Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримов 11 март куни Наманган вилояти сайловчилари билан учрашди.

Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 6-Наманган округ сайлов комиссияси раиси Ғ.Ортиқов очди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом   Каримов ўзининг сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Дастурда мамлакатимизни модернизация қилиш ва демократлаштириш, иқтисодий-ижтимоий соҳани либераллаштириш жараёнларини изчил давом эттиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилган. Жумладан, иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва рақобатбардошлигини ошириш, хусусий мулк ва тадбиркорлик учун янада кенг йўл очиб бериш, давлатнинг иқтисодиётдаги улушини қайта кўриб чиқиш, экин майдонларининг ҳосилдорлигини ошириш, қишлоқ хўжалигига янги агротехнологияларни жорий этиш, фермерлик ҳаракатини, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳасини қўллаб-қувватлаш, маҳаллийлаштириш дастурларини кенгайтириш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби муҳим йўналишлар қамраб олинган.

Наманган вилоятида иқтисодиётнинг турли соҳалари, жумладан, енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш жадал ривожланмоқда. Пойабзал, эркаклар, аёллар ва болалар кийимлари тайёрлашда катта ютуқларга эришилмоқда. “Истиқлол дизайн маркази”, “Ифтихор кийим саноат” каби корхоналарда тикилган замонавий ва импорт ўрнини босувчи костюмлар ички ва ташқи бозорлардан муносиб ўрин олаётгани диққатга сазовордир.

Вилоят корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг экспорт географияси кенгайиб, бугунги кунда етмишга яқин мамлакатга маҳсулот етказиб берилмоқда. Вилоятда ёшларни комил инсонлар этиб тарбиялаш, аҳоли турмуш даражасини янада юксалтириш, қишлоққа саноат ва сервисни олиб кириш борасида, маданий-маърифий соҳаларда кенг кўламли ишлар амалга оширил-моқда.

Наманган давлат университети профессори Т.Файзуллаев, бокс бўйича Ўзбекистон чемпиони Ғ.Қўчқоров ва бошқалар мустақиллигимизни, ижтимоий ва сиёсий барқарорликни мустаҳкамлаш, иқтисодиётни ривожлантириш борасида амалга оширилган улкан ишлар самарасида мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи, халқимиз фаровонлиги юксалиб бораётганини таъкидлади. Ўзбекистон Президенти сайловига тайёргарлик, уни ўтказиш билан боғлиқ жараёнлар очиқлик-ошкоралик ва кўппартиявийлик каби демократик тамойилларга тўла мос ўтказилаётганини қайд этди.

ЎзА

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.