Туманимизда мева-сабзавот маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичликни ривожлантириш, ушбу тармоқларда ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Хусусан, 2020-2021 йиллар давомида умумий қиймати 321 млрд. сўмликдан иборат қишлоқ хўжалигига оид лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Туманимизда истиқомат қилаётган 209 минг 400 нафар аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини тўла қондириш, шунингдек, истеъмолдан ортиғини республика ички бозорларига, қайта ишлаш корхоналарига ҳамда экспортга йўналтириш мақсадида маҳсулотлар етиштиришнинг аниқ ҳажмлари қишлоқ хўжалиги корхоналари, деҳқон ва аҳоли томорқа хўжаликлари кесимида белгилаб олинди.

Туман бўйича жами 266 гектар ер майдонларини фойдаланишга киритиш, сув ва бошқа ресурслар таъминотини амалга ошириш ҳисобига сабзавот, картошка, дуккакли ва мойли экинлар экиш ташкилланади. Ҳозирда мазкур майдонларни фойдаланишга киритиш юзасидан бажарилиши лозим бўлган тадбирлар, хусусан, "Куюкмозор" насос станциясини реконструкция қилиш, қайта тиклаш бўйича лойиҳа смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.

Мева-сабзавотчилик кооперативларини ташкил этиш бўйича барча секторларда тадбирлар олиб борилмоқда. Хусусан, туман прокурори секторида "Ёшлик замин - М" кооперативи томонидан "Ўзбекистон" МФЙ ҳудудидан 10 гектар ер майдони ажратилди ва интенсив усулдаги узумзор барпо қилинди.

Қолаверса, 50 та кам таъминланган хонадонларга 20 сотихдан ер ажратиш ва 2 гектар майдонда гидропоника усулида иссиқхона жорий этиш чоралари кўрилмоқда.

Шунингдек, янги ўзлаштирилиши лозим бўлган адирлик ерлардан  "Уйчи ДРИП" МЧЖга тегишли 45 гектар майдонда замонавий технологиялар асосида интенсив боғ лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш ҳисобига жами  150 та  янги  иш ўринлари яратилади.

 "Isparon livestock ang greenhaus"фермер хўжалиги томонидан жорий йилда 800 бош қорамол боқишга ихтисослашган чорвачилик комплексини барпо этиш, "Кosonsoy dry fruits" МЧЖ томонидан умумий қиймати 190 млрд. сўмни ташкил этадиган замонавий мева-сабзавотларни  ўстириш, сақлаш (замонавий музлаткичлар) ва қайта ишлаш, ёш болалар овқати, иссиқхоналар ташкил этиш  агрокластер фаолиятини йўлга қўйиш ҳисобига аҳолининг озиқ-овқатга бўлган талабини қондириш, ички истеъмол бозорларини таъминлаш, шунингдек, маҳсулотлар экспортини амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар режалари ҳам белгилаб олинди.

Ҳисоб-китобларга кўра, яқин муддатлар ичида умумий қиймати 32,4 млрд. сўм бўлган лойиҳалар амалга оширилади. Масалан, "Шарқ Юлдузи узумзори" агрофирмаси ҳудудидаги "ASHOKDIP AGRO CLUSTER" МЧЖ томонидан 128 гектар майдонда мевали боғ, 100 гектар майдонда токзорлар ва 1 гектар майдонда замонавий иссиқхона барпо этилади. Ушбу ишларни амалга ошириш учун Ҳиндистондан жалб этилган инвестор Ashok Umaraniyaнинг  3 млн. АҚШ долларилик  миқдоридаги инвестиция маблағлари жалб этилади.

"Ҳалол мега фрут" МЧЖ томонидан сиғими 500 тонна бўлган музлатгич омборхона ташкил этиш ҳам янги лойиҳалардан бири ҳисобланади. Бунинг учун жами 1,2 млрд. сўм маблағ талаб этилиб, бугунги кунда кредит ҳужжатларини расмийлаштириш, ер майдонини ажратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Тергачи массивида "Коинот юлдузи" фермер хўжалиги томонидан мавжуд чорва комплексини реконструкция қилиб, уни қайта жиҳозлаш, четдан 64 бош наслли қорамол олиб келиш лойиҳаси белгиланди. Мазкур лойиҳанинг ижросини 3-чорак якунига қадар таъминлаш чоралари кўрилади.

Булардан ташқари, Булоқбоши МФЙ ҳудудида "Кушон агро томорқа" МЧЖ томонидан йиллик қуввати 10 минг тонна бўлган мевани қуритиш ва қадоқлаш тармоқлари олиб келиб ўрнатилган. Ушбу тизимни тўлиқ қувват билан ишлатиш, тайёрланган маҳсулотлар экспортини амалга ошириш мақсадида Россия давлатининг "Фокус Ритэйл" корхонаси билан қиймати 5 млн. АҚШ долларилик меморандум имзоланган. 

Оборотдан чиққан ерларни тўлиқ ўзлаштириш мақсадлари учун Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳамда Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги жамғармаларидан маблағ ажратилади. Ташкил этилган боғ ва токзорлар, иссиқхоналар аҳолига 3 йиллик имтиёзли давр билан, 7 йилгача лизинг асосида берилади. Шунингдек, ўзлаштирилган ернинг ижара ҳуқуқи муайян озиқ-овқат турини етиштириш шарти билан 5-10 йилга сотилади. Бундан тушган маблағ эса янги ерларни ўзлаштиришга сарфланади.

Хўжаликларда экинларни экиш учун уруғлик, кўчат, минерал ўғитлар, ёқилғи мойлаш маҳсулотлари таъминотини тизимли ташкил этиш ҳам асосий вазифалардан биридир. Шунингдек:

- уруғлик картошка етиштирувчи хўжаликларни ташкил этиш;

- мева-сабзавот етиштириш учун фосфорли, азотли ўғитлар етишмаслиги, ўғитларнинг биржа савдолари орқали сотилиши деҳқонларга қатор қийинчиликларни туғдираётганлиги инобатга олиб, "Ўзкимёсаноат" акциядорлик жамияти томонидан туманда ўғит дўконлари ташкил этилиши;

чорвачилик тармоғида олдинги йилларда бўлмаган рағбатлантириш механизми йўлга қўйилиши ҳам ижобий ўзгаришлардан саналади. Эътиборлиси, эндиликда наслли моллар учун 2 миллион сўмгача, наслли қўй ва эчкига 400 минг сўмдан субсидия ажратиш механизми жорий этилди. Шундан келиб чиқиб, туманда  замонавий чорва комплекслари ишга туширилмоқда.

Озуқа ишлаб чиқарадиган корхоналар, қорамол боқиш бўйича оилавий кооперацияларни кўпайтириш борасида вазифалар қўйилди. Наслли қорамол тайёрлаш ва сотишга мўлжалланган хўжаликлар ташкил этилиши ҳам белгиланди.

Паррандачиликда ҳам озуқа таъминотини мустаҳкамлаш ва аҳоли билан кооперацияни ривожлантириш мақсадида хонадонларда парранда боқиш тажрибаси кенг татбиқ қилинади. Бунда паррандачилик корхонаси хонадонга уч кунлик жўжаларни тарқатиб, озуқасини етказиб беради. Қирқ кундан кейин эса кооперациянинг ўзи гўштни марказлашган ҳолда сотиб олади.

Балиқ етиштиришни кўпайтириш, сунъий ҳавзалардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, асал ишлаб чиқаришни 5 баробарга кўпайтириш, ўрмон хўжаликларидаги имкониятларни тўла ишга солиш, аҳолига асалари уялари тарқатиб, улардан маҳсулот сотиб оладиган асаларичилик кластерлари ташкил қилиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани сингари туманимизда ҳам аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан талабини ўрганиш ва шу асосда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш доимий диққат марказимизда бўлади. 

Фозилжон ТОИРОВ,  туман прокурори, адлия маслаҳатчиси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.