Ўзбекистон мустақилликка эришган кундан бошлаб фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантириш мамлакатда амалга оширилаётган ўзгаришларнинг асосий вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда. Фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантириш-амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар муваффақиятининг муҳим омилларидан биридир.

Мустақиллик даврида нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини ташкил этиш, қўллаб-қувватлаш ва давлат органлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган катор Қонунлар, Фармон ва қарорлар қабул қилинди ва давлат томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлар тизимини шакллантириш ва ривожлантиришга барча шарт-шароитлар яратиб берилди.

Фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияда белгилаб қўйилган ва бу фаолият «Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонунлар билан тартибга солинган. Шу билан бирга, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш ва тартибга солувчи бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинган. Улар қаторида Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Жамоат фондлари тўғрисида»ги ва бошқа бир қатор қонунларни таъкидлаб ўтиш ўринлидир.

«Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 3-моддасига кўра ижтимоий шериклик давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа инс-титутлари билан мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, шу жумладан, тармоқ, ҳудудий дастурларни, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган бошқа қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш борасидаги ҳамкорлигидир.

Шу аснода мазкур қонун қабул қилиниши нодавлат нотижорат ташкилотларининг жамиятимизнинг ижтимоий сиёсий ва норма ижодкорлиги соҳаларидаги эгаллаган ўрнини ошишига хизмат қилмоқда.

Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиши ҳуқуқи белгиланган.

Шу билан бирга мазкур Қонуннинг 23-моддасига кўра нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўз уставларига мувофиқ ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дас-турлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда ўз аъзолари ва иштирокчиларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш; фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор масалалар юзасидан давлат органларининг қарорларини ишлаб чиқишда иштирок этиш; ижтимоий шериклик масалалари бўйича маслаҳатлашувлар ва музокаралар ўтказиш ҳақида ташаббуслар билан чиқиш, битимлар ва шартномалар тузиш тўғрисида таклифлар киритиш, битимлар ва шартномаларнинг лойиҳаларини тайёрлаш ҳамда муҳокама қилишда иштирок этиш; ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ва норматив ҳуқуқий ҳужжатлар, битимлар ҳамда шартномалар, шунингдек, бошқа қўшма ҳужжатларнинг амалга оширилиши устидан жамоатчилик назоратини ўтказиш каби ҳуқуқлари аниқ белгилаб берилди.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг рўйхатга олишни янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 март кунги 57-сонли қарори билан тасдиқланган «Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низоми» қабул қилиниши мамлакатимизда фуқаролик жамиятини барпо этишда давлат томонидан жуда катта эътибор берилаётганидан далолат беради. Низом нодавлат нотижорат ташкилотларни, шу жумладан, уларнинг юридик шахслар ҳисобланадиган алоҳида бўлинмаларини (ваколатхоналари ва филиалларини), шунингдек, халқаро ва хорижий ННТнинг ваколатхоналари ва филиалларини, айни бир вақтда уларни давлат солиқ органларида ва давлат статистика органларида ҳисобга қўйган ҳолда, давлат рўйхатидан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш, юридик шахслар бўлмаган алоҳида бўлинмаларни ҳисобга қўйиш тартибини белгилайди. Бундан ташқари, мазкур қарор асосида ННТни давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатлар бўйича аризалари кўриб чиқмасдан қолдириш тўғрисида қарор қабул қилиш институти чиқариб ташланди ҳамда «Бир дарча» тамойилининг элементлари жорий этилди.

Давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда рўйхатдан ўтказувчи орган ННТга Давлат солиқ қўмитасининг ва Давлат статистика қўмитасининг аниқ вақт режимида Интернет тармоғидаги тегишли идоравий сайтлардан фойдаланган ҳолда олинган СТИР ва КТУТ кодларини бериш тартиби белгиланди. Шунингдек, ННТларнинг юридик шахс мақомига эга бўлган алоҳида бўлинмаларнинг давлат реестри, юридик шахс мақомига эга бўлмаган алоҳида бўлинмаларнинг реестри  жорий этилди, ННТларни қайта рўйхатдан ўтказиш тартиби соддалаштирилди, ННТ алоҳида бўлинмаларини ҳисобга қўйиш тартиби аниқ белгилаб берилди.

Бундан ташқари, 2015 йил 4 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг буйруғи билан тасдиқланган «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тадбирларини келишиш тартиби тўғрисида»ги Низом мамлакатимизда фуқаролик жамиятини шакллантириш ва демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнида муҳим аҳамиятга эга. Низом фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг очиқ-ошкоралигини таъминлашда мазкур институтлар ролини кучайтириш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир дастурларни ҳаётга татбиқ этиш, ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, аҳоли турли қатламларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бош-қа институтларининг давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлиги бўйича ташкилий-ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиришга қаратилган.

Шунингдек, 2015 йил 4 июнь куни Адлия вазирининг «Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан адлия органларига тақдим этиладиган ҳисобот шаклларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 178-мҳ-сонли буйруғи билан нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолияти тўғрисидаги, нодавлат нотижорат ташкилоти ҳудудий бўлинмасининг фаолияти тўғрисидаги, ҳамда халқаро ва хорижий нодавлат нотижорат ташкилоти ваколатхонасининг филиалининг фаолияти тўғрисида ҳисобот шакллари тасдиқланди.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу қабул қилинган қонун ҳужжатлари ННТларнинг ҳуқуқий мақоми, роли ва аҳамиятини кучайтиришга қаратилгандир. Бундан кўзланган мақсад, уларнинг янада самарали фаолият олиб боришларини таъминлашдан иборат.

 Дилмурод Исмаилов, вилоят адлия бошқармаси Жамоат, нодавлат

нотижорат ва диний ташкилотлар бўлими бошлиғи,

Р.Яҳёхўжаев,Ўзбекистон Республикаси, Адлия Вазирлиги ҳузуридаги

юристлар малакасини ошириш маркази тингловчиси.

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.