Тарихингдир минг асрлар ичра пинҳон ўзбегим.

Эркин Воҳидов.

Буюк Ватан буюклигингни

Билиб-билмай тан олган дунё.

Буюкларнинг ватан тупроғи

Бўлғусидир кўзга тўтиё.

Битилмаган достон Туроним,

Бетакрорим, Ўзбекистоним!

 

Тарихингни ўқийман такрор,

Етолмасман ибтидосига.

Ҳайратдаман фарзандларингнинг

Илму урфон ихтиросига.

Сир дарёси, сирлар маконим,

Сирларга кон, Ўзбекистоним.

 

Бир фарзандинг Зардўшт туфайли

Авестони дунё таниган.

Тўмарису Широқлар сабаб,

Юрт бошидан бало ариган.

Муқаннадек мард ўғлонингни

Ёдда тутиб хитобларини,

Муқаддас деб кўзларга суртай

Юзидаги ниқобларини.

Юртга фидо дегайлар, жоним,

Ҳар фарзандинг, Ўзбекистоним!

 

Қаро кунлар бошинга тушиб,

Талашганда Буюк Туронни,

Хориждаги кўпчилик ҳатто,

Унутдилар Ўзбекистонни.

Ҳатто ислом дунёсида ҳам

Ватан номи унутилган дам,

Бухорийни биларди бешак

Пайғамбардан кейинги одам.

Ҳадис илмин ёзган каломим,

Сен ўзингсан, Ўзбекистоним!

 

Мўр-малахдек Чингиз лашкари

Титратганда жумла жаҳонни,

Темур Малик, Мангубердилар

Зирхи бўлди қутлуғ маконнинг.

Ҳали ҳеч ким ўлчолгани йўқ

Ал-Хоразмий қўйган қадамни.

Ҳали ҳеч ким билолгани йўқ

Ал-Беруний билолган фанни.

Арастудан кейинги устоз

Форобий, деб билади олам.

Кўлга олиб қалам ва қоғоз,

Ёзган илк бор мусиқани ҳам.

Давраси куй, ғазал, достоним,

Турфа ҳолим, Ўзбекистоним!

 

Ал-Фарғоний қилган кашфиёт

Қилди янги фалакни бунёд.

Арасту ё Афлотунда ҳам

Топилмаган бундай истеъдод.

Сино каби буюк даҳони

Бу очунга бахш этган Ватан.

Унинг илму закоси билан

Тиб илмида қонун яралган.

Замаҳшарий ёзган алифбо

Ғарбу Шарқда аталган танҳо.

Ундан фақат ажамлар эмас,

Араблар ҳам ўрганар имло.

Фарзандлари илмга коним,

Илми-аркон, Ўзбекистоним!

 

Ҳурлик учун қўйилган маёқ

Билги Ҳоқон битикларидир.

Адолатга чорлаган сабоқ

Амир Темур тузукларидир.

Инқилобчи олим - Коперник

Туғилмасдан юз йил илгари,

"Ер чопар", деб" қуёш гирдида"

Ёзган Сайфи Саройилари.

Очиқ ерда мулки ниҳоним,

Қақшар жоним, Ўзбекистоним!

 

Бобур каби ўз юртин қўйиб,

"Ҳинд сори"ға юзланганлар бор,

Асли Кешдан-Хисрав Деҳлавий

Ҳамсасидир гўзал, бетакрор.

Самодаги ҳар бир юлдузда

Улуғбекнинг изин кўраман.

Ҳикмат бу деб айтилган сўзда

Навоийнинг сўзин кўраман.

Шоҳ ва олим, шоҳ ва шоирлар

Юрти бўлган эй, улуғ диёр,

Сенда ўсган бир туп янтоқнинг

Тикони ҳам ноёб доривор.

 

"Босқинчи" деб аталган Бобур

Авлодлари қурган Тож-Маҳал,

Айтилгандек, "севги рамзи"мас,

Турон мулкка қўйилган ҳайкал.

Ўзга юртда қолган армоним-

Соғинганим, Ўзбекистоним!

 

Юртга босиб келганида ёв,

Гўрингача титди беаёв.

Китобларинг ўтда ёқдилар,

Ҳатто боланг итдек отдилар.

Қузғун каби шоҳига қўниб,

Булғадилар чинорларингни.

Бир зарб ила йиқитмоқ бўлиб,

Тўпга тутди минорларингни.

Отилдилар Қодирий, Чўлпон,

Дарё бўлиб оқди қизил қон.

Эл-юрт дардин дегани учун

Ватанига сиғмади Усмон.

 

Маънавият сўлди, маърифат

Илдизига болта урдилар.

Маърифатда ким бўлса ибрат,

"Халқ душмани"-дея қирдилар.

Дарёларинг буғилди зўрлаб,

Денгизинг ҳам қуриди шўрлаб,

Бош кўтарса ҳамият, журъат,

Йўқ қилинди Сибирга йўллаб.

Қалби вайрон, мулки тороним,

Тийра бўлган, Ўзбекистоним!

 

Авайлаб бос Ватан тупроғи,

Тупроқ эмас, боболар хоки.

Ҳар зарраси бир кўнгил доғи,

Ё даврининг ақл-идроки.

Кўпдир ноҳақ тўкилган қоним,

Куяр жоним, Ўзбекистоним!

 

Шарпалардан яралган иллат,

Танламади мамлакат, миллат.

Эгасига ташланган итнинг

Маконига айланди узлат.

Озодликнинг шамоли билан

Чечакларинг бўй чўзди кўкка.

Истиқлолинг муборак бўлсин,

Қутлуғ Ватан, табаррук ўлка.

Асрларга татир ҳар оним,

Навқироним, Ўзбекистоним!

 

Халқим, ўзинг аслида буюк,

Ўзбек номин тарихга битган.

Авлодларинг билимда етук,

Аждодларинг йўлини тутган.

Тонг отмоқда заррин, нашъали,

Янграмоқда ёқимли бир сас.

Нун сочмоқда ақл машъали,

Эшик қоқар янги Ренессанс.

Халқим ўзинг - шавкатим, шоним,

Бахт-иқболим, Ўзбекистоним!

 

Дилда борин изҳор этолган

Она тилим, оҳ, она тилим.

Ҳар тилими дил ўртаёлган

Шевалари тотли, бежирим.

Қошғарийнинг девони бўлиб,

Нур таратган осмоним ўзинг.

Навоийнинг достони бўлиб,

Яшнаётган бўстоним ўзинг.

Мадҳим, олқиш, табрик, саломим

Сенга бўлсин, Ўзбекистоним!

Анорбой ОЛИМОВ.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.