Савол: Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар кўрсатиш қандай амалга оширилади?

 -Бу босқич фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш учун фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) қарори билан тузилган ишчи гуруҳлар томонидан амалга оширилади. Бунинг учун шаҳарчаларда, қишлоқларда, овулларда, шунингдек шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ва овуллардаги маҳаллаларда доимий равишда якка тартибда ва кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи сайлов ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг фикр ва мулоҳазалари ўрганиб чиқилади.

Ишчи гуруҳ маълум бир ҳудуддаги аҳолининг фикрини ўрганиб чиққанидан сўнг, ўз ваколатлари доирасида фуқаролар фуқаролар раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодларга доир ҳужжатларни тайёрлайди.

Ишчи гуруҳ томонидан тайёрланган фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодларга доир ҳужжатларга номзоднинг фотосурати, фамилияси, исми-шарифи, у қачондан буён охирги иш жойида фаолият кўрсатиб келаётганлиги, туғилган йили ва жойи, доимий яшаш манзили, ҳарбий хизматга алоқаси, миллати, фуқаролиги, партиявийлиги, маълумоти, маълумоти бўйича мутахассислиги, илмий даражаси, илмий унвони, қайси чет тилларини билиши, давлат мукофотлари билан тақдирланганлиги, халқ депутатлари республика, вилоят, шаҳар ва туман Кенгаши депутати ёки бош-қа сайланадиган органларнинг аъзоси эканлиги, судланган ёки судланмаганлиги ҳақидаги маълумотлар бўлади. Шунингдек ишчи гуруҳ томонидан тайёрланган ҳужжатларда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодларга доир бошқа ҳужжатлар ҳам бўлиши мумкин.

Ишчи гуруҳ томонидан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодларга доир барча зарур ҳужжатлар тайёрлангандан сўнг, ушбу ҳужжатлар туман ёки шаҳар ҳокими билан келишиш учун фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи туман (шаҳар) комиссиясига сайловдан камида 10 кун олдин тақдим этилади.

Ҳужжатларга фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодларнинг ўз номзоди кўрсатилишига ёзма розилиги илова қилинади.

Ўзбек тилининг изоҳли луғатига аҳамият бериладиган бўлса, “келишмоқ” сўзининг луғавий маъноси “ўзаро маслаҳатлашиб маълум бир фикрга (хулоса, битим ёки қарорга) келмоқ”, деб таърифланади.

Туман ёки шаҳар ҳокими фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллари) лавозимига тақдим этилган номзодларнинг ҳужжатларини қўриб чиқади ва ўзининг ушбу номзодлар бўйича асослантирилган хулосаларини тегишли комиссияларга юборади. Бунда хулосалар ёзма равишда берилади.

Ишчи гуруҳ туман ёки шаҳар ҳокимининг хулосасини олганидан сўнг фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига келишилган номзодлар ҳақидаги ахборотни сайловдан камида 5 кун олдин фуқаролар йиғини биносига ва гузарларга осиб қўяди.

 

Савол: Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) маслаҳатчилари лавозимларига номзодлар кўрсатиш қандай амалга оширилади?

-Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) маслаҳатчилари лавозимига номзодлар кўрсатиш сайлов жараёнининг муҳим босқичи ҳисобланади. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) маслаҳатчилари таркиби тўғридан-тўғри, бевосита фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан муқобиллик асосида сайланади.

Маслаҳатчилар, албатта, тегишли фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ҳудудида яшаши ва доимий рўйхатдан ўтган бўлиши шарт.

Шу билан бирга, ишчи гуруҳ томонидан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) маслаҳатчиси лавозимига номзодларни шакллантиришда алоҳида эътибор Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунининг 18-моддасида белгиланган талабнинг таъминланишига ҳам қаратилиши керак. Унга кўра, фуқаролар йиғини фао-лиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссияларга раҳбарлик, қоида тариқасида, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари томонидан амалга оширилади.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) маслаҳатчиси лавозимига сайланувчи ҳар бир номзод фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан синчковлик билан ўрганилган ҳолда сайланиши керак.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) маслаҳатчилари лавозимларига номзодлар тегишли ҳудудда доимий яшайдиган фуқароларнинг фикрлари инобатга олинган ҳолда ишчи гу- руҳ томонидан кўрсатилади ва мазкур кўрсатилган номзодларни фуқаролар йиғинида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) эълон қилиниб, улар белгиланган тартибда овозга қўйилади.

Маслаҳатчилар лавозимига номзодлар сайловида очиқ ёки яширин тарзда овоз бериш шаклини белгилаш мумкин.

Маслаҳатчилар сайлови учун овоз бериш сайлов куни фуқаролар йиғини (оқсоқоли) сайлангандан сўнг амалга оширилади.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) маслаҳатчилари лавозимига номзодлар кўрсатишнинг бу тартиби уни сайлаб қўйган аҳоли (вакиллар) олдида ҳисобот бериш юзасидан масъулиятини янада оширади.

 

Зафар ХУДОЙБЕРДИЕВ, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари)  ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси аъзоси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.