Шу ой жонажон, жаннатмакон туманимиз тарихида ўчмас из қолдиради. Чунки "Обод марказ" давлат дастури доирасида шаҳримизда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган бино ва иншоотлар ҳамда қуриб битказилган ва мукаммал таъмирланган, бир-биридан гўзал масканларнинг тақдимот маросимлари ўтказилди. Дастлаб ҳамма Хотира хиёбонига тўпланди.

Уруш ва меҳнат фахрийлари, ташкилот, корхона ва муассасаларнинг раҳбарлари, ишлаб чиқариш илғорлари, фаол ёшлар иштирокидаги тадбир ниҳоятда файзли, тароватли кечди.

Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Т.Худайбергенов, вилоят ҳокими Х.Бозоров  Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган "Обод марказ" давлат дастури доирасида туманимизда амалга оширилган бунёдкорлик ишларига тўхталар экан, бу борада Косонсой алоҳида эътирофга лойиқ эканлигини мамнуният билан таъкидлади.

Сабаби туманимиз  сўнгги йилларда ниҳоятда обод ва кўркам қиёфага киргани, бунда давлатнинг эътибори билан бир қаторда халқнинг аҳил ва иноқликда хайрли юмушларга баҳолиқудрат ҳисса қўшаётганини билдирди. Иккинчи жаҳон уруши туфайли ҳалок бўлганлар хотирасига бағишлаб барпо этилган майдон ана шундай ҳамжиҳатлик намунаси эканлигини эътироф этди.

Меҳнат фахрийлари инсон азиз, хотираси муқаддас саналган Ўзбекистонда тинчлик мудом барқарор бўлишини тилар эканлар, барчани янгиланган бино ҳамда иншоотлар билан муборакбод этдилар.     

Хотира хиёбонига ўрнатилган "Мотамсаро она" ҳайкали устидаги мато тортилди ва ҳайкал пойи тумандаги меҳнат жамоалари вакиллари томонидан қўйилган ранг-баранг гулчамбарлар билан безанди.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.