Бу ёруғ оламни, инсониятни яралишида аёлнинг қўшган ҳиссасини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Аёл она бўлиш билан бирга, ер юзида ҳам дунёвий, ҳам диний илм-маърифатнинг кенг ёйилишида муносиб ўринга эга. Бунга кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин. Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг бўлим бошлиғи, фиқҳ ва ақида борасида кўплаб рисола, мақола, китоблар муаллифи, имом хатиблар ва олимларнинг севимли устози Муҳаммадаюб Ҳомидов билан шу хусусда суҳбатлашдик ва ҳамшаҳримиздан буюк бобомиз Алоуддин Абу Бакр ибн Аҳмад Ал-Косонийнинг умр йўлдошлари - Фотимаи Самарқандия ҳақида сўзлаб беришларини илтимос қилдик.

-Дарҳақиқат, ер юзида ҳам дунёвий, ҳам диний илм-маърифатни бизгача етиб келишида аёлнинг ўрни беқиёс. Шу ўринда Ислом тарихига назар солсак, унинг энг олисларигача диққат ва эътибор билан мулоҳаза қилсак, илм-маърифат ҳамда тараққиётда аёл олималарнинг ҳам ўрни беқиёс бўлганини кўрамиз.

Тарихни ўргансак, мусулмон жамиятларда илғор олима аёллар маслаҳат ва кенгашларда давлат ва жамият бошқарувида ҳам ҳиссалари бўлганини, улар стратегик режалар муҳокамасида ҳам фаол иштирокчилар эканлигини кўришимиз мумкин. Фотимаи Самарқандия раҳматуллоҳи алайҳо ана шундай аёллардан бири эди.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан беш аср ўтиб, диёримизнинг илму тараққиётида бешик бўлган, Самарқандда энг машҳур олимлардан бири Абу Бакр Алоуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳи оиласида Фотима исмли қизалоқ дунёга келди.

Алоуддин Самарқандий қизининг тарбиясига алоҳида эътибор қаратгани тарихдан маълум. Муаррих уламоларнинг зикр қилишларича,  Фотима фиқҳ, қуръон, шунингдек, ҳадисларни яхши ўзлаштириш билан бирга, замонасининг барча илмий соҳаларидан хабардор олима эди. Отаси таълиф қилган "Туҳфатул фуқаҳо" фиқҳий асарини ёддан биларди. Абдулҳай Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг "Ал-Фавоидул Баҳийя" номли китобларида Фотимаи Самарқандияни таърифлаб: "Фотима аллома фақиҳа зот бўлган. Фиқҳни отасидан ўрганган, унинг "Туҳфа"сини ёддан билган!" деган. Шу билан бирга, Фотима хаттотлик соҳасида ҳам замонасининг етукларидан эди. Унинг хати бошқаларникидан ажралиб турар, хаттотлар Фотиманинг хатини танир, унга юксак баҳо беришарди. Ҳанафий фиқҳининг ривожланишига катта таъсир кўрсатган отасининг деярли энг пешқадам шогирди бўлган. Алоуддин Самарқандийнинг фатволарида қи-зининг ҳам имзоси қўйилган. Фотима ҳар бир фатво остига ўзининг ўта гўзал хати билан таълиқ ёзар ва муҳрини босарди. Самарқанддан бирорта фатво ота ва қизнинг муҳрисиз чиқмас эди. Кейинроқ отаси ва турмуш ўртоғининг фатволарини тўғрилаб ҳам турганлиги алоҳида келтирилган.

Алоуддин Самарқандийнинг қизи Фотимага жуда ҳам кўп совчилар бўлган. Ҳатто давлат раҳбарлари, шаҳзодалар, зодагонлар ҳам талабгор бўлишган. Лекин отаси барча талабгорларга қатъиян рад жавобини бераверган. Оила қуришни истаганлардан, ягона, таклифи қабул қилинган инсон - ўзининг энг иқтидорли шогирдларидан бири, Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд Косоний раҳматуллоҳи алайҳи бўлди. Косоний ўзининг устози Муҳаммад Самарқандийнинг "Туҳфатул фуқаҳо" асарига "Бадоиъ ас-Саноиъ фии тартибиш Шароиъ" деб номланган шарҳ ёзган бўлиб, ушбу шарҳ нафақат ислом оламида, балки инсоният тарихидаги энг улкан илмий ишлардан бири ҳисобланади. Косонийнинг ушбу шарҳи Фотимаи Самарқан-дияга муносиб турмуш ўртоғи бўлишида асос ҳамда келинга маҳр совғаси бўлган. Шундан кейин одамлар орасида: "Туҳфа"сини шарҳлаганди, қизини никоҳлаб берди", деган гап латиф ҳазилга айланди. Ҳозиргача ушбу шарҳ ҳанафий фиқҳининг энг мўътабар манбаларидан бири ҳисобланади, дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги олийгоҳ ва тад-қиқот марказларида ўқитилади, унинг устида тадқиқотлар олиб борилади. Косонийнинг бу асари устида минглаб илмий ишлар, тадқиқотлар қилинган ва ҳозиргача давом этмоқда.

Ибн Адим Ҳалабий номи билан машҳур бўлган тарихчи қуйидагиларни айтади: "Фотимаи Самарқандия мазҳабларнинг қарашларини жуда ажойиб тарзда нақл қиларди. Баъзан эри (Косоний) бирор фатвода иккиланиб қолса, унга тўғрисини кўрсатар ва ўз сўзининг далилларини келтирар, Косоний эса ўша фатвони оларди. Фотимани юксак эҳтиром ила ҳурмат қилар, уни қадрлар ҳамда бу каби улуғ неъматга мушарраф бўлгани учун Аллоҳга ҳамд айтарди!"

Фақиҳларнинг энг олимларидан бўлган имом Косоний мураккаб масалаларда Фотимаи Самарқандияга мунтазам маслаҳат билан мурожаат қилгани, ҳатто айрим масалалар бевосита Фотимаи Самарқандиянинг таҳрири ва фатвоси асосида забт қилингани зикр қилинган. Алоуддин Косоний ва Фотимаи Самар-қандиялар бир муддат Са-марқандда яшадилар. Кейинроқ Фотима хожаси Косоний билан бир қанча шаҳарларга сафар қилади. Бу сафарда Рум шаҳрига ҳам боради. Ке-йин Шомга келиб, Ҳалабда ўрнашиб қолишади. Ўша давр-да Ҳалабнинг одил подшоҳи Нуруддин Маҳмуд Зангийнинг ҳимоясида бўлиб, айюбийлар давлатида илм-маърифат борасида мусулмонларнинг хизматида бўлишади. Ҳалабдаги Умавийлар масжиди мазкур даврдаги илм даргоҳлари ичида энг машҳури ва бутун ислом оламидан талабалар келиб дарс оладиган маърифат маскани бўлган. Косоний ушбу даргоҳда дарс бера бошлайди. Муҳим масалаларда аёли Фотима билан маслаҳат қилиб турган. Ҳаттоки, Дамашқ амири Нуруддин Зангийнинг ўзи ҳам аёллар орқали маслаҳат олиб тургани маълум.

У Фотима ва Косонийни ўзининг шахсий маслаҳатчиси этиб тайинлаган. Фотима нафақат диний ҳуқуқшуносликни яхши билар, балки ўз бошчилиги ва кўрсатмалари асосида ўтказилган жамоат ишларида ҳам муҳим ўрин эгаллаган. Дамашқ амири маслаҳат учун аёл кишига мурожаат этишини уят, деб ҳисобламаган. Тарихчилар бу ажойиб олима аёл ҳаётидан жуда кўплаб бошқа далиллар келтиришган.Фотимаи Самар-қандия вақтга жуда ҳам эътиборли ва ўта аҳамият билан қарар эди. Вақтини режалаб, ибодат, мутолаа, дарс бериш ва китоб ёзишга тақсимлаганди. Ҳатто бу борада фатво ва тадрис учун хизмат қилаётган кибор уламолар сафида турарди. Аллома Ҳофиз Абдулқодир қураший ўзининг "Ал Жавоҳирул Музиа" асарида қуйидагиларни келтиради: "Ҳаловия мадрасасининг фуқаҳоларидан бўлган Довуд ибн Алий айтади: "Фотимаи Самарқандия Рамазон ойидаги фитр садақасини Ҳаловия фуқаҳоларига беришни одатга айлантирди. Ҳаловия Ҳалабдаги мадрасалардан бири бўлиб, Фотима бу мадрасага алоҳида эътибор қилар эди. Рамазонда у қўлидаги икки билагузугини сотиб, пулини талабаларга ажратганди. Бу одат бугунга қадар давом этиб келмоқда!"

Косонийнинг талабалари устозга саволлар билан мурожаат қилишганида, айримларига жавоб берар, баъзисини эса жавобсиз қолдириб, уйига бориб келгандан кейин шарҳлаб берар эди. Кейинроқ маълум бўлишича, Косоний аёли билан маслаҳат қилиб жавоб берган. Суриялик ёзувчи Муҳаммад Ризо Каҳал ўзининг "Аёл маълумоти" китобида Фотимаи Самарқандия фиқҳга доир бир қанча китоблар муаллифи бўлганлигини таъкидлаган. "Аъломун Нисо" китобининг муаллифи Амр ибн Ризо ибн Муҳаммад Роғиб ва "Аддуррул Мансур фии табақоти работил худур" асарининг соҳибаси Зайнаб Фавоз айтади: "Фотимаи Самарқандиянинг бир неча асарлар таълиф қилгани зикр қилиб келтирилган. Афсуски, бизгача етиб келмаган. Улардан бири "Мажмаъул Фавоид лижамъил авоид шарҳу туҳфатил мулук"дир. Унинг таълифотлари фазилатли уламолар орасида машҳур бўлган. Мазкур таълиф этилган асарларидан бизгача етиб келгани ҳақида маълумотлар мавжуд эмас. Ўша даврда атроф жоинбдан, қўшни мамлакатлардан Фотимаи Самарқандиянинг ўзидан таълим олиш учун аёл ва эркаклар Ҳалабга келганлиги ҳам алоҳида таҳсинга лойиқдир.

Имом Косоний бир муддат Ҳалабда яшаганидан кейин, ватани Косонга қайтишга ҳаракат қилади. Султон Зангий Имом Косонийнинг ўз юртига қайтмоқчи бўлаётганини эшитиб қолиб, у зотнинг кетмаслигини илтимос қилади. Ибн Адим ёзади: "Фотима Абу Бакр Косонийни юртларига қайтишга кўндиради. Уларнинг қайтишларини одил султон Нуруддин Зангий билгач, Косонийдан Ҳалабда қолишини, бу ерда Ислом ва мусулмонлар учун илмий хизматлар қилишини сўрайди ва бунинг сабабини тушунтиради. Косоний эса ўзининг жуфти ҳалоли, устозининг қизи Фотиманинг раъйини қайтаргиси келмаслигини айтади. Шунда Султон: "Бунинг ечими осон, аёлингиздан ўзим илтимос қиламан, Ҳалабда қолишга кўндираман", деб Фотима ҳузурига вакил юборади. Султоннинг вакили келиб рисолани Фотимага тақдим этади. Фотима рисолани ўқиб, унинг орқасига Косонийга қарата: "Бегим, фиқҳдан шу қадар узоқлашиб кетдингизми? Аёлингиз ёнига номаҳрамни вакил қилиб юборибсиз-а?!" дея рад жавобини ёзади. Нуруддин Зангий Имом Косонийга қарайди, у зот Зангийга қараб кулимсирайди. Шунда Зангий янада юмшоқлик билан Ҳалабда қолишларини илтимос қилиб, мактуб ёзади ва бир аёлни вакила қилиб юборади. Бу сафар чопар ижобий жавоб билан қайтади. Бу икки зот шу алфозда юксак эҳтиром ила Ҳалабда қолишиб, шу ерда вафот этишади". Фотима бинт Алоуддин Самарқандий роҳимаҳаллоҳ 581 ҳижрий санада Ҳалабда вафот этади. "Иброҳим Халил" масжиди ёнига дафн қилинади. Аллоҳ қабрларини нурга тўлдирсин!

 Имом Косоний завжаларига жуда муҳаббатли ва вафодор бўлганликлари тарихда алоҳида зикр қилинади. Косоний аёлининг қабрини то вафот қилгунича ҳар жума кечаси зиёрат қиларди. Тақдирнинг ажойиблигини қаранг-ки, бу зот ҳам кўп ўтмай, Ҳалабнинг ўзида вафот этдилар ва васиятларига мувофиқ завжалари қабри ёнига дафн қилиндилар. Ибн Адим айтади: "Мен мазкур қубба остидаги икки ошиқнинг қабрини бир неча бор зиёрат қилдим. Аллоҳ уларни жаннатда ҳам бирга қилсин!" Бугунги кунда ҳам Ҳалабда Имом Абу Бакр Косоний ва Фотимаи Самарқандиялар яшаб, илм-маърифат тарқатган уй мавжуддир. Шу ўринда бугунги кундаги ёшларимизга, хусусан, беҳудага никоҳлар бекор қилинаётгани оқибатида  фарзанд-лар тирик етим бўлаётган бир пайтда мазкур аждодларимизнинг ҳаёт тарзлари барчамиз учун жуда ҳам катта намуна ва ибратдир.

Ислом оламида, хусусан, диёримизнинг Ислом тарихига доир зарварақларида ўзининг ҳаё-ибоси, илми, тақвоси, заковати ва бошқа кўплаб беқиёс фазилатлари билан из қолдирган мана шундай оналаримиз бўлишган! Буюк оналарни ва олималарни етиштирган бу диёр яна кўплаб олиму олималарни тақдим қилишга қодирдир. Бунинг учун ўша буюк момолар изидан юриш, уларнинг тутган тутумидан тутиш керак бўлади. Бугунги кундаги оналаримиз, сингилларимиз, қизларимиз ахлоқда ҳақиқий ўрнакни ана шу зотлардан олишлари шарт. Аллоҳ таоло диёримиздан чиққан барча ўтган фузалоларимизни, хусусан, Фотимаи Самарқандияни, у зотнинг оталари Муҳаммад ибн Аҳмад Алоуддин Самарқандийни, Имом Косонийни Фирдавс жаннати билан мукофотласин. Диёримиздан мана шундай алломалар кўплаб етишиб чиқаверсин!

 

Анорбой Олимов суҳбатлашди.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.