Ўзбекистон мустақилликка эришган кундан бошлаб фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантириш мамлакатда амалга оширилаётган ўзгаришларнинг асосий вазифаларидан бири бўлиб келмоқда. Фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантириш – амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар муваффақиятининг муҳим омилларидан бири.

Мустақиллик даврида нодавлат ташкилотлар фаолиятини ташкил этиш, қўллаб-қувватлаш ва давлат органлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган қатор қонунлар, фармон ва қарорлар қабул қилинди ва давлат томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлар тизимини шакллантириш ва ривожлантиришга барча шарт-шароитлар яратиб берилди.

«Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддасига кўра, ижтимоий шериклик давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, шу жумладан, тармоқ, ҳудудий дастурларни, шунингдек норматив-ҳуқуқий, ҳужжатларни ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган бошқа қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш борасидаги ҳамкорлигидир.

Шу аснода мазкур қонуннинг қабул қилиниши нодавлат нотижорат ташкилотларининг жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ва норма ижодкорлиги соҳаларидаги эгаллаган ўрнини ошишига хизмат қилмоқда.

Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиши ҳуқуқи белгиланган.

Шу билан бирга мазкур Қонуннинг 23-моддасига кўра: нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўз уставларига мувофиқ ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда ўз аъзолари ва иштирокчиларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш;

фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор масалалар юзасидан давлат органларининг қарорларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

ижтимоий шериклик масалалари бўйича маслаҳатлашувлар ва музокаралар ўтказиш ҳақида ташаббуслар билан чиқиш, битимлар ва шартномалар тузиш тўғрисида таклифлар киритиш, битимлар ва шартномаларнинг лойиҳаларини тайёрлаш ҳамда муҳокама қилишда иштирок этиш;

ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ва норматив – ҳуқуқий ҳужжатлар, битимлар ҳамда шартномалар, шунингдек бошқа қўшма ҳужжатларнинг амалга оширилиши устидан жамоатчилик назоратини ўтказиш каби ҳуқуқлари аниқ белгилаб берилди.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда нодавлат-нотижорат ташкилотларнинг иштирокини таъминлаш мақсадида вилоятда фаолият кўрсатаётган нодавлат-нотижорат ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, 2014 йил давомида адлия бошқармаси томонидан мазкур масала юзасидан вилоятдаги нодавлат-нотижорат ташкилотлари билан 5 та, 2015 йилда 8 та қўшма меморандумлар имзоланди.

Мисол қилиб айтсак, жорий йилда Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси билан имзоланган вилоятда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъект-ларини ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга қаратилган қўшма чора-тадбирлар режасига мувофиқ жорий йилнинг 1-ярим йиллиги давомида туман (шаҳар) ҳокимликларининг тадбиркорликка оид қабул қилинган қарорлари қонунийлиги ўрганиб чиқилди.

Шунингдек, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси вилоят ҳудудий бирлашмаси билан имзоланган «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қонун ҳужжатларини тарғиб қилиш бўйича» чора-тадбирлар режасига мувофиқ жойларда бир қатор тарғибот ишлари амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги 57-сонди қарори билан тасдиқланган «Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низоми қабул қилиниши мамлакатимизда фуқаролик жамиятини барпо этишга давлат томонидан жуда катта эътибор кўрсатилаётганлигидан далолат беради. Бу билан нодавлат нотижорат ташкилотларнинг рўйхатдан ўтиш жараёни тубдан соддалашди.

Бундан ташқари, 2015 йил 4 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг буйруғи билан тасдиқланган «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тадбирларини келишиш тартиби тўғрисида»ги Низоми мамлакатимизда фуқаролик жамиятини шакллантириш ва демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнида муҳим аҳамиятга эга. Низом фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг очиқ-ошкоралигини таъминлашда мазкур институтлар ролини кучайтириш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишга доир дастурларни ҳаётга татбиқ этиш, ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, аҳоли турли қатламларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлиги бўйича ташкилий-ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиришга қаратилган.

Шунингдек, 2015 йил 4 июнь куни Адлия вазирининг «Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан адлия органларига тақдим этиладиган ҳисобот шаклларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 178-мҳ-сонли буйруғи билан нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолияти тўғрисидаги, нодавлат-нотижорат ташкилоти ҳудудий бўлинмасининг фаолияти тўғрисидаги ҳамда халқаро ва хорижий нодавлат нотижорат ташкилоти ваколатхонасининг филиалининг фаолияти тўғрисида ҳисобот шакллари тасдиқланди. Илгари ишлаб чиқилган ҳисобот шакли 42 банддан иборат бўлган бўлса, янги ҳисобот шакли соддалаштирилиб, 35 бандни ташкил этди, кичик бандлар эса деярли 30 фоизга қисқартирилди.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу қабул қилинган қонун ҳужжатлари ННТларнинг ҳуқуқий мақоми, роли ва аҳамиятини кучайтиришга қаратилган. Бундан кўзланган мақсад, уларнинг янада самарали фаолият олиб боришларини таъминлашдан иборат.

Дилмурод Исмаилов, вилоят адлия бошқармаси Жамоат, нодавлат нотижорат ва диний ташкилотлар бўлими бошлиғи.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.