Аксарият юртдошларимиз даромад топишда тўғри, ҳалол йўлни танлайдилар, аммо орамизда бировнинг чўнтагини кўзлаб "пул ишлаш"ни ўйлайдиганлар ҳам йўқ эмас. Сардор Дарвишев (исм-шарифлар ўзгартирилган) ана шундайлардан бўлиб чиқди. Бу кимса маъсулияти чекланган жамият ташкил этиб, унга раҳбарлик қилиш давомида фуқароларни алдаш йўли билан уларни чув туширган.

Аниқроқ айтганда, қўл остидаги ходимлари билан уйма-уй юриб, фуқароларга ҳар йили АҚШ давлат департаменти томонидан ўтказиладиган "Грин кард" диверцификацион лотереясида МЧЖ орқали ютуқни таъминлаб беришини ваъда қилган.

Бир оиладан бир кишига ютуқ чиққан тақдирда фуқарога бошқа оила аъзоларини ҳам олиб кетиш ҳуқуқи берилиши, Америкага бориб ишга жойлашгунга қадар ижарага уй билан таъминланиши, хорижга кетиш учун тегишли ҳужжатларни эса ўзи тайёрлаб бериши юзасидан ташвиқот  олиб борган. 

Одамлар орасида содда, ишонувчанлари ҳам кўп. С. Дарвишевнинг ёлғон ваъдаларига лаққа тушган юртдошларимиз унга қўш қўллаб пулларини топширганлар ҳам. Масалан, С. Камолова хориж лотереясида иштирок этишни истаб, ўзи ва тўрт нафар оила аъзолари учун С. Дарвишевга дастлаб 200 минг сўм пул берган. Устаси фаранг фирибгар бу маблағни олгач, орадан озгина вақт ўтказиб, С. Камоловага у АҚШда яшаш ва ишлаш ҳуқуқини қўлга киритгани, 10 минг доллар топширса, унга ютуқ кодини беришини айтиб, содда фуқарони алдайди.

С. Камолованинг қайнотаси З. Шокиров келинининг илтимосига кўра, ўзига қарашли савдо дўконини сотувга қўяди. Бундан хабар топган фирибгар эса  З. Шокировга ўз таклифини айтади. Яъни 13 минг долларга баҳоланган савдо дўконининг 10 минг долларини З. Шокировнинг ўғли, келини ва набираларини АҚШга жўнатиш учун ўзида қолдиришини, 3 минг долларни эса 3 ойда қайтариб беришни айтиб, тадбиркорни ўз йўлига юргазади. Дўконга эгалик ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжатларни қўлга киритгач мазкур савдо шохобчасини бошқа одамларга пуллаб юборади. Ҳаттоки, ваъдалашилган 3 минг долларни ҳам З. Шокировга бермайди. Табиийки, пучдан-да пуч орзу - Америкага сафар ҳам амалга ошмай қолаверади. Ачинарлиси, С Дарвишев айни шундай йўллар билан бир неча ҳамюртларимизни чув туширади. Қолаверса, ўзига қарашли МЧЖ орқали жисмоний ва юридик шахсларга лизинг шартномаси асосида автомашина ва кўчмас мулкларни сотиш фаолияти билан боғлиқ ҳолатда ҳам бир неча фуқароларга мулкий зарар етказади. Автосалондан машина олиб чиқиб беришни ваъда қилиб,  одамларнинг пулини қўлга киритади ва кимларнингдир яхши ниятлар билан йиққан маблағини ўзининг шахсий мақсади йўлида сарфлаб юбораверади.

Тергов давомида, шунингдек, С. Дарвишевнинг ҳужжатларни қалбакилаштириш билан боғлиқ жиноятлари ҳам фош этилди. У суд ҳукмига кўра тегишли жазосини олди. Бироқ қанчадан-қанча одамларнинг хотиржамлигига, мол-мулкига путур етганига нима дейсиз?

Бизнингча, мана шундай ҳолатлар юз бермаслиги учун ҳар бир фуқаро огоҳ ва ҳушёр бўлиши лозим. Ҳеч қачон қуруқ ваъдаларга ишонманг. Айниқса, ҳозирги кунда одамларни чув тушириб, улар маблағи ҳисобига кун кўришни одат қилиб олаётганлар кўпайиб бораётганлигини унутманг. Ҳамиша ҳушёр бўлинг.

Орифжон СОТИВОЛДИЕВ, туман ИИБ ҳузуридаги тергов

 бўлинмаси суриштирувчиси, лейтенант.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.