Президентимиз Фармонида республикамизда болалар меҳнатига барҳам берилгани, қишлоқ хўжалиги ишлари, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш даврида катталарнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланишга чек қўйиш бўйича мисли кўрилмаган чора-тадбирлар амалга оширилаётгани қай этилган. Ҳақиқатан мамлакатимизда сўнгги 1-2 йилнинг ўзида мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўринишига қарши кураш кескин тус олганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Бу ниҳоятда қувонарли ҳол. Давлатимиз раҳбарининг Фармони билан одам савдоси қаторида мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар белгилангани эса қалбимиздаги қувонч ҳисссини ўн чандон оширди.

Фуқаронинг хоҳиш-истагига зид равишдаги меҳнат ҳақида сўз борар экан, мажбурий меҳнат ўзи нима, деган саволга ҳар бир киши жавоб бера олиши зарур, деб ҳисоблаймиз.

Мажбурий меҳнат - бирор бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлаш ҳисобланади. Ҳеч ким шахсни ишдан бўшатиб юбораман, ойлигингни камайтираман, лавозимингни тушираман ва ҳоказо таҳдидлар билан мажбурий меҳнатга жалб қилишга ҳақли эмас. Демак, ходимни зўрлаш ёки қўрқитиш, жазо қўллаш, меҳнат фаолияти ва рағбатлантиришни чеклаш каби усуллар орқали бевосита мансаб вазифасига кирмайдиган ҳар қандай ишга жалб қилиш мажбурий меҳнат деб топилади. Ходимларни уларнинг ихтиёрисиз ободонлаштириш, мавсумий қишлоқ ҳўжалиги ва қурилиш ишларига, шунингдек, турли тадбирларга жалб қилиш кабилар ҳам мажбурий меҳнатнинг кўринишлари деб баҳоланади.

Конституциямизнинг 37-моддасида ҳар бир шахснинг меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланиши билан бир қаторда у суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнатга жалб этилмаслиги ҳам қатъий кўрсатилган. Бу борада Меҳнат кодексида ҳам алоҳида меъёрлар мавжуд.

Ҳар бир ходим, у хоҳ педагог ёки шифокор бўладими, иш берувчи ёки бирор мансабдор шахснинг фуқароларни мажбурий меҳнатга жалб қилиши маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини билиши, зарур пайтда ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиши лозим. Шунда одам савдоси қаторида мажбурий меҳнатга қарши курашишда янада салмоқли натижаларга эришамиз.

 Саломхон САРКАРОВА, туман тиббиёт бирлашмаси

касаба уюшма қўмитаси раиси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.