Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят бўлими раҳбари Зафаржон Худойбердиев билан бугунги суҳбатимиз мавзуси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссиялари иш фаолиятини ташкил этиш масалаларига бағишланади.

-Аввало, участка сайлов комиссияси ишининг ташкилий шакли ҳақида сўз юритсак.

Жавоб: Участка сайлов комиссияси ишининг ташкилий шакли унинг заруратга қараб ўтказиладиган мажлиси ҳисобланади.

Участка сайлов комиссияси ўз фаолиятини очиқ ва ошкора амалга оширади. Комиссия мажлисларида юқори турувчи комиссия аъзолари, рўйхатга олинган номзодлар, номзодларнинг ишончли вакиллари, сиёсий партиялар вакиллари, аккредитациядан ўтган маҳаллий ва хорижий кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишга ҳақли.

Мажлисларга маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари вакиллари ва бошқалар таклиф этилиши мумкин.

Мажлис комиссия аъзолари таркибининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлганида ваколатли ҳисобланади.

Комиссия мажлиси раиснинг ташаббусига кўра ёки комиссия аъзолари умумий таркибининг камида учдан бир қисми талабига биноан чақирилиши мумкин.

Комиссиянинг барча қарорлари комиссия аъзолари умумий сонининг оддий кўпчилиги томонидан очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган ҳолларда раиснинг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Мажлисда кун тартиби, иштирок этган комиссия аъзоларининг исми, фамилияси, отасининг исми, кўрилган ҳар бир масала бўйича овоз бериш натижалари, қабул қилинган қарор акс этган баённома юритилади.

Баённомага мажлисда қабул қилинган қарор, хулоса ва бошқа ҳужжатлар, шунингдек комиссия аъзоларининг у ёки бу масала юзасидан алоҳида фикрлари илова қилинади.

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек ҳар бир сайлов участкасида сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан биттадан кузатувчи, матбуот, телевидение ва радио вакиллари, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эгадирлар.

Уларнинг ваколатлари тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак.

-Участка сайлов комиссияларининг ваколатлари нималардан иборат?

Жавоб: Участка сайлов комиссиялари:

 - участка бўйича сайловчиларнинг рўйхатини тузади;

 - сайловчиларни сайловчилар рўйхати билан таништиради, рўйхатдаги ноаниқликлар ҳақидаги аризаларни қабул қилади ва кўриб чиқади ҳамда уларга тегишли ўзгартишлар киритиш масаласини ҳал қилади;

- сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш ва овоз беришда қатнашиш имконияти бўлмаган сайловчилардан сайлов конвертларини қабул қилади;

- сайлов ўтказиладиган кун ва овоз бериладиган жой ҳақида аҳолини хабардор қилади;

- овоз бериладиган бинолар ва сайлов қутилари тайёрлаб қўйилишини таъминлайди;

- сайлов куни сайлов участкасида овоз беришни ташкил этади;

- сайлов участкасида берилган овозларни ҳисоблаб чиқади;

- сайловга тайёргарлик кўриш ва овоз беришни уюштириш масалаларига доир ариза ва шикоятларни кўриб чиқиб, улар юзасидан қарорлар қабул қилади;

 "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Давлат ва жамоат идоралари, сиёсий партиялар органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар сайлов комиссияларининг ўз ваколатларини амалга оширишларига кўмаклашишга, уларнинг иши учун зарур маълумот ва материалларни тақдим этишга мажбурдир.

Участка сайлов комиссиялари сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан давлат ва жамоат органларига, сиёсий партияларнинг идоралари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахсларга мурожаат этиш ҳуқуқига эга. Улар эса мурожаатни кўриб чиқиб, 3 кун ичида комиссияга жавоб қайтаришга мажбурдир.

Комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари барча давлат ва жамоат идоралари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ижро этиши учун мажбурий ҳисобланади.

Участка сайлов комиссиялари Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган муҳрларга эга бўлади.

-Участка сайлов комиссиялари ишини режалаштириш тартиби қандай?

Жавоб: Участка сайлов комиссиясининг иши "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури"га мувофиқ режалаштирилади.

Участка сайлов комиссияси:

- аҳолини сайлов комиссиясининг жойлашган манзили, телефон рақами, иш вақти, овоз бериш куни, вақти ва жойи ҳақида хабардор қилиши;

- сайловчиларни қабул қилишни ташкил этиши;

- комиссия аъзолари ўртасида вазифаларни тақсимлаши;

- участка сайлов комиссияси биноси ҳамда овоз бериш хонасини жиҳозлаши;

- туман ва шаҳар ҳокимликларидан сайловчилар тўғрисида маълумотларни талаб қилиб олиши, унга аниқлик киритиши, сайловчилар рўйхатини тузиши ва ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этиши;

- округ сайлов комиссиясидан далолатномалар асосида сайлов варақалари ва сайлов бюллетенларини қабул қилиб олиши;

- сайлов варақалари ва бюллетенларини 2 нафар комиссия аъзоси имзоси ва комиссия муҳри билан тасдиқлаши ҳамда уларнинг сақланишини таъминлаш билан боғлиқ тадбирларни режалаштириши зарур.

-Энди участка сайлов комиссиясининг ваколатларидан бири бўлган - сайловчиларнинг рўйхатини тузиш ҳақида фикр юритсангиз?

Жавоб: Сайловчилар рўйхатини ҳар бир сайлов участкасида участка сайлов комиссияси тузади ҳамда унинг раиси ва котиби имзолайди.

Участка сайлов комиссияси жамоатчилик вакилларини рўйхат тузиш ишида қатнашишга жалб этиши мумкин.

Туман ва шаҳар ҳокимликлари сайловчилар ҳисобга олинишини таъминлайдилар ва участка сайлов комиссияларига тегишли ҳудудда яшайдиган сайловчилар тўғрисида сайловчиларнинг рўйхатини тузиш учун зарур маълумотларни беради.

Ҳарбий қисмлардаги ҳарбий хизматчи - сайловчиларнинг, шунингдек ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий қисмлар жойлашган туманларда яшовчи оила аъзолари ва бошқа сайловчиларнинг рўйхати ҳарбий қисмларнинг командирлари тақдим этадиган маълумотлар асосида тузилади.

Ҳарбий қисмлардан ташқарида яшовчи ҳарбий хизматчилар истиқомат жойидаги сайловчиларнинг рўйхатига умумий асосларда киритилади.

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида, санаторийлар ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш жойларида тузилган сайлов участкалари бўйича сайловчиларнинг рўйхати мазкур муассасалар (идоралар) раҳбарлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида тузилади.

Сайловчиларнинг фамилиялари cайловчилар рўйхатларида овоз беришни ташкил этиш учун қулай бўлган тартибда кўрсатилади.

Сайлов кунига қадар ёки сайлов куни 18 ёшга тўлган, рўйхат тузилаётган вақтда муайян сайлов участкаси ҳудудида доимий ва вақтинчалик истиқомат қилаётган Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари сайловчилар рўйхатига киритилади.

Ҳар бир сайловчи фақат битта сайловчилар рўйхатига киритилиши мумкин.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, шунингдек суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган фуқаролар сайловчилар рўйхатига киритилиши мумкин эмас.

Сайловчиларнинг рўйхатлари сайловдан ўн беш кун олдин, Ўзбекис-тон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида, санаторийлар ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган жойларда, қамоқда сақлаш жойларида тузилган сайлов участкаларида эса сайловдан икки кун олдин ҳамманинг танишиб чиқиши учун тақдим этилади.

Участка сайлов комиссияси рўйхат билан қаерда ва қачон танишиш мумкинлиги ҳақида сайловчиларга хабар беради.

Фуқароларга участка сайлов комиссиясининг биносида сайловчилар рўйхати билан танишиш ва унинг тўғри тузилганлигини текшириш имкони таъминланади.

Ҳар бир фуқарога рўйхатга киритилмаганлик, нотўғри киритилганлик ёки рўйхатдан чиқарилганлик юзасидан, шунингдек рўйхатда сайловчи тўғрисидаги маълумотларни кўрсатишда ноаниқликка йўл қўйилганлиги хусусида шикоят қилиш ҳуқуқи берилади.

Ушбу масалага доир ариза участка сайлов комиссияси томонидан кўриб чиқилади, аризани участка сайлов комиссияси кечи билан икки кунлик муддат ичида, сайлов арафасида ва сайлов куни эса дарҳол кўриб чиқиб, рўйхатга зарур тузатишлар киритиши ёки аризачига унинг талаби инобатга олинмаганлиги тўғрисидаги асослантирилган қарорнинг бир нусхасини бериши шарт.

-Муштарийларни сайлов бюллетени ҳақидаги маълумотлар ҳам қизиқтиради. Шу ҳақда тўхталсангиз?

 Жавоб: -Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига доир сайлов бюллетенининг шакли ва матни Марказий сайлов комиссия-си томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар сайлов бюллетенига фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили, эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури) ва иш жойи кўрсатилган ҳолда алифбо тартибида киритилади.

Сайлов бюллетенида уни тўлдириш тартиби тўғрисидаги тушунтириш бўлиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг фармойишига биноан сайлов бюллетенлари сайловга камида йигирма кун қолганида давлат тилида нашр этилади.

Округ сайлов комиссиясининг қарорига биноан сайлов бюллетенлари сайлов округининг кўпчилик аҳолиси сўзлашадиган тилларда ҳам нашр этилиши мумкин.

Участка сайлов комиссиялари сайлов бюллетенларини сайловга камида уч кун қолганида округ сайлов комиссияларидан оладилар. Берилган ва олинган сайлов бюллетенларининг сонини тегишли округ ва участка сайлов комиссияларининг раиси ёки раис ўринбосари ёхуд котиби ўз имзоси билан тасдиқлайди.

Участка сайлов комиссияси оладиган сайлов бюллетенларининг сони сайлов участкаси бўйича сайловчиларнинг рўйхатларига киритилган сайловчилар сонидан ярим фоиздан кўп бўлиши мумкин эмас.

Сайлов бюллетенининг ўнг томони юқори бурчагига участка сайлов комиссиясининг икки аъзоси имзо қўяди, имзолар участка сайлов комиссиясининг муҳри билан тасдиқланади.

Комиссия томонидан тасдиқланмаган сайлов бюллетенлари овозларни санаб чиқишда ҳисобга олинмайди.

Сайлов бюллетенларининг сақланиши бўйича участка сайлов комиссиялари масъулдир.

Ички ишлар органлари сайлов бюллетенлари олинган кундан бошлаб бюллетенлар ҳамда сайлов ва уни ўтказиш билан боғлиқ бошқа ҳужжатлар сақланадиган бинонинг қўриқланишини таъминлайди.

-Комиссия ўз ваколатлари доирасида сайлов кампания-си давомида унга келиб тушган сайлов қонунчилигининг бузилишига оид мурожаатларни қай тартибда кўриб чиқади?

Жавоб: -Комиссиябундай мурожаатлар бўйича текширувлар ўтказишга ва натижалар юзасидан беш кунлик муддатда, аммо сайлов куни арафасидан кечиктирмасдан, сайлов кунида келиб тушган мурожаатлар бўйича эса – дарҳол жавоб беришга мажбур.

Агар мурожаатларда баён этилган ҳолатлар қўшимча текширув ўтказишни талаб қилса, улар бўйича қарорлар ўн кунлик муддатдан кечиктирилмасдан қабул қилинади.

Мурожаатлар алоҳида китобда рўйхатга олинади. Комиссия раиси мурожаатни кўриб чиқиш ва у бўйича қарор қабул қилиш учун қонунда белгиланган муддатда комиссия мажлисини чақиради.

Мажлисга мурожаат қилувчилар ва манфаатдор тарафлар таклиф қилиниши мумкин.

Комиссия қарорининг нусхалари мурожаат қилган ва манфаатдор тарафларга берилади, шикоятлар ва улар бўйича қабул қилинган қарорлар овозларни санаб чиқиш натижалари тўғрисидаги баённомага илова қилинади ҳамда юқори турувчи комиссияга юборилади.

-Маълумки, сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган.

Жавоб: -Албатта, сайловни ўтказишнинг қонунда назарда тутилган қоидалари ҳамда тартибини бузувчи шахслар, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлаш ва Президентликка сайланиш, сайловолди ташвиқоти олиб бориш ҳуқуқларини эркин равишда амалга оширишига зўравонлик, алдаш, таҳдид қилиш ёки бошқа йўл билан қаршилик кўрсатувчи шахслар, шунингдек сохта сайлов ҳужжатлари тузган, овозларни атайин нотўғри санаб чиққан, овоз бериш яширинлигини бузган ёки қонуннинг бошқача тарзда бузилишига йўл қўйган сайлов комиссияларининг аъзолари, давлат ва жамоат органларининг мансабдор шахслари қонунда белгиланган йўсинда жавобгар бўлади.

Номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган сохта маълумотларни эълон қилган ёки бошқа йўсинда тарқатган, сайлов комиссиялари аъзоларига нисбатан ҳақоратомуз муносабатга йўл қўйган шахслар ҳам жавобгарликка тортиладилар.

Овоз бериш кунига қадар қолган беш кун ичида, шунингдек овоз бериш куни жамоат фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини ва ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни нашр этиш (эълон қилиш), шунингдек уларни умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқларига (шу жумладан, Интернет тармоғига) жойлаштириш тақиқланади.

Участка сайлов комиссияларининг ҳужжатлари, муҳр-лари ва овоз бериш қутиларини сақлаш муҳим аҳамиятга эга. Шу ҳақда ҳам тўхталиб ўтсангиз?

Жавоб: -Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатлар Марказий сайлов комиссиясининг 2007 йил 28 декабрдаги 368-сонли қарори билан тасдиқланган тегишли йўриқномага мувофиқ сақлаш учун тайёрланади ҳамда топширилади.

Овозларни санаб чиқиш натижалари тўғрисидаги баённоманинг биринчи нусхаси тегишли округ сайлов комиссиясига тақдим этилади.

Сайлов бюллетенлари, сайлов варақалари, сайловчилар рўйхатлари, участка сайлов комиссиясининг баённомалари, комиссиянинг молиявий ҳисоботлари, овоз бериш натижалари тўғрисидаги баённоманинг иккинчи нусхалари, кузатувчилар рўйхатлари, фуқароларнинг ариза, шикоятлари ва улар юзасидан қарорлар, комиссия аъзоларининг алоҳида фикрлари, сайлов участкасининг харитаси ва бошқа ҳужжатлар комиссиянинг ваколат муддати тугагач далолатнома бўйича туман ва шаҳар ҳокимликларига сақлаш учун топширилади.

Участка сайлов комиссияси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг якунлари чиқарилганидан сўнг тўхтатади.

А.Олимов, М.Акрамов суҳбатлашди.

 

 

А.Олимов ва М.Акрамов суҳбатлашди.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.