Кундалик турмушимизда дурадгор, сувоқчи, бўёқчи каби касбдаги кишиларга эҳтиёж катта. Фарзандимизни  олий ўқув юртига киритиш учун репетиторга берамиз, уйда болаларга қараб туриш ҳамда кекса кишиларни парваришлаш учун одам ёллайдиганлар ҳам бор. Қолаверса, томорқани чопиш, дарахтларни парваришлаш, уларга кимёвий ишлов бериш билан шуғулланувчиларнинг хизмати ҳам зарур. Бундай касбдагилар ўзини ўзи банд қилган кишилар ҳисобланиб, уларнинг фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш мураккаб эди. Чунки у қадар катта даромад топмайдиган бу тоифадаги шахслар фаолиятини қонунийлаштириш учун ўзига хос мураккабликлар мавжуд эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида ўзини ўзи банд қилганлар рўйхати кенгайтирилиб, уларнинг сони 67 тага етказилди. Шунингдек фаолиятларини қонунийлаштириб, давлат рўйхатидан ўтиш, ижтимоий солиқ солиш ва пенсия таъминотидан фойдаланиш тартиблари   соддалаштирилди.

Қарорга мувофиқ, бир қатор имтиёз ва қулайликлар белгиланди. Масалан, фуқароларнинг ўз меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлари жисмоний шахслар жами даромадлари таркибига киритилмайди, яъни қанча даромад олганининг ҳисоби талаб қилинмайди, солиқ ва мажбурий тўлов олинган даромадга қараб ундирилмайди.

 2020 йил 1 июлдан бошлаб рўйхатда кўрсатилган касблар билан шуғулланаётган шахслар  2020 йил учун ижтимоий солиқни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳақиқатда ишлаган вақтидан қатъи назар, базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи - 111 500 сўм миқдорда тўлашлари, бу тўлов ушбу фуқарога  пенсия ҳисоблаш учун бир йиллик иш стажига ҳисобланиши  белгиланди.

Бу имтиёздан фойдаланиш учун фуқаро туман давлат солиқ инспекциясида ўзини ўзи иш билан банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиб фотосурати акс эттирилган гувоҳнома олиши, тегишли тўловни тўлаши талаб қилинади.

Хуллас, ҳалол меҳнати билан халқ корига яраётган фуқароларнинг фаолияти қонунийлаштирилди. Мабодо сиз ҳам шу йўналишда ишлаётган бўлсангиз, фаолиятингизни расмийлаштириб олинг.

 Н. ҒАЙБУЛЛАЕВА, Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси

туман бўлими бошлиғи.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.