб она табиатни асраш ва экологик маданиятни ривожлантириш бўйича олинган билимларни тажрибали отахон ва онахонларнинг шахсий намунаси билан мустаҳкамлаш зарур.

Аммо ҳар бир фуқаро белгиланган тартибга риоя этмаса, ижобий натижага эришиш қийинлигини эслатиб қўймоқчимиз. Қолаверса, бу, фуқаролик бурчимиз эканлиги ҳам ёдда туриши лозим. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституцияда белгиланганидек, фуқаролар атроф-табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар. Шунингдек, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий заҳиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир. Шундагина келгуси авлод биздан рози ва миннатдор бўлади. 

Музаффар АБДУЛЛАЕВ, Халқ депутатлари

вилоят Кенгаши депутати.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.