Юртбошимизнинг "Тарбия қанчалик мукаммал бўлса, халқ шунча бахтли яшайди", деган ҳикматли сўзлари ҳеч қачон долзарб-лигини йўқотмайди. Зеро, келажак авлод ҳисобланмиш ўғил-қизларнинг азалий қадриятлар асосида шаклланганлиги жамият нуфузини оширади. Ёшлар онгида бўшлиқ қолдирмасдан, уни бузғунчилик эмас, яратувчанлик ғоялари билан тўлдирсак, турли экс-тремистик оқимлар кўзлаган режалар чипакка чиқади.

Яқин ўтмишдан маълумки, динни ниқоб қилиб олган экстремистик кучлар мамлакатимиздаги осуда ҳаётни издан чиқариш, конституциявий тузумни ағдаришга уриндилар. Аммо уларнинг қабиҳ нияти амалга ошмади. Афсуски, бугун ҳам ана шундай гуруҳлар ёшларимиз мафкурасини ўзгартиришга ҳаракат қилмоқдалар. Бу борада ижтимоий тармоқлар, интернетдан унумли фойдаланишмоқда. Биз дунёда рўй бераётган турли низолардан, уруш ва келишмовчиликлардан тўғри хулоса чиқармоғимиз, доимо ҳушёр бўлмоғимиз лозим. Чунки баъзи давлатларда юзага келаётган тўс-тўполонлар кўпинча хориждаги ёмон ниятли гуруҳлар таъсирида рўй бермоқда.

Яна бир нарсани алоҳида таъкидлашни истардим, юртимизда фуқароларнинг диний эркинлиги таъминланган, улар қонуний тарзда диний таълим олишлари учун барча шароитлар яратилган. Олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида юқори малакали мутахассислар хоҳловчиларга ҳам дунёвий, ҳам диний таълимдан сабоқ бермоқдалар. Фаолият кўрсатаётган минглаб масжидларда тоат-ибодат қилиш имкониятлар мавжуд. Бироқ мана шундай - қулай шароитлар яратилган бўлишига қарамасдан, туманимиздаги айрим ҳудудларда ноқонуний диний таълим беришга уринишлар бўлмоқда. Мисол учун, Обод, Сойча, Боғишамол, Соҳибкор маҳалла фуқаролар йиғинларида ноқонуний диний ўқишлар ташкил этилган. Ваҳоланки, бу "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонун талабларига мутлақо зид. Қолаверса, ота-оналар ноқонуний диний таълим ниҳоятда хатарли эканлигини чуқур англашлари лозим. Умуман, ёшидан қатъи назар, ҳар бир фуқаро бунинг ортидан кўнгилсиз ҳодисалар юз бериши ва ҳатто терроризм, одам савдоси сингари оқибати мудҳиш жиноятлар сари йўл очилиши мумкинлигини унутмаслиги керак. Чунки дунёда миллат ва элатлар ҳаётига хавф солаётган терроризмдан манфаатдор ёвуз кучлар биринчи навбатда аҳолига диний таълим ниқоби остида ўз қарашларини сингдириб, тингловчиларини беихтиёр қарам қилиб боришга катта эътибор қаратади. Босқичма-босқич олиб борилган ташвиқотлар якунида "жиҳод" ва "шаҳидлик" ғоялари асосида қўпорувчилик ҳаракатлари юз бериши  мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, дин тўғрисида саводи ҳаминқадар чала муллаларнинг  билиб-билмай берган сабоқлари ҳали дунёқараши шаклланмаган ёшларни тўғри йўлдан адаштириши ҳеч гап эмас. Фарзандларини эътиқодли, диний билимли бўлишини истаганларга юртимиздаги ўрта махсус ва олий таълим берувчи махсус даргоҳлар етарлича эканлигини яна бир бор эслатмоқчимиз.     

Ф. ХОЛМИРЗАЕВ, туман ИИБ ТЭҚКБ вакили, капитан.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.