Ўзбек халқининг миллий тили ўзбек тилидир. Ўзбек сўзининг муқаддаслигига ҳамма замонларда  иймон келтирган, ҳеч қачон сўзидан тонмаган, лафзига мункир келмаган, сўзни ўз фарзанди каби эъзозлаган. Бу қадим юртда, нафосату маърифатнинг кўҳна маскани бўлмиш она Туркистонимизда  сўзнинг қадри ҳам, қадди ҳам азалдан баланд бўлган.  Азал-азалдан инсон зоти ўз қалбидаги ҳиссиётларини, фикр-мулоҳазаларини кўнгил сандиғининг калити - тил, унинг жавоҳи- ри - сўз билан ифодалаб келади. Буюк мутафаккир Алишер Навоий сўзга шундай таъриф беради:

Сўздурки нишон берур ўликка жондур,

Сўздурки берур хабар жонга жонондин.

Инсонни сўз айлади жудо ҳайвондин,

Билки гуҳари шарифроқ йўқ ондин.

Она тилини ўқитишдан мақсад ўқувчиларга ўз она тилида фикрини тўғри, аниқ, равон ифодалай олиш кўникмаларини шакллантиришдан иборат. Ҳар бир тилнинг жамият билан узвий боғлиқлиги исбот талаб қилмайдиган аксиома. У одамларнинг бир-бирлари билан ўзаро алоқа қилиш воситаси экан, жамиятнинг тилга, тилнинг эса жамиятга таъсир кучи юзага келаверади.

ЮНЕСКО маълумотларига кўра, ер шари аҳолиси икки мингдан кўпроқ тил ва шеваларда гаплашади. Бугунги кунда ер шари аҳолиси ўртасида асосан бешта - хитой, инглиз, испан, рус ва ҳинд тиллари устунлик қилаётир. Ўзбекистон мустақил бўлгач, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Лекин бу мамлакатимиз ҳудудида яшовчи бошқа миллатга оид фуқароларнинг ўз она тилларини ўрганишларига ва умуман бошқа тилларни ўрганишга эътиборни камайтирмади. Дунё халқлари орасида иқтисодий, фан ва техниканинг алоқалари қизғин тусга  кирган, ҳозирги даврда ҳар бир фуқаро ўз келажагини кўзлаб, она тилидан ташқари, яна қайси тилни ўрганишни ўзи белгиламоғи керак. Жаҳон тараққиёти даражасига эришмоғимиз учун ёшларимиз камида уч тилни ўрганмоқлари лозим. Кўп тиллилик бизга аждодларимиздан қолган меросдир. Жумладан Алишер Навоий яшаган XV асрда ҳам замоннинг илғор кишилари она тилидан ташқари яна икки тилни билганлар.

   Ҳозирги кунда чет тилларини билиш, жумладан, инглиз тилини билиш асосий  ижтимоий талаблардан биридир. Чунки дунё мамлакатларининг кўпчилигида инглиз тили асосий мулоқот тили ёки иккинчи тил сифатида ишлатилади. Юртимиз мустақилликка эришгач, чет мамлакатлар билан турли соҳаларда алоқа қилиш давр талабига айланиб бормоқда. Хизмат сафари ёки тадбиркорлик билан чет элга борган ёшлар ҳам ўз фикрларини баён қила олишлари ва суҳбатдошини тушуна олишлари керак. Шу боис чет тилларни ёшларимиз мукаммал ўрганмоқлари зарурдир.

Одам гўдаклигида ўз она тилини атрофдагилар суҳбатини тинглаб ўрганади. Бир неча ойлигида, балким ҳеч нарса тушунмас, лекин тинглаш орқали тушуна бошлайди. Кейин гапиришни, шундан сўнгина ўқиш ва ёзишни ўрганади. Хорижий тилларни ўзлаштиришда ҳам шу ҳолатни ёдда тутиш керак. Чет тилларда айтилган қўшиқларни ҳам мароқ билан тинглаймиз. Дарсларда қўшиқлардан фойдаланиш ёки экран орқали кинофильмлардан фойдаланишнинг асосий афзаллик томони шундаки, унда ўқувчи китоб ўқигандан кўра кўпроқ маълумот олади.

Экран орқали тил ўрганишда эса ўқувчи ўз она тилида сўзлаётган одамнинг нутқи, оҳанги, одатлари, маданияти, ўзини тутиши, ҳис-туйғуларини ҳам кўради ҳам эшитади. Бу усуллар таълим тизимида ҳар қандай чет тилини ўрганишда қўл келади ва таълим-тарбия жараёнининг самарадорлигини оширади.

Ёшларимиз бугун нафақат инглиз тилини, балки бошқа чет тилларини ўрганишлари зарур эканликларини даврнинг ўзи талаб қилмоқда. Зеро "Тил билган - йўл топар", деб бежизга айтилмаган. Давр билан ҳамнафас ёшларгина Кучли, билимли ва бахтли бўлишлари шубҳасиздир.  

Нилуфархон ИСМОИЛЖОНОВА, Ўзбекистон давлат

жаҳон тиллари университети талабаси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.