Чорак аср тарихингни ёзмоққа минг йил керак,

Сиёҳга Сир суви етмас, ҳеч бўлмаса Нил керак.

Кимлар эдик бизлар кеча, бугун эса ким бўлдик?! –

Таърифингни васф этишга шоирона тил керак.

Сўз тополмай қолганда лол, қалам тушса қўлимдан,

Тасвир этиб бермоқ учун Моний чизган Мил керак.

ҚҚурама тоғ тизмасидан ёқимли сас келмоқда,

Огоҳ бўлинг, тоғ бағридан поезд чиқиб келмоқда.

Осмонўпар кўприк узра елиб борар вагонлар,

Парвоз этиб бормоқдасиз, сиздан пастда довонлар.

Сув устидан ўтганда сиз, кема гаштин сурасиз,

Саратонда ёнингизда оппоқ қорни кўрасиз.

Афсонага ўхшаб кетар ҳаёт завқу сурурдан

Кўксинг тоғдек кўтарилар ҳурлик берган ғурурдан.

Дунёнинг бор мўъжизаси кўз ўнгингда намоён,

Бўлганида нозик туйғу қамраб олар бегумон.

Вагоннинг кенг ойнасидан кўринади олислар –

Кўм-кўк дала, мевали боғ, гуллаб ётган полизлар.

Йўл азобин тортган билар, ортда қолди у кунлар, 

Шу кунларга етказганга айтинг дилдан шукрлар.

Қодирийнинг айтганидек, мозийга бир қайтайлик,

Довон йўлин машаққатин нелигини айтайлик.

Шошдан чиққан карвон аввал Хўжанд томон юзланган,

Тоғ йўлининг азобидан юрак бағринг тузланган.

Туз конидан Попга томон карвон юрса Ашт билан,

Юриш керак бўлган фақат сувсиз чўли дашт билан.

Попга етиб келгунингча туғма азоб онадан,

Зардоб ичиб келишарди лиммо-лим паймонадан.

Бугун Попдан Ангренга роҳат билан ўтасиз,

Ойда эмас, бир соатда манзилларга етасиз.

Элимизнинг минг асрлик орзулари ушалди,

Тоғу дарё, сойлар узра пўлат излар тўшалди.

Самофернинг яшил нури қувнатади кўзларни,

Олий мақсад сари элтар бу йўл сизу бизларни.

Поезд силжиб темир изда ёзганда қанотини,

Дупурлари ёдга солар Отабекнинг отини.

Шунга монанд юрак урар, томирларда жўшар қон,

Гуллар шаҳри Намангон бу, Андижон бу, Марғилон...

Мустақиллик шуълалари эл кўнглини чоғлади,

Бу темир йўл гул водийни дунё билан боғлади.

Кўксим тўлиб ҳаяжонга етиб келдим бошкентга,

Истиқлолдан порлаб турган азим шаҳар –Тошкентга.

Соялари танга ором кўп асрлик чинорлар,

«Ҳарам» каби синоатли қутлуғ бўлсин «Минор»лар.

Маҳобатли бинолар бу – буюкликдан нишона,

Бир томонда дорилфунун – илм фандан кошона.

Тўкин бозор таърифини айтишга тил ожиздир,

Йўқ нарсанинг ўзи йўқдир, бошқа сўз ножоиздир.

Олтин камар тоқин ёдга солганида «Бунёдкор»,

Ҳар тонг шоир шеър битсаю, куй боғласа бастакор.

Истиқлолнинг шуъласидан йўллар ойдин, чароғон,

Бунёдкорлик азми билан бунда яшар ҳар инсон.

Буюкликка чорлагувчи инсонларинг бор сенинг,

Буюкликни яратгувчи имконларинг бор сенинг.

Фарзандларинг истеъдодда лол қолдирди жаҳонни,

Ким кўрибди ўн ёш бўлган тўрт карра чемпионни!

Истироҳат боғларингни қай бирини айтайин,

Меҳмон ўзим, мезбон ўзим, бошқа сўздан қайтайин.

Асал ари уясидек тайёрагоҳ – тирикжон,

Меҳмон келди олис юртдан, келтирайлик тузу нон.

Қутлуғ ёшни нишонлашга ёзиб тўкин дастурхон,

Меҳмон кутар она юртим озод, ҳур Ўзбекистон.

Дастурхонни безаб турар Самарқанд, Поп патири,

Татиб кўринг бу «жиз», мана ҚҚашқадарё тандири.

Ош дамлашга гуруч келди гўзал, қадим Хивадан,

Анор, анжир меҳмонга деб юборилган ҚҚувадан.

Таърифини эшитгансиз – бу узумлар Паркентдан,

Олма, ноклар, шафтолилар келтирилган Заркентдан.

Нозу неъмат сараларин қўямиз дастурхонга,

Меҳмондўстлик таомилин кўрсатамиз меҳмонга.

Юксак, буюк чўққиларни кўзлаган сарлочиним,

Риму, Париж, Лондон эмас, менинг буюк очуним.

Боболарим, момоларим қўл очганда дуога,

Фаришталар қанотларин ёзиб турар самода.

Мустақиллик майдони шўх тўлқинланар наводан,

Турфа рангда юлдуз чақнаб нур ёғилар самодан.

Бетакрорсан, муқаддассан, гўзал она маконим,

Жоним сенга бўлсин фидо, улуғ Ўзбекистоним!

А.ОЛИМОВ.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.