Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг "Терроризмга қарши кураш тўғрисида"ги қонунида кўплаб масалалар ҳуқуқий асослаб берилган. Шунингдек, Ўзбекистон БМТнинг терроризмнинг олдини олиш ва унга қарши курашга қаратилган асосий 13 та ҳужжатини ратификация қилган. БМТ Хавфсизлик кенгаши Аксилтеррористик қўмитаси томонидан Ўзбекистоннинг терроризмга қарши курашдаги халқаро ҳамкорлиги юксак баҳоланди. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолиятида "уч ёвуз куч", яъни "террорчилик", "айирмачилик" (Сепаратизм) ва "экстремизм"га қарши курашда ҳамкорликни ривожлантириш алоҳида ўрин тутади.

2004 йилдан бери ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси фаолият юритмоқда. Айниқса, Ўзбекистон АҚСҲ, Россия, Хитой, Марказий Осиё республикалари каби қатор мамлакатлар билан халқаро терроризмга қарши курашда самарали ҳамкорликка эришмоқда.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида таъкидлаганларидек: "Қадимий маданият цивилизациялар чорраҳаси бўлган юртимиз заминидан ўрта асрларда минглаб олиму уламолар, буюк мутафаккир шоирлар, азиз авлиёлар етишиб чиққан. Уларнинг аниқ фанлар ва диний илмлар соҳасида қолдирган бебаҳо мероси, бутун инсоният маънавий мулки ҳисобланади. ...Ана шундай бебаҳо бойликка, минглаб билимдон уламолар, фаол зиёлиларга эга бўлган бу соҳада катта ташаббуслар билан чиқаётган халқ ва давлат сифатида юртимиздан қандайдир ақидапараст, диний оқимларга берилган кимсаларнинг чиқиши бизга ярашмайди".

Дарҳақиқат, биз буюк ўтмишига эга халқмиз, келажагимиз ҳам, албатта, буюк бўлиши керак. Бунинг учун Президентимиз таъкидлаганларидек, ота-боболаримиз бизга қолдириб кетган мўътабар китобларни ўрганишимиз мақсадида мамлакатимиз маънавий ҳаётида кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Диний экстремизм ва терроризм ёшлар ҳаётига таҳдид солар экан, ёшларимизни бўш вақтларини самарали ўтказишлари учун барчамиз масъулдирмиз, зеро, куч бирликдадир!

Ёшларни диний экстремизм, терроризм ва бошқа ёт иллатлар таъсиридан асраш бугунги куннинг бош талабларидан биридир. Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш, бу жараёнда ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар этиб камолга етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунга қарамай, айрим ёшлар ўткинчи ҳавасга берилиб, диний билимларининг етарли эмаслиги туфайли ёт ғоялар таъсирига тушиб, келажагини барбод қилмоқда.

Муқаддас Ислом динининг асл моҳиятини билмаган ҳолда айрим жангари тўдаларнинг сохта ғояларига эргашаётган ёшлар танлаган йўли сароб эканини, афсуски, кеч англаб етмоқда. Ваҳоланки, улар Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий сингари буюк алломалар камолга етган, диний маърифат юксак даражага кўтарилган замин фарзандлари ҳисобланади. Бу ҳақда уларга кўпроқ гапириб бериш, уларни тўғри йўлга бошлашга биз ўзимизни масъул, деб билишимиз лозим. Жаҳолатга қарши маърифат билан курашишимиз зарур.

Диний экстремизм инсоният билан бирга, ХХI асрга кириб келган энг хавфли ижтимоий иллатлардан бири эканлиги, диний ранг-барангликни рад этиши билан мамлакат тараққиётининг муҳим тарихий омили бўлган фуқаролараро ҳамжиҳатликка раҳна солишига,   ақидапарастлар нафақат ижтимоий ҳаётнинг сиёсий, иқтисодий ёки маданий соҳаларига зарар етказиши, балки жамиятга оммавий тарзда психологик босим ўтказиб,  энг мудҳиш оқибатларга олиб келишига ҳамда динни сиёсийлаштириш ва сохталаштириш орқали мамлакатдаги ижтимоий барқарорликни издан чиқаришга қаратилган ҳар қандай ҳаракатнинг олдини олишда ҳар биримизнинг касб-коримиздан қатъий назар, олдимизда турган ҳаётий муҳим масалалардан бири эканлигини ҳеч қачон унутмаслигимиз зарур.

Бугунги ўта шиддатли даврда ёшларимизни ҳар қандай ёт ғоялар оқимидан сақлашимизда барчамиз бирдек огоҳ ҳамда масъул бўлишимиз даркор.

Маълумки, бугун мусулмон оламида мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар кечмоқда. Яқин Шарқ ва бошқа ҳудудлардаги қатор мамлакатлар чуқур сиёсий танглик, ижтимоий ва иқтисодий беқарорлик ва нотинчликни бошидан ўтказмоқда. Тинчлик, осойишталик йўлида, ёшларни турли ёт иллатлардан асраш мақсадида ҳали кўп ишлар қилишимизни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

Диний экстремизмга қарши курашнинг самарадорлигини оширишда, ёшлар маънавиятини, тарбиясини кучайтириш ва аҳолида диний экстремистик ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш муҳим ўрин тутади.

Қайсики мамлакатда экстремистик ва террористик ҳаракатлар содир этилиши, улар оқибатида келиб чиқадиган ижтимоий беқарорлик жамиятда криминал жиноятларнинг авж олишига хизмат қилади. Давлатимиз томонидан хавфсизлик чораларини кўриш учун бюджет маблағларини сарфлаши, шунингдек, террорис-тик ҳаракат оқибатида кўрилаётган моддий зарар жамиятга иқтисодий жиҳатдан катта зарар етказади. Оқибатда ишсизлик ошиши, ёшларнинг маънавиятига таъсир қилиши, аҳолининг турмуш даражаси пасайиб кетишига сабаб бўлади.

Бугунги ўта шиддатли даврда ёшларимизни ҳар қандай ёт ғоялар оқимидан сақлашимизда барчамиз бирдек огоҳ ҳамда масъул бўлишимиз зарур.

Айни пайтда дунё ҳамжамиятида глобал муаммо сифатида эътироф этиб келинаётган  диний экстремизм ва терроризмга қарши курашда фуқароларнинг мафкуравий иммунитетини ошириш ва маънавиятини юксалтириш долзарб аҳамият касб  этади. Зеро, маънавий етукликка эришган юртдагина, тинчлик ва тараққиёт бўлади.

А. Олимов.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.