Қабулхонамиз томонидан ўтган йил давомида 4 мингга яқин фуқаролар қабул қилинди, шунингдек, қабулхона юритувидаги махсус электрон дастурга жисмоний ва юридик шахсларнинг 892 та мурожаатлари киритилган. Улардан 662 та мурожаат тўғридан-тўғри Халқ қабулхонасига, 230 таси эса Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан ташкил этилган сайёр қабуллар вақтида билдирилган.

Мурожаатлар таҳлил этилганда, уларнинг аксарияти газ, электр энергияси, ичимлик ва оқова суви таъминоти масаласида эканлиги кўзга яққол ташланади ва бу борада ҳали жуда кўплаб ишлар амалга оширилиши зарурлигини белгилайди. Шунингдек, фарзанд учун алимент ундириш, уй-жой, соғлиқни сақлаш, пенсия ва нафақа, бандлик масалалари бўйича мурожаат этганлар ҳам талайгина эканлиги мазкур масалаларга алоҳида эътибор билан ёндошиш кераклигини англатади.

Қабулхонамизга тушаётган ва тегишли тартибда ҳудудларга юборилаётган мурожаатларнинг кўпи ижобий ечимини топмоқда. Зарур пайтда ариза ва шикоятлар ёзган фуқароларга тушунтиришлар бериляпти, ҳуқуқий йўл-йўриқлар кўрсатилмоқда. Асоссиз деб топилган мурожаатлар бўйича эса уларнинг эгаларига рад этилиш сабаблари тушунтирилмоқда.

Қисқаси, ҳар бир мурожаат қандай шаклда ва мазмунда бўлмасин, эътиборимиздан четда қолмаяпти.

Кейинги йилларда сайёр қабуллар ташкил этиш одат тусига кирганлиги натижасида кўпгина муаммолар жойида ҳал этиляпти. Яъни тўғридан-тўғри мулоқотлар пайтида халқнинг дарду ташвиши тингланяпти ва мутасаддиларга уларни ҳал этиш юзасидан топшириқлар бериляпти. "Чўнгбош" маҳалла фуқаролар йиғини, Панихон кўчасида яшовчи А. Баҳромов ва бошқалар ўзлари яшаб келаётган ҳудуддаги заҳни қочириш мақсадида ташкил этилган зовурни техникалар ёрдамида тозалаб беришни сўраб мурожаат этишганди. Қабулхонамиз ҳамда 3-сектор раҳбарининг эътибори туфайли муаммо ечимини топди: 250 метрли зовур балчиқ ва ўт-ўланлардан тўлиқ тозаланиб, заҳкашлик йўқотилишига эришилди.

"Ободон" маҳалла фуқаролар йиғини раиси шу ҳудуддан оқиб ўтадиган канал кўприги тўсиқлари яроқсиз ҳолга келганлиги аҳоли, айниқса, болалар учун хавфли эканлигини, шу сабабли кўприкка тўсиқлар ўрнатилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат этганди. Таъмирлаш ишлари олиб борилиб, муаммо бартараф қилинди.

"Жар"  маҳалласида яшовчи Набихон Иноятовнинг мурожаати ҳам ижобий ечим топди. Яъни мазкур маҳаллада мактаб ёшидаги болалар сони кўплигини инобатга олиб, янги мактаб қурилишида амалий ёрдам сўралган эди, маҳалла марказида 420 ўринли, 8 миллиард сўм маблағ кетадиган мактаб биноси қурилишига киришилди.

Шунингдек, фуқаролардан ногиронлик аравачаси билан таъминлаш, саломатликни мустаҳкамлашлари учун моддий ёрдам сўраб қилинган мурожаатлар бўйича ҳам ўтган йил давомида бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, Алишер Навоий номли маҳалла фуқароси М. Қудратов беморлиги туфайли юришда қийналаётганини инобатга олиб, махсус аравача билан таъминлашни сўраб мурожаат этганди, унинг талаби қондирилиб, мурожаатчига аравача етказиб берилди.

Хуллас, 2019 йилда ҳар бир ариза ва шикоят юзасидан изчил ўрганишлар олиб бордик ва 2020 йилда ҳам бу борада сидқидилдан фаолият кўрсатаверамиз. Зеро, муҳтарам Президентимиз халқнинг талаб-истагини ўрганиш ва муаммоларини ҳал этишдек масъулиятли вазифани зиммамизга топширганлар.

Т. МУЙДИНОВА, Ўзбекистон Республикаси Президентининг

тумандаги Халқ қабулхонаси мудири.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.