Хабарингиз бор, яқинда Мўғилистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида ўқувчи ёшлар ўртасида қўл тўпи бўйича Марказий Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Мазкур нуфузли мусобақада Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, Ўзбекистон ҳамда мезбон мамлакатнинг маҳоратли спортчилари иштирок этдилар.

Қувонарлиси, иқтидорли ёшлар макони ҳисобланган Ўзбекистон вакиллари мусобақада биринчи ўринни эгаллаб, олтин медални қўлга киритдилар. Яна бир хурсанд бўладиган томони, диёримиз  терма жамоаси аъзоси, тумандошимиз - Ситора Ғайбуллаева ҳам чемпионат беллашувларида фаол қатнашди ва барчамизни ғурурлантирди. Айни пайтда 33-мактабнинг 10-синфида таҳсил олаётган Ситора таълим-тарбия масканида инглиз, рус тиллларини пухта ўзлаштириш билан бир қаторда 2-синфдан бошлаб қўл тўпи тўгарагида ҳам фаол шуғулланди. Унга Нўъмонжон Қосимов мураббийлик қилди. 5-синфда ўқиётган пайтидаёқ нафақат вилоят, балки республика миқёсидаги мусобақаларда ўзини кўрсатган истеъдодли қизимиз "Умид ниҳоллари" мусобақасида ҳам юқори натижаларга эришди. Ниҳоят, бироз улғайгач, республика терма жамоаси таркибига вилоятда ягона бўлиб қўшилди ва халқаро миқёсдаги рақиблар билан беллашишга муносиб топилди.

- Спорт сирларини ўрганишимда менга сидқидилдан устозлик қилаётган терма жамоа мураббийлари Исмоилжон Аҳмедов, Зафаржон Азимовлардан ниҳоятда миннатдорман, - дейди С. Ғайбуллаева. - Чунки уларнинг меҳнати туфайли секин-аста яхши натижаларга эришиб боряпман.

Айни пайтда интилувчан ҳамюртимиз Таиланда бўладиган жаҳон чемпионатининг саралаш мусобақаларига қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Биз барча юртдошларимиз қаторида тумандошимизга ҳам мазкур нуфузли беллашувда муваффақиятлар ҳамроҳ бўлишини тилаймиз. Омад сенга, Ситора, деймиз!

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.