"Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди".

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 31-модда.

Виждон эркинлиги - ҳар бир фуқаронинг динга эътиқод қилиши ёки қилмаслик, диний расм-русум ва маросимларда иштирок этиш ёки этмаслик каби динга нисбатан ўз муносабатини мустақил аниқлайдиган шахсий ҳуқуқидир. Фуқаро ўз ихтиёри билан диний таълим олиш ҳуқуқига эга. Бунинг учун у ёки бу тарзда мажбур этишга йўл қўйилмайди. Давлатимиз томонидан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда виждон ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланиши қатъий кафолатланган.

Диний бағрикенглик эса хилма-хил диний эътиқодда бўлган кишиларнинг олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида  ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшаши, кишилик жамияти равнақи йўлида хизмат қилишини англатадиган тушунчадир. Бугунги кунда мазкур ғоя жамиятнинг барча аъзолари ҳамкорлигини назарда тутувчи, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, озод ва обод Ватан қуришнинг муҳим шартларидан биридир.

Республикамизда диний ташкилотларнинг сони 1990 йилга нисбатан 10 бараварга ошиб, ҳозирда турли диний йўналишларга оид 16 та ҳар хил диний конфессияга мансуб, адлия органларида рўйхатдан ўтган 2252 та диний ташкилот фаолият кўрсатмоқда.  Уларга ўз диний маросимларини ўтказиш ва мамлакат ҳаётида фаол иштирок этиш учун зарур барча шарт-шароитлар яратилган. Бу борадаги ҳуқуқий асослар Ўзбекистон Конституциясида, "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги Қонунда ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамлаб қўйилган. Жумладан, "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги Қонун билан диннинг юксак маданият ва маънавият воситаси эканлиги, беқиёс ахлоқий-тарбиявий қудрати, шунингдек, инсонларни камтаринлик, камсуқумлик, ҳалоллик ва покликка ундовчи қадриятлари миллий қадриятлар қаторида қонуний тан олинди. Диний қадриятларнинг миллатлараро можаролар, қонли тўқнашувларни қаттиқ қоралаши, турли дин ва миллатдаги одамларни ўзаро биродар, аҳил бўлиб, тинч-тотув ҳаёт кечиришга даъват этиши каби омиллари ҳисобга олиниб, мамлакатимизда турли дин вакилларининг ҳеч қандай тўсиқларсиз ўз динларига эътиқод қилишлари учун барча шароит ва қулайликлар яратиб берилди. Ҳар йили Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг кўмаги орқали мусулмонлар ҳаж ва умра амалларини бажариш учун Саудия Арабистонига, христианлар Россияга, Грецияга, яхудийлар эса, Исроилга зиёратга юборилмоқда.

Давлат томонидан ҳар бир конфессия билан ўзаро алоқаларни амалга ошириш қуйидаги тамойилларга асосланади: яъни диний туйғуларни ҳурмат қилиш; фуқароларнинг шахсий эҳтиёжи сифатида диний эътиқодни эътироф этиш; диндан ғайриқонуний мақсадларни амалга ошириш учун фойдаланишга йўл қўймаслик; фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиши ёки ҳеч бир динга эътиқод қилмаслигидан қатъий назар тенг ҳуқуқлигини таъминлаш ва уларни таъқиб қилишга йўл қўймаслик.

           Мазкур тамойиллар асосида эса давлат турли динларга эътиқод қилувчи ва уларга эътиқод қилмайдиган фуқаролар, ҳар хил эътиқодларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашади. Давлат диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни қўллаб-қувватлайди. Демак, диний бағрикенглик доимо умумбашарий ва миллий қадрият ҳисобланган. Шу билан у сабр-тоқат, бошқаларга ҳалал бермасдан яшашни билиш билан бирга, жамиятдаги динлараро ҳамжиҳатликни ҳамда ахлоқий ва дунёвий асосларни мустаҳкамлашни назарда тутади.

Қодирхон АЗИЗОВ, "Аълохон Маҳдум" масжиди имом-хатиби.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.