Туманимизда 59 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд, уларда 200 минг 409 нафар аҳоли истиқомат қилади. Айни шу маҳаллалар 4 та секторга тақсимланган. Аҳолининг дарду-ташвишини чуқурроқ ўрганиш мақсадида ҳудудларда уйма-уй юришлар ташкил этилди ва оммавий сайёр қабуллар ўтказишга эътибор кучайтирилди. Ўтган давр мобайнида "Йўл харитаси"га кўра 34 минг 132 та хонадоннинг барчасига кириб борилди, аниқланган муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилди.

Халқ қабулхонаси томонидан шу йилнинг 6 ойи давомида 1 минг 800 нафарга яқин фуқаролар қабул қилинди ва улардан ёзма ёки оғзаки шаклдаги, ариза, шикоят ёки ташаккурнома мазмунидаги мурожаатлар келиб тушди. Улар соҳалар бўйича таҳлил қилинганда, аксарияти табиий ва суюлтирилган газ, электр энергияси, ичимлик суви билан боғлиқ эканлиги маълум бўлди.

Шунингдек, алимент ундириш, уй-жой ва ер участкалари билан таъминлаш, соғлиқни сақлашга оид аризалар салмоғи ҳам кўп. Юқорида айтиб ўтганимиздек, аризалар шакл жиҳатидан ва соҳаларга оидлиги бўйича турлича, аммо уларда билдирилган муаммоларни ҳал этишда бунинг аҳамияти йўқ. Яъни асосий эътибор имкони борича камчиликларни бартараф этишга қаратилмоқда. Туманда ўтказилган сайёр қабулларнинг бирида Боғишамол-1 МФЙ ҳудудида яшовчи А. Ҳикматуллаев 250 метр масофага тоза ичимлик суви тармоғини тортиш масаласини ўртага ташлаган. Туман ҳокимлиги ва ҳомийлар эътибори билан масала қисқа муддатда ижобий ҳал этилди ва 30 та хонадон ичимлик суви билан таъминланди. Боғишамол МФЙда яшовчи У. Орифхўжаева турмуш ўртоғини имтиёзли даволатиш ва дори-дармон билан таъминлашда амалий ёрдам сўраган. 1-сектор раҳбарининг саъй-ҳаракати туфайли бу фуқаронинг оилавий муаммоси ҳам ижобий ечимини топди. Қолаверса, Чўнгбош маҳалласи аҳлининг ариққа темирбетон лоток ўрнатишда ёрда беришни, Навбаҳор-2 маҳалласи фуқароларининг айланма йўл туфайли қийналиб қолганлиги ва янги йўл чиқаришни сўраб қилган мурожаатлари ҳам қисқа муддатда ҳал қилинди.   

Яна бир эътиборли томони, сайёр қабуллар нафақат туман ёки вилоят миқёсидаги ташкилот ҳамда муассасалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, балки республика аҳамиятидаги идоралар вакиллари иштирокида ўтмоқда. Масалан, шу йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими томонидан оммавий сайёр қабул ташкилланди ва унда 160 дан зиёд жисмоний ва юридик шахслар ўзларини қизиқтирган мурожжаатлари билан қатнашдилар. Қувонарлиси, мана шундай сайёр қабуллар пайтида мурожаатларнинг аксарияти ижобий ечимини топмоқда ва бу фуқаролар томонидан Президентимиз номига ёзилган Миннатдорлик мактублари ҳамда Ташаккурномаларда акс этмоқда. Ўтган давр мобайнида ана шундай мамнунлик хатларидан 150 дан ортиғи қайд қилинди. Шуни таъкидлашни хоҳлардим, ҳар бир мурожаат Халқ қабулхонасининг алоҳида эътиборида ва истардикки, туманимиздаги барча меҳнат жамоаларида ҳам мана шундай ҳолат таъминланиши шарт. Яъни корхона ва муассасаларнинг мутасаддилари жисмоний ва юридик шахслар қабулига алоҳида эътибор билан ёндошишлари зарур. Буни бежизга эслатиб ўтмаяпман. Чунки текширишлар шуни кўрсатмоқдаки, айрим ташкилот ва идораларда раҳбар ходимларнинг исми-шарифлари, уларнинг қабул кунлари ва вақтлари ёзилган махсус пешлавҳалар мавжуд эмас. Қабулга келганларни навбатга олиш масаласига ҳам беписанд қаралмоқда. Қолаверса, фуқароларни қабул журналлари белгиланган талаблар асосида юритилмаган. Биз бундай ҳолатлар юзасидан тегишли хулосалар тайёрладик.

Мамнун бўладигани, текширишлар жараёнида аксарият меҳнат жамоаларида жисмоний ва юридик шахслар мурожаатига алоҳида аҳамият берилаётганлигининг гувоҳи бўлдик. Умид қиламизки, бундай жамоалар сони ортаверади. Зеро, мамлакатимизда халқнинг дарду-ташвишини тинглаш, унинг муаммоларини вақтида ҳал этиш масаласига энг долзарб вазифалардан бири сифатида қаралаверилади.

Тоҳирахон МЎЙДИНОВА, Ўзбекистон Республикаси

Президентининг тумандаги Халқ қабулхонаси раҳбари.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.